Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:12

[1] Осмонда ажойиб бир аломат рўй берди: қуёшга бурканган бир аёл пайдо бўлди. Унинг оёқлари остида ой ва бошида ўн икки юлдузли тож бор эди.

[2] Аёл ҳомиладор бўлиб, уни тўлғоқ тутар, дард билан бақирар эди.

[3] Сўнгра осмонда бошқа бир аломат кўринди: етти бошли, ўнта шохли улкан қизил аждарҳо пайдо бўлди. Унинг ҳар бир бошида биттадан тожи бор эди.

[4] У думи билан осмондаги юлдузларнинг учдан бир қисмини судраб, ерга улоқтирди. Аждарҳо тўлғоқ тутган аёлнинг олдига туриб олди. Чақалоқ туғилиши биланоқ аждарҳо уни ютиб юбормоқчи эди.

[5] Аёл ўғил кўрди. Келажакда барча халқларни темир хивчин билан бошқарадиган бу ўғлон дарҳол олиб кетилди. У Худонинг ҳузурига, тахтга келтирилди.

[6] Аёл эса чўлга қочиб борди. У ерда 1260 кун давомида аёлга ғамхўрлик қилишсин деб, Худо махсус жой ҳозирлаб қўйган эди.

[7] Шундан кейин самода жанг бошланди. Микойил ва унинг фаришталари аждарҳога қарши чиқишди. Аждарҳо ҳам ўзининг фаришталари билан Микойилга қарши жанг қилди.

[8] Аммо аждарҳо талафот кўрди. Унга ва унинг фаришталарига энди самода жой йўқ эди.

[9] Улкан аждарҳо ерга улоқтирилди. Бутун дунёни алдаган бу алмисоқ илон иблис ва шайтон деб аталган. У ўз фаришталари билан ерга улоқтирилди.

[10] Шунда мен самодан баланд овозда айтилган бу сўзларни эшитдим: “Худойимиз нажоту қудратини аён қилди, Мана, Унинг Шоҳлиги келди. Худонинг Масиҳи ҳокимияти ўрнатилди. Ахир, биродарларимизнинг туҳматчиси ерга улоқтирилди, Ҳа, Худойимиз ҳузурида кеча–кундуз Уларга туҳмат қилаётган иблис пастга отилди.

[11] Улар Қўзининг қони туфайли, Ўзларининг шаҳодат сўзи туфайли иблисни енгдилар. Ҳатто ўлим хавфи остида бўлганларида жонларини аямадилар.

[12] Эй осмону фалак, хурсанд бўл! Унда яшовчилар, шодланинг! Аммо, эй еру денгиз, сизнинг ҳолингизга вой! Зеро, иблис олдингизга тушди. Вақти оз қолганини билиб, у қаҳру ғазабга минди.”

[13] Аждарҳо ўзининг ер юзига улоқтирилганини англагач, ўғил бола туққан аёлни таъқиб қила бошлади.

[14] Аёл ўша илондан қоча олиши учун унга катта бургутнинг икки қаноти берилди. У саҳрога — уч ярим йил давомида унга ғамхўрлик қилинадиган жойга қочиб бориши керак эди.

[15] Илон эса, уни сел оқизиб кетсин деб, оғзини очди–да, аёлнинг кетидан дарёдай сув оқизди.

[16] Аммо ер аёлга ёрдам берди. Ер даҳанини очиб, аждарҳо оқизган дарёни ютиб юборди.

[17] Аждарҳо аёлдан қаттиқ ғазабланди. У аёлнинг бошқа фарзандлари билан жанг қилгани чиқди. Аёлнинг фарзандлари — Худонинг амрига итоат қилган ва Исонинг шаҳодатига содиқ қолган одамлардир.

Юҳаннога аён қилинган ваҳий — Chapters