[1] Балом Болоққа деди: — Шу ерда мен учун еттита қурбонгоҳ қуриб, еттита буқа ва еттита қўчқорни тайёрлаб қўй.
[2] Болоқ Балом айтгандай қилди. Сўнг икковлари ҳар бир қурбонгоҳда биттадан буқа ва биттадан қўчқорни қурбонлик қилишди.
[3] Кейин Балом Болоққа деди: — Сен куйдирилган қурбонликларинг ёнида қол, мен эса бориб кўрай, Эгамиз менга пешвоз чиқармикин. У менга нимани аён қилса, шуни сенга айтаман. Балом тепаликка чиқди.
[4] Худо Балом билан учрашгач, Балом Худога деди: — Мен еттита қурбонгоҳ қурдириб, ҳар бир қурбонгоҳда биттадан буқа ва биттадан қўчқорни қурбонлик қилдим.
[5] Эгамиз Баломнинг оғзига сўз солиб: — Болоқнинг олдига қайтиб бор, унга Мен айтган сўзларимни етказ, — деди.
[6] Балом Болоқнинг олдига қайтиб келди. Болоқ ҳамма Мўаб аъёнлари билан бирга куйдирилган қурбонликларнинг ёнида турган эди.
[7] Балом қуйидагича башорат қилди: “Мени Мўаб шоҳи Болоқ шарқий тоғлардан, Орамдан олиб келиб, деди: «Кел, мен учун Ёқуб наслини лаънатла, Кел, Исроил халқини сен қарға!»
[8] Худо лаънатламаганни мен қандай лаънатлайин?! Эгамиз қарғамаганни қандай қилиб қарғайин?!
[9] Қоянинг тепасида туриб мен уларни кўряпман, Тепаликдан уларга қараб турибман, Яшайди бу халқ ҳаммадан алоҳида. Ўзгачадир улар халқлар орасида.
[10] Қумдай сон–саноқсиз бўлган Ёқуб наслини ким санаб чиқар?! Исроилнинг чорагини ким ҳисоблаб чиқа олар?! Мен ҳам солиҳ инсон бўлиб оламдан ўтай, Илойим, бўлсин уларникидай охиратим бахайр.”
[11] — Сен нима қиляпсан ўзи? — деди Болоқ Баломга. — Мен сени, душманларимни лаънатлайди деб, чақиртириб келган эдим, сен эса уларни дуо қиляпсан–ку!
[12] — Мен фақат Эгамиз оғзимга солган сўзни айтишим керак–ку! — деб жавоб берди Балом.
[13] — Кел, мен билан бирга бошқа жойга бора қол, — деди Баломга Болоқ. — Сен ўша жойдан Исроил халқининг бир қисмини кўрасан. Ўша жойдан туриб Исроилни мен учун лаънатла.
[14] Болоқ Баломни Фисгах тоғ тизмаси тепасидаги Зўфим деган ясси жойга бошлаб келди. У ерда ҳам еттита қурбонгоҳ қуриб, ҳар бир қурбонгоҳ устида биттадан буқа ва биттадан қўчқорни қурбонлик қилди.
[15] Сўнг Балом Болоққа деди: — Сен шу ерда — куйдирилган қурбонликларинг ёнида қол, мен эса ҳов анави ерга бориб, Эгамиз билан учрашиб келаман.
[16] Эгамиз Баломга пешвоз чиқиб, унинг оғзига сўз солди. Сўнг: — Болоқнинг олдига қайтиб бор, унга Мен айтган сўзларимни айт, — деди.
[17] Балом Болоқнинг олдига қайтиб келди. Болоқ Мўаб аъёнлари билан бирга куйдирилган қурбонликларнинг ёнида турган эди. — Эганг нима деди? — деб сўради ундан Болоқ.
[18] Балом қуйидагича башорат қилди: “Менга қара, эй Зиппур ўғли Болоқ, Гапларимни эшит, яхшилаб солгин қулоқ.
[19] Худо инсон эмаски, У ёлғон гапирса, У одам эмаски, фикрини ўзгартирса. У доим ваъдаси устидан чиқар! Ўз айтганларин албатта бажарар!
[20] Худо менга берди дуо сўзларини, Ўзгартира олмайман мен Худонинг баракасини.
[21] Мен Исроилнинг келажагини кўряпман, Ёқуб насли бошига кулфат тушмас, Бу халқ бирор кўргилик кўрмас. Эгаси Худо уларнинг орасида, Шоҳ, дея олқишлар Уни ҳамма.
[22] Ёввойи буқанинг кучи билан Худо уларни Мисрдан олиб чиққан.
[23] Ёқуб наслига ҳеч қандай сеҳр–жоду таъсир қилмайди, Исроилга қарши фолбинлик асло ўтмайди. Одамлар Ёқуб насли ҳақида, Исроил тўғрисида: «Қаранглар, Худо нималарни қилган», деб айтишар.
[24] Исроил халқи шер каби қўзғалар, Арслондай сакраб турар, Ўлжасини еб битирмагунча, Қурбонларнинг қонига тўймагунча ётмас.”
[25] Шундан сўнг Болоқ Баломга айтди: — Исроил халқини лаънатламагин ҳам, дуо ҳам қилмагин!
[26] Лекин Балом Болоққа: — Мен сизга, фақат Эгамизнинг айтганини қиламан, деб айтмаганмидим?! — деди.
[27] — Юр, энди мен сени бошқа жойга олиб бораман, — деди Болоқ. — Балки шунда Худо мамнун бўлиб, ўша ердан туриб мен учун Исроилни лаънатлашингга йўл қўяр.
[28] Болоқ Баломни Пиёр тоғининг тепасига бошлаб олиб чиқди. Бу тоғдан саҳронинг манзараси кўриниб турарди.
[29] Балом Болоққа деди: — Шу ерда менга еттита қурбонгоҳ қуриб, еттита буқа билан еттита қўчқорни тайёрлаб қўй.
[30] Болоқ Балом айтгандай қилиб, ҳар бир қурбонгоҳда биттадан буқа ва биттадан қўчқорни қурбонлик қилди.