[1] Балом Исроилни дуо қилаётгани Эгамизга маъқул келганини кўриб, бу сафар фол очгани бормади. У саҳро томон назар ташлаб,
[2] у ерда қабила–қабила бўлиб қароргоҳ қурган Исроил халқини кўрди. Шунда Худонинг Руҳи Баломни қамраб олди,
[3] Балом шундай башорат қилди: “Бавўр ўғли Балом гапиряпти, Кўзи очиқ инсон сўзлаяпти.
[4] Худонинг каломини эшитган, Қодир Худодан келган ваҳийни кўрган, Ҳушидан айрилган, лекин кўзлари катта очиқ одам айтяпти.
[5] Эй Ёқуб насли! Чодирларингиз қандай ажойиб! Эй Исроил халқи! Маконингиз нақадар гўзал!
[6] Чодиру маконларингиз пальмазор сингари бепоён, Бамисоли дарё бўйидаги боғ–роғлардир, Эгамиз ўтқазган алоэга ўхшар, Сув бўйидаги садр дарахти кабидир.
[7] Уларнинг челаклари сув билан тўлиб–тошар, Эккан уруғлари мириқиб сувга тўяр. Исроил шоҳи Ўгахдан устун бўлар, Исроил шоҳлиги ғоят юксалар.
[8] Ёввойи буқанинг кучи билан Худо Мисрдан олиб чиққан уларни. Исроил халқи ямламай ютар ғанимларини, Уларнинг суякларини майдалаб ташлар, Ўқлар отиб, уларни яксон этар.
[9] Ана, у урғочи шердай эгилди–да, ётди. Уни турғизишга ким журъат этар?! Сени дуо қилганлар барака топар, Сени лаънатлаганлар лаънати бўлар!”
[10] Болоқ Баломдан қаттиқ ғазабланганидан кафтини кафтига уриб: — Мен сени, ғанимларимни лаънатлагин деб, чақиртирган эдим. Сен эса уларни уч марта дуо қилдинг! — деб дўқ урди.
[11] — Йўқол! Уйингга жўна! Мен сени мукофотламоқчи эдим, лекин Эганг сени мукофотдан маҳрум қилди.
[12] Шунда Балом Болоққа деди: — Менинг олдимга жўнатган чопарларингга айтмаганмидим:
[13] “Болоқ менга саройидаги ҳамма олтину кумушини берса ҳам, мен Эгамизнинг айтганидан четга чиқа олмайман. Ўз ихтиёрим билан бирор яхши ёки ёмон иш қилолмайман. Эгамиз менга нима деса, шуни айтаман”, деб?!
[14] Энди мен ўз халқим олдига қайтиб кетаман. Лекин кетишимдан олдин, Исроил халқи келажакда халқинг бошига қандай кунларни солишини сенга айтиб қўяй.
[15] Шундан сўнг Балом қуйидагича башорат қилди: “Бавўр ўғли Балом гапиряпти, Кўзи очиқ инсон сўзлаяпти.
[16] Худонинг каломини эшитган, Худойи Таолодан илму маърифат олган, Қодир Худонинг ваҳийини кўрган, Ҳушидан айрилган, лекин кўзлари катта очиқ одам айтяпти.
[17] Уни кўряпман–у, лекин шу топда йўқ, Унга қараяпман–у, лекин у яқин эмас. Бир юлдуз чиқар Ёқуб наслидан, Салтанат ҳассаси Исроил халқидан. Вайрон қилар у Мўаб чегараларини, Яксон этар Шет халқининг ерларини.
[18] Эдом ўлжага айланар, Ҳа, Сеир ғанимларнинг мулки бўлар, Исроил халқи эса зафарни қучар.
[19] Ёқуб наслидан ҳукмдор чиқар, Ир халқини тамом қириб ташлар.”
[20] Сўнг Балом Омолек халқини кўриб, улар ҳақида шундай башорат қилди: “Халқларнинг сардоридир Омолеклар, Лекин охири абадий ҳалокатга йўлиқар улар.”
[21] Кейин у Хайин халқини кўриб, улар ҳақида қуйидагича башорат қилди: “Мустаҳкамдир сизнинг бошпанангиз, Тоғ чўққисида жойлашган сизнинг инингиз.
[22] Ошур халқи сизни асир қилиб олиб кетажак, Шунда Хайин халқи қирилиб йўқ бўлажак.”
[23] Балом яна башоратини давом эттирди: “Эвоҳ! Худо шу ишларни амалга оширгач, ким тирик қолар?!
[24] Кипрдан сузиб келар кемалар, Ошур ва Ибир халқларини таслим этишар. Абадий ҳалокатга учрайди улар.”
[25] Шундан кейин Балом йўлга чиқиб, уйига жўнади. Болоқ ҳам ўз йўлига кетди.