Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:35

[1] Бундан кейин мен Маъбаддан келаётган баланд бир овозни эшитдим. Ўша овоз еттита фариштага шундай деди: “Боринглар, Худонинг ғазабига тўлиб–тошган етти косадаги балоларни ерга тўкинглар.”

[2] Биринчи фаришта бориб, косасидагини ерга тўкди. Махлуқнинг тамғаси босилган ва унинг тасвирига сажда қилган одамларда оғир, жирканч яралар пайдо бўлди.

[3] Иккинчи фаришта косасидагини денгизга тўкди. Денгиз ўликнинг қонига ўхшаб қолди. Денгиздаги ҳамма жониворлар қирилиб кетди.

[4] Учинчи фаришта косасидагини дарёларга ва булоқларга тўкди, улар ҳам қонга айланди.

[5] Сувлар учун масъул бўлган фариштанинг шундай деганини эшитдим: “Эй Муқаддас Худо, Сен бор бўлгансан, ҳозир ҳам борсан. Сенинг чиқарган бу ҳукмларинг одилдир.

[6] Азизларинг ва пайғамбарларингнинг қонини тўкканларга Сен қон ичирдинг, улар бунга лойиқдир.”

[7] Қурбонгоҳдан шундай бир овоз эшитилди: “Ҳа, Қодир Худо — Эгамиз! Сенинг ҳукмларинг ҳақ ва адолатлидир.”

[8] Тўртинчи фаришта ўз косасини қуёш устига тўкди, қуёшга инсонларни олов билан ёндириш қудрати берилди.

[9] Жазирама иссиқ инсонларни куйдирганда, улар бу офатлар устидан ҳокимиятга эга бўлган Худони лаънатладилар. Улар қилмишларидан тавба қилмадилар, Худони улуғламадилар.

[10] Бешинчи фаришта косасидагини махлуқ тахтига тўкди, махлуқнинг салтанати зимистонга чулғаниб қолди. Одамлар чеккан азобидан тилларини тишлардилар.

[11] Яраларининг оғриғидан Самовий Худони лаънатлардилар. Аммо қилмишларидан тавба қилмадилар.

[12] Олтинчи фаришта косасидагини буюк Фурот дарёси устига тўкди. Дарёнинг суви қуриди. Шарқдан бостириб келадиган шоҳларга йўл очилди.

[13] Бундан кейин мен қурбақаларга ўхшаш учта ёвуз руҳни кўрдим. Улар аждарҳо, махлуқ ва сохта пайғамбарнинг оғизларидан чиқаётган эдилар.

[14] Булар жинлар бўлиб, мўъжизали аломатлар кўрсата олардилар. Улар Қодир Худонинг улуғ кунида бўладиган жангга барча жаҳон шоҳларини тўплагани бордилар.

[15] Масиҳнинг шундай гапларини ёдингизда тутинг: “Мана, Мен ўғри каби ногаҳон келаман! Ҳушёр турган киши бахтлидир, Яланғоч юрмайин, шарманда бўлмайин деб, Кийимини тахт қилиб қўйган киши бахтлидир!”

[16] Учта ёвуз руҳ жаҳон шоҳларини ибронийчадаги Хар–Магидўн деган жойга тўпладилар.

[17] Еттинчи фаришта косасидагини ҳавога тўкди. Маъбаддаги тахтдан: “Амалга ошди!” — деган баланд бир овоз келди.

[18] Шу вақт чақмоқ чақиб, момақалдироқнинг гулдурос садолари янгради, кучли зилзила бўлди. Зилзила шу қадар кучли эдики, ер юзида инсон яшагандан бери бунақаси бўлмаганди.

[19] Буюк шаҳар уч қисмга бўлиниб кетди. Бошқа халқларнинг шаҳарлари ер билан яксон бўлди. Худо буюк Бобил шаҳрини ёдга олди. У Бобилга косадаги Ўзининг ғазаби шаробидан берди.

[20] Ҳар бир орол ўрнидан жилди, тоғлар кўздан ғойиб бўлди.

[21] Осмондан одамлар устига йирик дўл ёғилди. Ҳар бир дўл донасининг оғирлиги икки пуд чиқарди. Бу даҳшатли дўл дастидан одамлар Худони лаънатлашарди.

Юҳаннога аён қилинган ваҳий — Chapters