Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 2:32

[1] Мен самодан тушаётган бошқа кучли бир фариштани кўрдим. У булутга бурканган эди. Унинг боши узра камалак бор эди. Юзи қуёшдай порлар, оёқлари олов устунларидай ловуллаб турар эди.

[2] Унинг қўлида кичкинагина очилган ўрама қоғоз бор эди. У ўнг оёғини денгиз устига, чап оёғини ер юзига қўйганича,

[3] шер ўкиргандай қаттиқ ҳайқирди. У ҳайқирганда етти момақалдироқ ҳам тилга кириб, гулдурос овоз билан гапира бошлади.

[4] Етти момақалдироқ гапирганда, мен уларнинг гапларини ёзмоқчи бўлдим. Лекин самодан бир овоз шундай деди: — Етти момақалдироқнинг гапларини ёзма, уларни сир сақла!

[5] Денгиз ва ер юзида турган, мен кўрган фаришта ўнг қўлини осмонга кўтарди.

[6] У то абад барҳаёт Худо ҳақи онт ичди. Еру осмонни, денгиз ва уларни тўлдирган жамики жониворларни яратган Худо ҳақи онт ичиб, шундай деди: — Худо пайғамбар қулларига Ўзининг сир тутган режасини маълум қилганди. Еттинчи фаришта карнай чалганда, Худо ўша режасини амалга оширади. Энди кечиктирмайди.

[8] Самодан келган овоз менга яна деди: — Бор, денгиз ва ер устида турган фариштанинг қўлидан очиқ ўрама қоғозни ол.

[9] Мен фариштанинг ёнига бориб: — Ўрама қоғозни менга беринг, — дедим. Фаришта менга деди: — Мана, ол! Уни егин! У ичингни ачитиб юборади, оғзингга эса асалдай ширин таъм беради.

[10] Мен ўрама қоғозни фариштанинг қўлидан олиб едим. У оғзимда асалдек ширин эди. Аммо уни ютганимдан кейин ичим ачишиб кетди.

[11] Сўнг менга шундай деб айтишди: — Сен яна кўп элатлар ҳақида, халқлар, миллатлару шоҳлар ҳақида башорат қилишинг керак.

Юҳаннога аён қилинган ваҳий — Chapters