Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:58

[1] Шундан сўнг халқ Хазерўтдан йўлга чиқиб, Порон чўлига келиб қароргоҳ қурди.

[2] Эгамиз Мусога деди:

[3] “Мен Исроил халқига бераётган Канъон юртига айғоқчилар юбор. Ҳар бир қабиладан биттадан йўлбошчини жўнат.”

[4] Мусо, Эгамизнинг амрига мувофиқ, қабила йўлбошчиларини Порон чўлидан Канъон юртига жўнатди.

[5] Уларнинг исми қуйидагичадир: Рубен қабиласидан — Заккур ўғли Шаммува.

[6] Шимўн қабиласидан — Хўри ўғли Шофот.

[7] Яҳудо қабиласидан — Яфунах ўғли Холиб.

[8] Иссахор қабиласидан — Юсуф ўғли Йихал.

[9] Эфрайим қабиласидан — Нун ўғли Хўшея.

[10] Бенямин қабиласидан — Рофу ўғли Палти.

[11] Забулун қабиласидан — Сўди ўғли Гаддиёл.

[12] Юсуф қабиласидан, яъни Манаше қабиласидан — Сусих ўғли Гадди.

[13] Дан қабиласидан — Гамали ўғли Омиёл.

[14] Ошер қабиласидан — Микойил ўғли Сатур.

[15] Нафтали қабиласидан — Вофси ўғли Нахби.

[16] Гад қабиласидан — Мохи ўғли Гувал.

[17] Мусо Канъон юртига айғоқчиликка юборган одамларнинг исми ана шулардир. Мусо Нун ўғли Хўшеянинг исмини ўзгартириб, уни Ёшуа деб атади.

[18] Мусо уларни Канъон юртига айғоқчиликка юборар экан, шундай деди: “Шимолга қараб юринглар, Нагав чўлини айланиб чиққанингиздан кейин, чўлдан шимолда жойлашган қирли ерларни ҳам кўриб чиқинглар.

[19] У ерлар қандай жой, у ерда яшаётган халқ кучлими ёки заифми, кўпми ёки озми,

[20] юрти яхшими ёки ёмонми, шаҳарлари девор билан ўралганми ёки йўқми,

[21] ерлари унумдорми ёки камҳосилми, дарахтлари борми ёки йўқми, билиб келинглар. Ўша юртнинг меваларидан олиб келишнинг иложини қилинглар.” Узум мавсуми энди бошланган эди.

[22] Шундай қилиб, айғоқчилар шимолга қараб кетишди. Зин чўлидан бошлаб, Лево–Хомат яқинидаги Рехоб шаҳригача бўлган ҳамма жойларни кўздан кечириб чиқишди.

[23] Даставвал улар Нагав чўлини кесиб ўтиб, Хеврон шаҳрига боришганди. Ўша ерда Оноқ авлодидан келиб чиққан Охиман, Шешай ва Талмай уруғлари яшашарди. Хеврон Мисрдаги Зўван шаҳридан етти йил олдин қурилган эди.

[24] У ердан айғоқчилар Эшкўл сойлигига бориб, бир бош узумни шохи билан қирқиб олишганди. Бу бош узумни икки киши ходага осиб кўтариб кетганди. Бундан ташқари, улар анор ва анжирлардан ҳам олишганди.

[25] Айғоқчилар сойликдан бир бош узум қирқиб олганлари учун ўша сойликка Эшкўл деб ном берилди.

[26] Ниҳоят, улар юртни кўриб чиқиб, қирқинчи куни қайтишди.

[27] Порон чўлидаги Кадешга — Мусо, Ҳорун ва бутун Исроил жамоаси олдига келишди. Уларга кўрган–билганларини айтиб, ўша юртнинг меваларини кўрсатишди.

[28] Улар Мусога шундай деб айтишди: — Сиз бизни юборган юртга бордик, у ерда чиндан ҳам сут ва асал оқиб ётибди. Мана бу мевалар ўша ердан.

[29] Лекин у ернинг халқлари кучли, шаҳарлари мустаҳкам ва ниҳоятда улкан экан. Биз у ерда ҳатто Оноқ авлодини ҳам кўрдик!

[30] Омолек халқи — Нагав чўлида, Хет, Ёбус ва Амор халқлари — қирларда, Канъон халқи эса Ўрта ер денгизи қирғоқларида ва Иордан дарёси бўйларида истиқомат қилишар экан.

[31] Холиб Мусонинг рўпарасида турган халқни тинчлантириб: — Бўла қолинглар, ўша юртга ҳужум қилиб, уни эгаллаб олайлик. Ўша юртни босиб олишга албатта кучимиз етади, — деди.

[32] Лекин Холиб билан бирга борганлар: — У халққа бас кела олармидик?! Улар биздан кучлироқ–ку! — дейишди.

[33] Шундай қилиб, улар ўзлари кўриб келган юрт тўғрисида Исроил халқи орасида бўлмағур миш–мишлар тарқата бошлашди: “Биз кўриб келган юрт у ерда яшашга борадиганларни ютиб юборар экан. Ўша юртдаги ҳамма одамлар дев қомат экан.

[34] Биз у ерда ҳатто улкан паҳлавонлар уруғидан бўлган Оноқ авлодини кўрдик. Уларнинг олдида ўзимизни худди чигирткадай ҳис қилдик. Ҳа, уларнинг назарида ҳам биз чигирткадай эдик.”

Саҳрода (Тавротнинг тўртинчи китоби) — Chapters