Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:03

[1] Мусо Ҳабашистонлик аёлга уйлангани учун Марям ва Ҳорун Мусога қарши гапирдилар.

[2] Иккови: “Эгамиз ёлғиз Мусо орқали гапирибдими?! У биз орқали ҳам гапирмаганми?!” дейишди. Эгамиз уларнинг бу гапини эшитди.

[3] Мусо жуда камтар одам эди, ер юзида камтарликда унга тенг келадигани йўқ эди.

[4] Эгамиз бирдан Мусо, Ҳорун ва Марямга: — Учовингиз ҳам Учрашув чодирига келинглар! — деб амр берди. Шундан сўнг учовлари Учрашув чодирига келишди.

[5] Эгамиз устун шаклидаги булутда тушиб, Чодирга кираверишда турди ва Ҳорун билан Марямни чақирди. Иккови олдинга чиқди.

[6] Эгамиз уларга деди: — Менинг сўзларимни эшитиб олинглар. Орангизда пайғамбар бўлганда, Мен, Эгангиз, Ўзимни уларга ваҳийда аён қиламан, улар билан тушларида гаплашаман.

[7] Лекин қулим Мусо билан бошқача гаплашаман. Менинг бутун халқим орасида ишончлиси Мусодир.

[8] Мен у билан жумбоқли башоратлар орқали эмас, балки юзма–юз, очиқ–ойдин гаплашаман. Мусо Мен, Эгангизнинг шарпасини кўради. Наҳотки сизлар Менинг қулим Мусога қарши гапиришдан қўрқмадингизлар?!

[9] Эгамиз улардан қаттиқ ғазабланиб, узоқлашди.

[10] Булут Чодир тепасидан кетиши биланоқ, Марям тери касаллигига чалиниб, қордай оппоқ бўлиб қолди. Ҳорун буни кўриб,

[11] Мусога ёлворди: — Эй ҳазратим, биз аҳмоқлик қилиб қўйдик! Ўтинаман, гуноҳимиздан ўтинг!

[12] Марям она қорнидаёқ чирий бошлаган ўлик чақалоққа ўхшаб қолмасин!

[13] Шунда Мусо Эгамизга илтижо қилиб: — Эй Худо, унга шифо бер! — деб ёлворди.

[14] Эгамиз эса Мусога шундай жавоб берди: — Агар Марямнинг ўз отаси унинг юзига тупурганда, у етти кун шарманда бўлиб юрмасмиди?! Марямни қароргоҳдан чиқариб юборинглар, у етти кундан кейингина қароргоҳга қайтиб келиши мумкин.

[15] Шундай қилиб, Марям қароргоҳдан ҳайдаб чиқарилди. У етти кун қароргоҳдан ташқарида бўлди. У қайтиб келмагунча халқ йўлга чиқмай турди.

Саҳрода (Тавротнинг тўртинчи китоби) — Chapters