[1] Эгамиз Мусога айтди: — Қараб тур, аканг Ҳорунни сенинг ўрнингга гапирадиган қиламан. Сени фиръавн учун Худодай қилиб қўяман. Ҳорун эса сенинг пайғамбаринг бўлиб, гапларингни фиръавнга етказади.
[2] Мен сенга айтган ҳамма амрларни акангга айт. Исроил халқи Мисрдан чиқиб кетиши учун ижозат бер, деб Ҳорун фиръавнга айтади.
[3] Лекин Мен аломату мўъжизаларимни Миср юртида кўрсатай деб, фиръавннинг юрагини тош қилиб қўяман.
[4] Фиръавн сизларнинг гапингизга қулоқ солмайди. Ўшанда Мен Мисрга қарши қўл кўтариб, унга кўп кулфатлар келтираман. Кейин ҳукмнинг қудратли ишлари билан Исроил оилаларини ва қабилаларини олиб чиқаман.
[5] Мисрга қарши қўл кўтариб, Исроил халқини Мисрликларнинг орасидан олиб чиққанимда, Эгангиз Мен эканлигимни Миср халқи билиб олади.
[6] Мусо билан Ҳорун Эгамизнинг амрига биноан иш тутдилар.
[7] Улар фиръавн билан гаплашганларида, Мусо саксон ёшда, Ҳорун саксон уч ёшда эди.
[8] Эгамиз Мусо билан Ҳорунга гапирди:
[9] — Фиръавн сизларга: “Бирорта ажойибот кўрсатинглар–чи”, деб айтса, Ҳорунга буюр, таёқни олиб, фиръавннинг олдига ташласин. Таёқ илонга айланиб қолади.
[10] Шундай қилиб, Мусо билан Ҳорун фиръавн ҳузурига бордилар. Эгамиз амр этгандай иш тутдилар: Ҳорун таёғини фиръавн ва унинг аъёнлари олдига ташлаган эди, таёқ ўша заҳоти илонга айланиб қолди.
[11] Шунда фиръавн ҳам ўзининг сеҳргарларини — донишмандларини ва фолбинларини чақирди. Миср сеҳргарлари сеҳр–жодуларини ишлатиб, ўшанақа мўъжиза кўрсатдилар.
[12] Ҳар бири таёғини ерга ташлаган эди, таёқ илонга айланиб қолди. Ҳоруннинг илони Миср сеҳргарларининг илонларини ютиб юборди.
[13] Эгамиз айтгандай, барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолди, Мусо билан Ҳоруннинг гапига у қулоқ солмади.
[14] Шундан кейин Эгамиз Мусога айтди: — Барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолиб, халқимнинг кетишига ижозат беришни истамаяпти.
[15] Эртага эрталаб фиръавннинг олдига бор. У дарёга боради. Сен уни дарё бўйида кутиб тур. Илонга айланган таёғинг қўлингда бўлсин.
[16] Фиръавнга шундай деб айт: “Ибронийларнинг Худоси — Эгамиз мени сенинг ҳузурингга шу гапни айтгани юборди: «Менинг халқимга ижозат бер, улар саҳрога бориб, Менга сажда қилишсин.» Сен ҳамон Эгамизнинг гапига қулоқ солмаяпсан.
[17] Эгамиз шундай айтмоқда: «Эгангиз Мен эканлигимни энди билиб оласан.» Қўлимдаги мана бу таёқни Нил дарёсининг сувига урганимда, сув қонга айланади.
[18] Дарёдаги балиқлар нобуд бўлади. Дарё сасиб кетади. Миср халқи дарё сувини ичолмайди.”
[19] Сўнгра Эгамиз Мусога шундай деди: — Ҳорунга айт, таёқни қўлига олиб, Миср сувлари томонга — Мисрдаги дарёлар, анҳорлар, кўллар, ҳамма сув ҳавзалари томонга узатсин. Мисрдаги ҳамма жойларда сув қонга айланади, ҳатто бутун Миср юртидаги ёғоч ва тош идишлардаги сувлар ҳам қонга айланади.
[20] Шундай қилиб, Мусо билан Ҳорун Эгамиз амр этгандай қилишди: Ҳорун фиръавн ва унинг аъёнлари кўзи олдида таёғини кўтариб дарё сувига урган эди, шу заҳоти дарё суви қонга айланиб қолди.
[21] Дарёдаги балиқлар нобуд бўлиб, дарё суви сасиб кетди. Миср халқи дарё сувини ичолмай қолди. Мисрнинг ҳамма ери қонга тўлиб кетди.
[22] Миср сеҳргарлари ҳам сеҳр–жодуларини ишлатиб, худди ўшандай қилдилар. Эгамиз айтгандай, барибир, фиръавннинг юраги тошлигича қолди, Мусо билан Ҳоруннинг гапига у қулоқ солмади.
[23] Бўлиб ўтган мўъжизадан фиръавннинг юраги қилт этмасдан, саройига қайтди.
[24] Дарё сувини ичиб бўлмагани сабабли, Миср халқи ичимлик суви топиш учун дарё яқинида қудуқлар ковлай бошладилар.
[25] Эгамиз Нил дарёси сувини қонга айлантиргандан кейин етти кун давомида сув қон бўлиб оқаверди.