[1] Фаришта менга биллурдай тиниқ, ҳаётбахш сувлар дарёсини кўрсатди. Бу дарё Худонинг ва Қўзининг тахтидан чиқиб,
[2] шаҳар кўчаси бўйлаб оқаётган эди. Дарёнинг иккала қирғоғида ҳам ҳаёт дарахти бор эди. Бу дарахт йилда ўн икки марта, ҳар ой ҳосил беради. Дарахтнинг барглари халқларга шифо бахш этади.
[3] Лаънат деган нарса у ерда қолмайди. Шаҳарда Худонинг ва Қўзининг тахти бўлади, Худонинг қуллари Унга хизмат қилади.
[4] Улар Худонинг жамолини кўради. Худонинг исми уларнинг пешаналарига ёзилади.
[5] У ерда бошқа тун бўлмайди. Чироққа ҳам, қуёшга ҳам эҳтиёж қолмайди. Ахир, Эгамиз Худо уларга нур сочади, улар эса то абад ҳукмронлик қилади.
[6] Фаришта менга шундай деди: “Бу сўзлар ишончли ва тўғридир. Пайғамбарларни руҳлантирган Эгамиз Худо Ўз қуллари олдига фариштасини юборди. Токи фаришта яқин орада юз бериши муқаррар бўлган воқеаларни уларга билдирсин.”
[7] Масиҳ шундай демоқда: “Мен тезда келаман! Бу китобнинг башорат сўзларига Амал қилганлар бахтлидир!”
[8] Мен, Юҳанно, буларни кўрдим ва эшитдим. Буларни кўриб эшитганимдан кейин, бу нарсаларни менга кўрсатган фариштага сажда қилмоқчи бўлиб, ўзимни унинг оёқларига ташладим.
[9] Аммо у менга деди: “Зинҳор бу ишни қилма! Мен сенинг ҳамкорингман, шунингдек, пайғамбар биродарларингнинг ва бу китобдаги сўзларга риоя қилувчиларнинг ҳамкориман. Худога сажда қил!”
[10] Кейин менга яна шундай деди: “Бу китобнинг башорат сўзларини сир сақлама, чунки вақт яқиндир.
[11] Бадкирдорлар ёмонлигини қилаверсин. Ифлослар ифлослигини давом эттираверсин. Солиҳлар эса тўғри иш қилишдан тўхтамасин, муқаддас одамлар ўзини муқаддас сақласин.”
[12] Масиҳ шундай демоқда: “Мен тез келаман, мукофотим Ўзим билан. Ҳар кимга қилмишига ярашасини бераман.
[13] Мен Ибтидо ва Интиҳодирман, Биринчи ва Охирги, Боши ва Поёнидирман.”
[14] Либосларини ювганлар нақадар бахтлидир! Улар ҳаёт дарахти мевасидан ейишга, шаҳар дарвозаларидан киришга ҳақли бўладилар.
[15] Ҳамма “кўппаклар” — жодугарлар, ахлоқи бузуқлар, қотиллар, бутпарастлар, ёлғонга ружу қўйиб, ҳийла ишлатганлар эса ташқарида қоладилар.
[16] “Мен, Исо, Ўз фариштамни олдингизга юбордим, Токи у булар тўғрисида жамоатларимга шаҳодат берсин. Мен Довуд илдизидан чиққан Зотдирман, унинг зурриётиман, Ёруғ тонг юлдузиман.”
[17] Руҳ ҳам, келин ҳам: “Кел!” — деб чорлаяпти. Ушбу башорат сўзларни тинглаётган киши ҳам: “Кел!” — деб айтсин. Ким чанқаган бўлса, келсин. Ким хоҳласа, ҳаётбахш сувдан текин баҳра олсин.
[18] Бу китобнинг башорат сўзларини эшитувчи ҳар бир кишини огоҳлантираман: кимда–ким бу сўзларга бирор нарса қўшса, Худо ҳам ўша кишининг жазосига бу китобда ёзилган балоларни қўшади.
[19] Кимда–ким бу китобдаги башорат сўзларидан бирортасини чиқариб ташласа, Худо ҳам ўша кишини бу китобда ёзилган ҳаёт дарахтидан ва муқаддас шаҳардан бенасиб қилади.
[20] Бу гапларнинг Шоҳиди: “Ҳа, Мен тез келаман!” — деб айтмоқда. Омин! Ё Раббимиз Исо, келгин!
[21] Раббимиз Исонинг инояти барчангизга ёр бўлсин.