Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:17

[1] Мен Сион тоғида Қўзининг турганини кўрдим. Қўзи билан бирга 144.000 киши бор эди. Уларнинг пешаналарига Қўзининг ва Отаси Худонинг исми ёзилганди.

[2] Шунда мен самодан бир товуш эшитдим. Бу товуш денгизнинг шовуллашидай, гумбурлаган момақалдироқ товушидай эди. У худди арфа чалаётган чолғучиларнинг куйига ўхшарди.

[3] Ўша 144.000 киши тахт олдида, тўртта жонли мавжудот ва оқсоқоллар олдида янги бир қўшиқ куйлаётган эдилар. Дунёдан қутқариб олинган бу 144.000 кишидан бошқа ҳеч ким бу қўшиқни ўргана олмас эди.

[4] Бу одамлар булғанмаганлар, бокира қизлардай ўзларини пок сақлаганлар. Қўзи қаерга борса, Унинг орқасидан эргашганлар. Инсонлар орасидан қутқариб олинган бу одамлар илк ҳосил сингари, Худо ва Қўзига назр қилинганлар.

[5] Уларнинг тилида ёлғон–макр йўқ, улар бенуқсондирлар.

[6] Шундан кейин бошим узра учиб бораётган бир фариштани кўрдим. Бу фаришта ер юзида яшовчи ҳар бир халқ ва қабилага, ҳар қандай миллату элатга абадий Хушхабарни эълон қилаётган эди.

[7] У баланд овозда шундай деди: “Худодан қўрқинг, Уни улуғланг! У халқларни ҳукм қиладиган вақт келди. Еру осмонни, денгизу булоқларни Яратганга сажда қилинг!”

[8] Унинг кетидан иккинчи фаришта учиб келиб, шундай деди: “Вайрон бўлди! Буюк Бобил шаҳри вайрон бўлди! Бобил шаҳвоний ҳирси шаробидан Ҳамма халқларга ичирганди.”

[9] Уларнинг кетидан учинчи фаришта учиб келиб, баланд овозда шундай деди: — Кимки махлуққа ва унинг тасвирига сажда қилиб, пешанаси ёки қўлига тамға қабул қилса,

[10] у Худонинг ғазаб шаробидан ичади. Қаҳр косасига қуйилган бу шароб ниҳоятда кучлидир. Бундай одамлар муқаддас фаришталар ва Қўзи олдида ёнаётган олтингугурт ичида азоб чекадилар.

[11] Азобларининг тутуни абадулабад бурқираб туради. Махлуқ ва унинг тасвирига сажда қилиб, махлуқ номли тамғани қабул қилганлар кечаю кундуз тинчлик билмайдилар.

[12] Бундай вазиятда Худонинг амрларига итоат қилган ва Исога содиқ қолган Худонинг азизларидан сабр–тоқат талаб қилинади.

[13] Шунда мен самодан бир овоз эшитдим. У менга деди: — Шундай деб ёз: бундан буён Раббимиз Исога умид боғлаб, оламдан кўз юмганлар бахтлидир! — Ҳа, — дейди Руҳ, — улар қилган оғир меҳнатидан дам олсинлар, меҳнатининг роҳатини кўрсинлар.

[14] Шундан кейин мен бир оқ булутни кўрдим. Булут устида инсон қиёфасидаги бир Зот ўтирганди. Унинг бошида олтин тож, қўлида ўткир ўроқ бор эди.

[15] Кейин Маъбаддан бир фаришта чиқди. У булут устида ўтирган Зотга баланд овозда шундай деди: “Ўроғингизни ишга солинг, чунки ўрим–йиғим вақти келди. Мана, ернинг ҳосили етилди.”

[16] Булут устида ўтирган Зот ерга ўроқ солди, ернинг ҳосили ўрилди.

[17] Самодаги Маъбаддан бошқа бир фаришта чиқди. Унинг ҳам ўткир ўроғи бор эди.

[18] Сўнг қурбонгоҳ олдидан яна бошқа бир фаришта келди. У қурбонгоҳдаги олов учун масъул эди. У ўткир ўроқли фариштага баланд овозда хитоб қилди: “Ўткир ўроғингни ишга сол. Ердаги узум бошларини йиғ. Ахир, узум пишиб бўлди.”

[19] Фаришта ўроғини ерга солди. Ердаги узум бошларини йиғиб, Худонинг узум сиқадиган катта қаҳр–ғазаби чуқурига улоқтирди.

[20] Шаҳар ташқарисидаги ўша чуқурда узумларни эза бошлашди. Чуқурдан қон дарё бўлиб оқиб чиқди. Бу қонли дарё 1600 ўқ отими масофага оқиб борди, у шунчалик чуқур эдики, деярли отни кўмиб юборар эди.

Юҳаннога аён қилинган ваҳий — Chapters