[1] Мен тахтда ўтирган Зотнинг ўнг қўлида бир ўрама қоғозни кўрдим. Ўрамнинг олди ва орқа томонларида ёзувлари бор бўлиб, у еттита муҳр билан муҳрланган эди.
[2] Сўнг мен кучли бир фариштани кўрдим. У баланд овозда: “Муҳрларни ечишга, ўрамни очишга ким лойиқ?” деб сўради.
[3] Бироқ на осмонда, на ер юзида, на ер остидаги оламда ўрамни оча оладиган ёки ичига назар сола оладиган бирон кимса бор эди.
[4] Мен аччиқ–аччиқ йиғлай бошладим, чунки ўрамни очишга, ҳатто унинг ичига назар солишга лойиқ бирон кимса топилмаганди.
[5] Шунда оқсоқоллардан бири менга деди: “Йиғлама! Ана қара, Яҳудо қабиласидан бўлган Шер — Довуд уруғидан чиққан Зот ғалаба қозонди. У ўрамнинг еттита муҳрини ечишга ва ўрамни очишга қодирдир.”
[6] Шунда мен тахтнинг олдида, тўртта жонли мавжудот ва оқсоқоллар қуршовида турган бир Қўзини кўрдим. У гўё бўғизлангандай эди. Қўзининг етти шохи ва етти кўзи бор эди. Булар Худо бутун ер юзига юборган еттита руҳдир.
[7] Қўзи келиб, тахтда ўтирган Зотнинг ўнг қўлидан ўрамни олди.
[8] У ўрамни олганда, тўртта мавжудот ва йигирма тўрт оқсоқол Қўзининг олдида мук тушишди. Ҳар бирининг қўлида бир арфа ва хушбўй тутатқиларга тўла олтин косалар бор эди. Хушбўй тутатқилар — Худо азизларининг дуою ибодатлари демакдир.
[9] Улар қуйидагича янги қўшиқ айтишар эди: “Сен ўрамни олишга, Унинг муҳрларини ечишга лойиқсан! Чунки Сен бўғизланган эдинг, Ўз қонинг эвазига ҳар бир қабила, миллат, элату халқдан Худо учун одамларни қутқариб олдинг.
[10] Улардан Шоҳлик яратдинг, Уларни Худойимизга хизмат қиладиган Руҳонийлар қилиб тайинладинг. Улар ер юзида ҳукм сурадилар.”
[11] Кейин мен тахтнинг, мавжудотлар ва оқсоқолларнинг атрофида кўп фаришталарни кўрдим, уларнинг овозларини эшитдим. Уларнинг саноғига етиб бўлмас, минг–минглаб, ўн минглаб эдилар.
[12] Улар баланд овозда шундай дердилар: “Бўғизланган Қўзи ҳамдларга лойиқдир! Кучу давлат, донолигу қудрат Соҳибига Шон–шарафлар бўлсин!”
[13] Шунда мен еру осмондаги, ер остидаги, денгиздаги жамики жонзотларнинг овозларини эшитдим. Уларнинг ҳаммаси шундай деб куйлаётган эдилар: “Тахтда ўтирган Зотга ва Қўзига Абадулабад ҳамдлар бўлсин! Бу қудрат Соҳибларига Абадулабад шон–шарафлар бўлсин!”
[14] Тўртта мавжудот: “Омин!” — деди. Оқсоқоллар эса мук тушиб, сажда қилдилар.