[1] Менга ўлчаш учун бир қамиш берилди, сўнг шундай деб айтилди: “Бор, Худонинг Маъбадини ва қурбонгоҳни ўлчаб чиқ. У ерда сажда қилувчиларни санагин.
[2] Маъбаднинг ташқи ҳовлисини эса қолдир, уни ўлчама. Чунки у ер бутпарастларга берилган. Улар муқаддас шаҳарни 42 ой оёқ ости қиладилар.
[3] Мен икки шоҳидимга қудрат бераман. Улар эгниларига қанор кийиб, 1260 кун давомида ваъз қиладилар.
[4] Бу икки шоҳид — бутун дунё Эгасининг ҳузурида турган иккита зайтун дарахти ва иккита чироқпоядир.
[5] Борди–ю, биронтаси уларга озор етказмоқчи бўлса, уларнинг оғзидан олов чиқиб, ўша душманни еб битиради. Уларга озор беришни истаганлар шу йўсинда ҳалок бўлади.
[6] Бу икки шоҳид ваъз қиладиган кунларда ёмғир ёғмаслиги учун Худо уларга осмонни беркитиш қудратини берган. Уларга яна сувни қонга айлантириш ва ер юзини истаган вақтларида турли балою офатларга йўлиқтириш қудрати берилди.
[7] Улар шаҳодат бериб бўлганларидан кейин, тубсиз чуқурликдан чиққан бир махлуқ улар билан жанг қилади, уларни енгиб, ўлдиради.
[8] Уларнинг жасадлари буюк шаҳарнинг кўчасида ётади. Шоҳидларнинг Раббийси Исо ҳам ўша шаҳарда хочга михланган эди. Ўша шаҳарнинг рамзий номи Садўм ва Мисрдир.
[9] Барча элу қабилалар, миллату халқлардан бўлган одамлар уч ярим кун давомида уларнинг жасадларини томоша қиладилар. Уларни дафн этишга рухсат беришмайди.
[10] Ер юзида яшаётганлар шоҳидларнинг ўлимидан севиниб хурсандчилик қилишади. Бир–бирларига ҳадялар юборишади. Чунки бу иккала пайғамбар ер юзида яшовчиларга кўп азоб берган эди.”
[11] Аммо уч ярим кундан кейин иккала пайғамбарнинг вужудига Худонинг ҳаёт нафаси кирди. Шунда улар оёққа турдилар. Уларни кўрганларнинг ҳаммасини қаттиқ ваҳима босди.
[12] Икки пайғамбар самодан келган баланд бир овознинг: “Бу ёққа чиқинглар!” — деганини эшитишди, шунда улар душманларининг кўз ўнгида булут ичида самога кўтарилишди.
[13] Ўша заҳоти шиддатли зилзила юз берди. Шаҳарнинг ўндан бир қисми қулади. Зилзилада етти минг киши нобуд бўлди. Қолганлари эса ваҳимага тушиб, Самовий Худони улуғлашди.
[14] Иккинчи ҳалокат ўтди. Мана, учинчи ҳалокат тез яқинлашяпти.
[15] Еттинчи фаришта карнайини чалди. Самода баланд овозлар янгради. Улар шундай деб айтаётган эдилар: “Энди бу дунё ҳукмронлиги Эгамизга ва Унинг Масиҳига тегишлидир. Улар абадулабад ҳукмронлик қилишади.”
[16] Шунда Худонинг ҳузуридаги ўз тахтларида ўтирган йигирма тўрт нафар оқсоқол юз тубан ерга мук тушдилар. Улар Худога сажда қилиб дедилар:
[17] “Ё Қодир Худо — Эгамиз! Сен бор бўлгансан, ҳозир ҳам борсан. Биз Сенга ташаккурлар айтамиз. Ахир, Сен буюк қудратингни намоён этдинг, Ҳукмронлик қила бошладинг.
[18] Халқлар Сендан ғазабланганди, Энди Сен ҳам ғазабга миндинг. Энди вақти келди ўликларни ҳукм қилишга, Пайғамбар қулларингни, азизларингни мукофотлашга, Сендан қўрққан каттаю кичикни тақдирлашга. Ерни вайрон қилганларни вақти келди хонавайрон қилишга!”
[19] Сўнг Худонинг самодаги Маъбади очилди. Маъбадда Худонинг Аҳд сандиғи кўринди. Ўшанда чақмоқ чақиб, момақалдироқнинг гулдурос садолари янгради, зилзила бошланди, шиддатли дўл ёғди.