[1] Шундан кейин мен осмонда ланг очиқ бир эшикни кўрдим. Илгари менга гапирган карнай садосига ўхшаш ўша овоз яна эшитилди. У шундай деди: “Бу ёққа чиқ, бундан кейин нима юз беришини сенга кўрсатаман.”
[2] Шу пайт Муқаддас Руҳ мени қамраб олди. Мен самода турган бир тахтни кўрдим, унда бир Зот ўтирар эди.
[3] Ўтирган Зотнинг қиёфаси қимматбаҳо яшма ва лаъл тошларидай ярқирарди. Тахт атрофида зумрад тусидаги камалак жилваланарди.
[4] Тахтнинг теварагида яна йигирма тўртта тахт турарди. Бу тахтларда оқ кийим кийган, бошларида олтин тожлари бўлган йигирма тўрт нафар оқсоқол ўтирар эди.
[5] Тахтдан чақмоқ чақарди, момақалдироқнинг гулдурос садоси келарди. Тахт олдида Худонинг етти руҳи бўлган еттита машъала ёниб турарди.
[6] Тахтнинг олдида ойна сингари денгизга ўхшаш, биллурдай тиниқ бир нарса бор эди. Тахтнинг атрофида тўртта жонли мавжудот турар эди, уларнинг олди ва орқаси кўзлар билан қопланган эди.
[7] Биринчи мавжудот шерга, иккинчиси буқага ўхшар эди, учинчи мавжудотнинг юзи одамнинг юзига, тўртинчиси эса учаётган бургутга ўхшар эди.
[8] Бу тўртта мавжудотнинг ҳар бирида олтитадан қанот бор эди. Уларнинг ҳамма ёғи кўзлар билан қопланган эди, ҳатто қанотларининг тагида ҳам кўзлари бор эди. Улар кечаю кундуз тинмай шундай сўзларни такрорлар эдилар: “Муқаддасдир, муқаддасдир, Муқаддасдир Қодир Худо — Эгамиз. У бор бўлган, ҳозир ҳам бор, Келажакда ҳам бор бўлар!”
[9] Мавжудотлар тахтда Ўтирганни, то абад барҳаёт Зотни улуғлашарди, иззат–икром кўрсатиб, шукроналар айтишарди.
[10] Шунда йигирма тўрт нафар оқсоқол тахтдаги то абад барҳаёт Зот олдида ерга мук тушиб, сажда қилишарди. Тожларини тахт олдига қўйиб, шундай дейишарди:
[11] “Ё Эгамиз, ё Худойимиз! Сен қудратлисан! Улуғворлигу иззатга Сен лойиқсан! Зеро, бутун борлиқни Сен яратгансан, Ҳамма нарса Сенинг ироданг ила вужудга келди, яратилди.”