Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:33

[1] Эгамиз Мусога деди:

[2] — Исроил халқи учун Мидиёнлардан қасос ол. Ўшандан сўнг сен оламдан кўз юмасан.

[3] Шундан кейин Мусо халққа айтди: — Одамларингизнинг бир қисмини қуроллантиринглар. Улар Мидиён халқи билан жанг қилиб, улардан Эгамизнинг қасосини олишсин.

[4] Ҳар бир Исроил қабиласидан мингтадан одамни урушга жўнатинглар.

[5] Ҳар бир Исроил қабиласидан мингтадан одам танлаб олинди, жами ўн икки минг одам қуролланиб жангга шай бўлди.

[6] Мусо уларни ва улар билан бирга Элазар ўғли руҳоний Финхазни урушга жўнатди. Финхаз ўзи билан муқаддас ашёларни ва карнайларни олиб кетди. Бу карнайлар хатардан дарак бериш учун чалинарди.

[7] Эгамиз Мусога амр қилгандай, Исроил сипоҳлари Мидиёнлар билан жанг қилишди. Улар Мидиён халқининг бутун эркак зотини қириб ташлашди.

[8] Мидиён халқининг бешала шоҳини — Эви, Рахем, Зур, Хур, Рабани ҳам бошқалар қатори ўлдириб юборишди. Бавўр ўғли Баломни ҳам қиличдан ўтказишди.

[9] Мидиён халқининг аёлларию болаларини асир қилиб, жамики подаларини, сурувларини ва мол–мулкини ўлжа қилиб олишди.

[10] Мидиён халқи истиқомат қилган ҳамма шаҳару қароргоҳларга ўт қўйишди.

[11] Олган ҳамма ўлжаларини — одамидан тортиб, молигача

[12] қароргоҳга — Мусо, руҳоний Элазар ва Исроил жамоаси ҳузурига олиб келишди. Қароргоҳ Мўаб текислигида, Ерихо шаҳри рўпарасидаги Иордан дарёси бўйида жойлашган эди.

[13] Мусо, руҳоний Элазар ва жамоанинг ҳамма йўлбошчилари уларни кутиб олиш учун қароргоҳдан ташқарига чиқишди.

[14] Мусо урушдан қайтиб келган мингбоши ва юзбошилардан қаттиқ ғазабланди.

[15] — Нимага ҳамма аёлларни тирик қолдирдингиз? — деб сўради улардан Мусо.

[16] — Баломнинг маслаҳати билан Пиёр тоғида Исроил халқини Эгамизга хиёнат қилишга ундаган шулар–ку! Ўшаларнинг дастидан Эгамизнинг жамоаси орасида ўлат пайдо бўлган эди!

[17] Қани, бўлинглар, ҳамма ўғил болаларни ва эр кўрган аёлларни ўлдиринглар.

[18] Фақат эр кўрмаган қизларни ўзингиз учун тирик қолдиринглар.

[19] Сўнг етти кун давомида қароргоҳдан ташқарида бўлинглар. Қайси бирингиз одам ўлдирган ёки жасадга қўл теккизган бўлсангиз, учинчи ва еттинчи кунлари покланинглар. Сизлар билан бирга асирлар ҳам покланишсин.

[20] Ҳамма кийимларни, барча чарм ва ёғоч буюмларни, эчки жунидан тўқилган ҳамма нарсаларни покланглар.

[21] Руҳоний Элазар урушга борган сипоҳларга деди: — Мусога Эгамиз амр этган қонун шундан иборат:

[22] олтин, кумуш, бронза, темир, қалай ва қўрғошинни,

[23] хуллас, оловда ёнмайдиган ҳамма нарсани оловдан ўтказиб покланглар. Бундан ташқари, покланиш суви билан ҳам покланглар. Оловда ёнадиган буюмларни эса сувнинг ўзи билан покланглар.

[24] Еттинчи куни кийимларингизни ювинглар. Шунда пок бўласизлар. Кейин қароргоҳга кирсангиз бўлади.

[25] Эгамиз яна Мусога айтди:

[26] — Сен, руҳоний Элазар ва жамоанинг уруғбошилари асир олинган одамларни, ўлжа қилинган ҳайвонларни ҳисоблаб чиқинглар.

[27] Асиру ўлжаларни тенг икки қисмга бўлиб, бир қисмини урушга борган сипоҳларга, иккинчи қисмини бутун жамоага беринглар.

[28] Урушга борган сипоҳлар улушидан Мен — Эгангиз учун улуш ажратинглар. Асирлар, мол, эшак, қўй ва эчкиларнинг ҳар беш юзтасидан биттасини Менга улуш қилиб беринглар.

[29] Сипоҳлардан олинган бу улушни Менга қилинган назр сифатида руҳоний Элазарга беринглар.

[30] Халққа тегишли бўлган ўлжанинг иккинчи қисмидан Муқаддас чодирим учун масъул бўлган левиларга улуш беринглар. Асирлар, мол, эшак, қўй ва эчкиларнинг ҳар элликтасидан биттаси левиларга берилсин.

[31] Мусо билан руҳоний Элазар Эгамизнинг Мусога берган амрини адо этишди.

[32] Сипоҳлар қўлга киритган нарсалардан ташқари ўлжа қилиб олган мол–ҳол ва аёлларнинг умумий сони қуйидагича эди: қўй–эчкилар — 675.000 та,

[33] моллар — 72.000 та,

[34] эшаклар — 61.000 та,

[35] эр кўрмаган қизлар — 32.000 та.

[36] Ўлжанинг урушга борган сипоҳларга тегишли қисми қуйидагича эди: қўй–эчкилар — 337.500 та,

[37] шулардан 675 та қўй–эчки Эгамизнинг улушидир,

[38] моллар — 36.000 та, шулардан 72 таси Эгамизнинг улушидир,

[39] эшаклар — 30.500 та, шулардан 61 таси Эгамизнинг улушидир,

[40] эр кўрмаган қизлар — 16.000 та, шулардан 32 нафари Эгамизнинг улушидир.

[41] Эгамиз Мусога амр қилгандай, Мусо Эгамизга ажратилган улушни назр сифатида руҳоний Элазарга берди.

[42] Мусо Исроил халқи учун сипоҳларнинг ўлжасидан ажратиб олган қисм қуйидагилардан иборат эди:

[43] қўй–эчкилар — 337.500 та,

[44] моллар — 36.000 та,

[45] эшаклар — 30.500 та,

[46] эр кўрмаган қизлар — 16.000 та.

[47] Исроил халқи улуш қилиб олган одаму ҳайвонларнинг ҳар элликтасидан биттасини Мусо Эгамизнинг Муқаддас чодири учун масъул бўлган левиларга берди. Эгамиз Мусога нимани амр қилган бўлса, Мусо шуни қилди.

[48] Шундан сўнг мингбоши ва юзбошилар Мусонинг ҳузурига келишди.

[49] Улар Мусога: — Биз, қулларингиз, қўлимиз остидаги сипоҳларни санаб чиқдик, — дейишди, — биронта одамимизни йўқотмабмиз.

[50] Ўзимизни Эгамиз ҳукмидан ҳимоя қилиш учун, биз топган олтин буюмларимизни — билагузуклар, муҳр узуклар, сирғалар ва зебигардонларимизни Эгамизга назр қилиб олиб келдик.

[51] Мусо билан руҳоний Элазар улар олиб келган ҳамма олтин зеб–зийнатларни олишди.

[52] Мингбоши ва юзбошилар Эгамизга назр қилган олтиннинг умумий оғирлиги ўн икки пудга яқин чиқди.

[53] Оддий сипоҳлар эса қўлга киритган ўлжаларни ўзларига қолдирган эдилар.

[54] Исроил халқини Эгамиз доим эсида тутиши учун Мусо билан руҳоний Элазар мингбоши ва юзбошилардан олган олтин буюмларни Учрашув чодирига олиб келишди.

Саҳрода (Тавротнинг тўртинчи китоби) — Chapters