Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:39

[1] Шундан кейин мен янги бир осмон ва янги бир ерни кўрдим. Аввалги еру осмон ғойиб бўлган эди, денгиз ҳам энди йўқ эди.

[2] Мен муқаддас шаҳар — янги Қуддусни кўрдим. Қуддус самодан, Худо ҳузуридан тушиб келаётган эди. У куёви учун безаниб олган келинчакка ўхшар эди.

[3] Мен тахтдан баланд бир овоз келганини эшитдим. Ўша овоз деди: “Худонинг маскани инсонлар орасидадир! У энди одамлар орасида яшайди, Улар Худонинг халқи бўладилар. Худонинг Ўзи улар билан бирга бўлади.

[4] Худо уларнинг кўзидаги ҳар бир томчи ёшни артиб қўяди. Энди ўлим мавжуд бўлмайди, Ҳеч ким қайғурмайди, йиғламайди, азоб чекмайди. Зеро, аввалгилар ўтиб кетди.”

[5] Тахтда ўтирган Зот шундай деди: “Мана, Мен ҳаммасини янги қилиб яратяпман!” Кейин У менга деди: “Буларни ёзиб қўй. Ахир, бу сўзлар ишончли ва тўғридир!”

[6] Сўнг менга яна деди: “Амалга ошди! Ибтидо ва Интиҳо, Боши ва Поёни Ўзимман. Чанқаганга Мен булоқдаги ҳаётбахш сувдан ичираман. Бунинг эвазига у ҳеч қандай тўлов бермайди.

[7] Ғолиб келганларга бу баракалар насиб бўлади. Мен унинг Худоси бўламан, у Менинг ўғлим бўлади.

[8] Аммо қўрқоқ, имондан қайтган, ифлос, қотил, бузуқ, жодугар, бутпараст ва ҳамма ёлғончиларнинг қисмати олов ва олтингугурт билан ёнаётган кўлдадир. Бу иккинчи ўлимдир.”

[9] Шу пайт мен охирги етти балога тўлдирилган еттита косани ушлаган етти фариштадан бирини кўрдим. У олдимга келиб, менга деди: “Бу ёққа кел! Мен сенга келинни, Қўзининг хотинини кўрсатаман.”

[10] Муқаддас Руҳ мени қамраб олди ва фаришта мени баланд бир тоғнинг чўққисига олиб чиқди. У менга самодан, Худо ҳузуридан тушаётган муқаддас шаҳар — Қуддусни кўрсатди.

[11] Шаҳар Худонинг улуғворлигига тўлиб, қимматбаҳо жавоҳирдай, биллур каби мусаффо бўлган яшма тошидай ярқирарди.

[12] Қалин ва баланд девор билан ўралган бу шаҳарнинг ўн икки дарвозаси бор эди. Ҳар бир дарвозани биттадан фаришта қўриқларди. Дарвозаларда Исроил халқининг ўн икки қабиласи номлари ёзилганди.

[13] Дарвозаларнинг учтаси шарқда, учтаси шимолда, учтаси жанубда ва учтаси ғарбда жойлашган эди.

[14] Шаҳар деворларининг ўн иккита пойдевори бор эди. Пойдеворларга Қўзининг ўн икки ҳаворийси исмлари ёзилганди.

[15] Менга гапирган фариштанинг қўлида олтин чизғичи бор эди. Бу чизғич шаҳарни, унинг дарвозаларию деворини ўлчаш учун эди.

[16] Шаҳар тўртбурчак шаклда бўлиб, узунлиги билан эни бир хил эди. Фаришта чизғичи билан шаҳарни ўлчади, шаҳарнинг эни 12.000 ўқ отими экан. Унинг узунлиги билан баландлиги ҳам шундай эди.

[17] Сўнг фаришта шаҳарнинг деворини ўлчади. Деворнинг баландлиги 144 тирсак чиқди. Фаришта инсоний ўлчовдан фойдаланганди.

[18] Шаҳар девори яшма тошидан қурилганди. Шаҳарнинг ўзи эса шишадай тиниқ, соф олтиндан эди.

[19] Шаҳар деворларининг пойдеворлари турли қимматбаҳо тошлар билан безатилган эди: биринчи пойдевор яшмадан, иккинчиси кўк ёқутдан, учинчиси агатдан, тўртинчиси зумраддан эди.

[20] Бешинчиси ақиқ, олтинчиси лаъл, еттинчиси хризолит, саккизинчиси берилл, тўққизинчиси топаз, ўнинчиси забаржад, ўн биринчиси ложувард, ўн иккинчиси аметистдан эди.

[21] Ўн икки дарвоза ўн икки марвариддан иборат эди. Ҳар бир дарвоза битта марвариддан ясалган эди. Шаҳарнинг шоҳ кўчаси соф олтиндан бўлиб, шишадай мусаффо эди.

[22] Мен бу шаҳарда Маъбад кўрмадим. Зотан, Қодир Худо — Эгамизнинг Ўзи ва Қўзи шаҳарнинг Маъбадидир.

[23] Шаҳарни ёритиш учун қуёшга ёки ойга эҳтиёж ҳам йўқ. Чунки Худонинг улуғворлиги уни ёритади, Қўзининг Ўзи унинг чироғи бўлади.

[24] Халқлар шаҳарнинг нурида юришади. Ер юзи шоҳлари унга ўз бойликларини келтиришади.

[25] Шаҳар дарвозалари кун бўйи ёпилмайди, у ерда тун бўлмайди.

[26] Халқларнинг улуғвор хазиналари унга киритилади.

[27] Лекин ҳеч қандай ҳаром нарса, жирканч ишлар қиладиган ёки ёлғон гапирадиган биронта киши унга кирмайди. Фақат Қўзининг ҳаёт китобида ёзилганлар кирадилар.

Юҳаннога аён қилинган ваҳий — Chapters