[1] Бундан кейин мен самодан тушиб келаётган бошқа бир фариштани кўрдим. Унда буюк ҳокимият бор эди. Унинг улуғворлигидан ер юзи ёришиб кетди.
[2] У қаттиқ ҳайқириб, шундай деди: “Вайрон бўлди! Буюк Бобил вайрон бўлди! У жинларнинг макони, ҳар турли ёвуз руҳнинг паноҳи, Ҳар қандай ҳаром ва жирканч қушнинг уяси бўлиб қолди. Ахир, барча халқлар Бобилнинг Шаҳвоний ҳирси шаробидан ичганди.
[3] Ер юзи шоҳлари у билан зино қилганди, Ер юзи савдогарлари Унинг чексиз шаҳвати туфайли бойлик орттирганди.”
[4] Шу пайт мен самодан келаётган бошқа бир овозни эшитдим. У шундай деди: “Эй халқим, Бобилдан чиқиб кетинг! Тағин гуноҳларига шерик бўлиб қолманг, Тағин сизлар ҳам Бобилнинг балоларига дучор бўлманг!
[5] Зеро, унинг гуноҳлари уйилиб кўкка етди, Худо унинг жиноятларини ёдга олди.
[6] Бобил сизга нима қилган бўлса, Худо ҳам унга шуни қилсин! Қилмишига яраша икки баробар жазосини берсин! Ўзи тайёрлаган ичимликдан унга икки баробар ичирсин!
[7] Бобил қай даражада кеккайиб, кайф–сафо сурган бўлса, Унга шу даражада азобу изтироб берилсин! Ахир, у дилида шундай демоқда: «Мен маликаман, бева эмасман, Асло қайғу чекмайман.»
[8] Шу боис унинг бошига балолар келади, У бир куннинг ичида ўлат, қайғу, қаҳатчиликка дучор бўлади. Уни оловда ёндиришади. Ахир, уни ҳукм қилувчи Эгамиз Худо қудратлидир!”
[9] Бобил билан зино қилиб, кайф–сафо сурган ер юзи шоҳлари ёнаётган Бобилнинг тутунини кўриб, унинг ҳолига ҳўнграб йиғлайдилар.
[10] Бобилнинг азоб–уқубатидан даҳшатга тушиб, узоқдан туриб, дейдилар: “Эй буюк шаҳар, ҳолингга вой! Эй қудратли Бобил, ҳолингга вой! Сен бир соатдаёқ жазоингни олдинг!”
[11] Ер юзи савдогарлари ҳам унинг ҳолига йиғлаб, мотам тутадилар. Чунки уларнинг молини энди ҳеч ким сотиб олмайди.
[12] Олтин, кумуш, жавоҳирлару марваридларни, майин зиғир матоси, шойи, сафсару қирмизи газламаларни, турли хил хушбўй ёғочларни, фил суягидан ясалган ҳар хил буюмларни, энг қимматбаҳо ёғочдан, бронзадан, темирдан ва мармардан ясалган буюмларни,
[13] долчин, зираворлар, хушбўй тутатқилар ва миррани, шароб, зайтун мойини, олий навли ун ва буғдойни, мол–қўйларни, отлару араваларни, одамларнинг жонини, танасини ҳам сотиб оладиган бошқа ҳеч ким бўлмайди.
[14] Савдогарлар шундай деб айтишади: “Эй Бобил, сен орзу қилган неъматларинг йўқ бўлди. Ҳашамату савлатинг ном–нишонсиз ғойиб бўлди.”
[15] Ҳа, ўша молларини Бобилга сотиб, бойиб кетган савдогарлар Бобилнинг азоб–уқубатидан даҳшатга тушиб, қайғуриб йиғлайдилар:
[16] “Ҳолингга вой! Эй буюк шаҳар, ҳолингга вой! Сен майин зиғир матосидан кийим кияр эдинг, Сафсару қирмизи либослар ила ясанардинг. Олтин, жавоҳирлару марваридлар ила безанардинг.
[17] Шундай бойлигинг бир соатдаёқ нобуд бўлди–я!” Ҳар бир кема дарғаси, кемадаги йўловчилар, денгизчилар ва денгизда савдо–сотиқ қилувчиларнинг ҳаммаси узоқдан Бобилга қараб турадилар.
[18] Шаҳардаги ёнғиндан чиқаётган тутунни кўриб, шундай фарёд қиладилар: “Бу буюк шаҳарга тенг келадигани йўқ!”
[19] Улар бошларига кул сочиб, фарёд чекиб, қайғуриб, дод соладилар: “Ҳолингга вой! Эй буюк шаҳар, ҳолингга вой! Денгиздаги кемаларга эга бўлганлар Сенинг зийнатларинг туфайли бойлик орттирдилар. Энди эса сен бир соатдаёқ хароб бўлдинг!
[20] Эй само, унинг ҳолидан шодлангин, Эй Худонинг азизлари, хурсанд бўлинг, Ҳаворийлару пайғамбарлар, севининг! Зеро, Худо сизларни деб, Бобилни жазолади.”
[21] Кейин кучли бир фаришта тегирмон тошига ўхшаш катта тошни кўтариб, денгизга улоқтирди–да, шундай деди: “Мана шундай шиддат билан Буюк шаҳар Бобил қулайди! Энди у асло қад кўтармайди.
[22] Арфачилару ашулачиларнинг овозлари сенда эшитилмас, Найчию карнайчиларнинг куйи сенда янграмас. Энди биронта ҳунарманд сенда устахона очмайди. Тегирмон тошининг товуши кўчаларингда эшитилмайди.
[23] Энди кўчаларингдаги чироқлар шуъла сочмайди, Куёв билан келиннинг овози эшитилмайди. Зеро, савдогарларинг бутун дунёга сўзини ўтказарди, Сеҳр–жодуларинг дастидан жамики халқлар алданган эди.
[24] Пайғамбарлар ва Худо азизларининг қони кўчаларингда тўкилди, Ҳа, ер юзида қирғинга дучор бўлганлар сенда ўлдирилди.”