[1] Бир куни Гилад уруғининг уруғбошилари Мусо билан Исроил йўлбошчилари олдига келишди. Гилад Мохирнинг ўғли, Манашенинг невараси, Юсуфнинг эвараси эди.
[2] — Эй Мусо ҳазратлари, — дея мурожаат қилишди улар. — Эгамиз сизга, Исроил халқига қуръа бўйича ерни мулк қилиб бер, деб амр қилганда, инимиз Залофходнинг мулкини қизларига беришингизни айтган эди.
[3] Борди–ю, Залофходнинг қизлари Исроилнинг бошқа қабиласидаги йигитларга турмушга чиқсалар, уларнинг мулки турмушга чиққан уруғнинг мулкига қўшилади. Шунда қабиламиз улуш қилиб олган ернинг бир қисмидан айрилиб қолади.
[4] Қутлуғ йил келганда эса Залофход қизларининг мулки ўзлари турмушга чиққан уруғнинг мулкига қўшилиб, қабиламизнинг мулкидан айириб олинади ва биз қабиламизга тегишли бўлган бир қисм ердан маҳрум бўлиб қоламиз.
[5] Мусо, Эгамизнинг амрига биноан, Исроил халқига айтди: — Юсуф авлодининг гапи тўғри.
[6] Эгамиз Залофходнинг қизлари ҳақида шундай амр берди: Залофходнинг қизлари ўзлари хоҳлаган одамларга турмушга чиқишсин. Лекин улар турмушга чиқадиган йигитлар Залофходнинг қабиласидан бўлишлари шарт.
[7] Исроил халқининг мулки бир қабиладан бошқасига ўтиб кетмасин. Ҳар бир Исроил одами оталаридан мерос қилиб олган ерни сақласин.
[8] Исроилнинг ҳамма қабиласида мулкка меросхўрлик қиладиган ҳар қандай қиз, ўзининг қабиласидан бирортасига турмушга чиқсин, токи Исроилнинг ҳамма одамлари мулк қилиб олган ерларига ўзлари эгалик қилсин.
[9] Ана шунда мулк бир қабиладан бошқа қабилага ўтиб кетмайди. Исроил халқининг ҳар бир қабиласи ўз мулкини сақлаб қолсин.
[10] Эгамиз Мусога нима амр этган бўлса, Залофходнинг қизлари шуни қилдилар.
[11] Залофходнинг Махло, Тирза, Хўглах, Милхо ва Нуваҳ исмли қизлари ўз амакиларининг ўғилларига турмушга чиқдилар.
[12] Улар турмушга чиққан йигитлар Юсуф ўғли Манаше уруғларидан эдилар. Шундай қилиб, у қизларнинг мероси оталари қабиласида қолди.
[13] Мусо орқали Исроил халқига Эгамиз берган амр ва қонунлар ана шулардан иборатдир. Бу қонунлар Мўаб текислигида, Ерихо шаҳрининг рўпарасидаги Иордан дарёси бўйида берилган эди.