Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:09

[1] Нагав чўлида истиқомат қилаётган Арод шоҳи: “Исроил халқи Оторим йўлидан келаётган экан” деган хабарни эшитиб, жангга отланди. Канъон наслидан бўлган бу шоҳ Исроил халқи билан жанг қилиб, улардан бир нечтасини асир олди.

[2] Бу воқеадан сўнг Исроил халқи Эгамизга қасам ичиб, шундай деди: — Эй Эгамиз! Агар Сен шу халқни бизнинг қўлимизга берсанг, уларнинг ҳамма шаҳарларини бутунлай вайрон қиламиз.

[3] Эгамиз Исроил халқининг илтижосини эшитиб, Канъон халқини уларнинг қўлига берди. Улар Канъонликларни қириб ташлаб, шаҳарларини бутунлай вайрон қилишди. Шунинг учун бу жойга Хўрмах деб ном берилди.

[4] Исроил халқи Хўр тоғини тарк этиб, Эдом ерларини четлаб ўтиш учун Қизил денгизга борадиган йўлдан кетди. Лекин халқ йўлда кетаётиб, яна сабрсизлик қилди.

[5] Улар минғирлаб Худодан ва Мусодан нолий бошладилар: — Нимага бизни Мисрдан олиб чиқдингизлар? Саҳрода ўлиб кетишимиз учунми?! Бу ерда на нон бор, на сув. Мана бу бўлмағур манна меъдамизга тегиб кетди–ку!

[6] Шу воқеадан кейин Эгамиз халқ орасига заҳарли илонларни жўнатди, илонлар Исроил халқининг кўпчилигини чақиб ўлдирди.

[7] Охири халқ Мусонинг олдига келиб: — Биз Эгамизга ҳам, сенга ҳам қарши гапириб гуноҳ қилдик, — деди, — Эгамизга илтижо қил, У бизнинг орамиздан илонларни даф қилсин. Мусо халқ учун Эгамизга илтижо қилди.

[8] Шунда Эгамиз Мусога деди: — Илон ясаб, уни ходага маҳкамлаб қўй. Илон чаққан одам ўшанга қараб тирик қолади.

[9] Мусо бронзадан илонни ясаб, уни ходага маҳкамлаб қўйди. Илон чаққан одам бронзадан ясалган илонга қараганда, ўлмасдан тирик қоларди.

[10] Исроил халқи сафарини давом эттириб, Обўтда қароргоҳ қурди.

[11] Сўнг улар Обўтдан ҳам кетиб Ивай–Аборимга қўнишди. Ивай–Аборим Мўаб юртининг шарқидаги саҳрода жойлашган эди.

[12] У ердан ҳам кетиб, Зарад сойлигида тўхташди.

[13] Сўнг яна йўлга чиқиб, Арнон сойлигининг шимолий қирғоғига — Амор юртининг чегарасига туташ бўлган саҳрога жойлашишди. Арнон сойлиги Амор ва Мўаб юртларининг ўртасида чегара эди.

[14] Шу сабабдан “Эгамизнинг жангномаси” китобида Суфа ерларидаги Воҳиб шаҳри ва сойликлар тилга олинади. Шунингдек, Арнон сойлиги

[15] ва Мўаб чегарасидаги Ор шаҳригача чўзилган дарёнинг ирмоқлари эсланади.

[16] Исроил халқи у ердан чиқиб, Бэр деган жойдаги қудуққа йўл олди. Ўша қудуқ ёнида Эгамиз Мусога: “Халқни йиғ, Мен уларга сув бераман”, деди.

[17] Ўшанда Исроил халқи шу қўшиқни куйлади: “Тўлиб–тош, эй қудуқ, Қудуқ ҳақида куйланг!

[18] Йўлбошчилар қазиганди бу қудуқни, Асилзодалар ковлаганди бу қудуқни Салтанат ҳассалари ила, Салтанат тамғалари ила.” Сўнг улар саҳродан Маттоно шаҳрига йўл олдилар.

[19] Маттонодан эса Наҳалиёлга, Наҳалиёлдан Бомўтга,

[20] Бомўтдан Мўаб ерларидаги водийга боришди. Фисгах тоғ тизмаси ёнидаги бу водийдан саҳронинг манзараси очиларди.

[21] Кейин Исроил халқи Амор халқининг шоҳи Сихўнга шу гапни айтиш учун чопарлар жўнатди:

[22] “Бизга юртингиз орқали ўтиб кетишга ижозат берсангиз. Биз экинзорларингизга, узумзорларингизга кирмаймиз, қудуқларингиз сувидан ичмаймиз. Сизнинг юртингиздан ўтиб кетгунча, фақат Шоҳ йўлидан юрамиз.”

[23] Лекин Сихўн Исроил халқига ўз юртидан ўтиб кетишга ижозат бермади. У жамики лашкарини йиғиб, саҳродаги Яхаз шаҳри ёнида Исроил халқига ҳужум қилди.

[24] Жангда Исроил халқи Сихўнни мағлуб этди ва Арнон сойлигидан тортиб, Явоқ дарёсигача бўлган ҳамма ерларини эгаллаб олди. Лекин Оммон халқининг чегарасидан у ёғига ўтмади, чунки Оммон юртининг чегараси мустаҳкам эди.

[25] Исроил халқи Амор халқининг ҳамма шаҳарларини, хусусан, Хашбон шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқларни босиб олиб, ўша шаҳарларда ўрнашиб олди.

[26] Хашбон шаҳри Амор шоҳлигининг пойтахти эди. Амор шоҳи Сихўн Мўабнинг олдинги шоҳи билан жанг қилиб, унинг Арнон сойлигигача бўлган ҳамма ерларини босиб олган эди.

[27] Шунинг учун достончилар айтишарди: “Хашбонга келинглар, қайта қуринглар уни, Мустаҳкам этинглар Сихўн шаҳрини.

[28] Олов чиқиб кетди–ку Хашбон шаҳридан, Аланга чиқди шоҳ Сихўннинг шаҳридан. Ёнғин яксон қилди Мўабдаги Ор шаҳрини, Йўқ қилди Арнон қирлари шоҳларини.

[29] Ҳолингга вой, эй Мўаб халқи! Тамом бўлдингиз, Хамўш ихлосмандлари! Хамўш қочқин қилди ўғилларингизни, Амор халқининг шоҳи Сихўнга асир қилди Сизнинг қиз–жувонларингизни.

[30] Қириб ташладик биз уларни, Хашбондан Дибонга қадар йўқ қилдик ҳаммасини. Нўфахдан Мидавога қадар хонавайрон қилдик уларни.”

[31] Шундай қилиб, Исроил халқи Амор халқининг юртида ўрнашиб олди.

[32] Мусо Язир шаҳрига айғоқчилар жўнатди. Исроил халқи Язир ва унинг атрофидаги қишлоқларни босиб олиб, у ерда истиқомат қилаётган Амор халқини ҳайдаб чиқарди.

[33] Сўнг улар Башан ўлкасига йўл олишди. Башан шоҳи Ўг жамики лашкарини бошлаб, Эдрей шаҳри яқинида Исроил халқи билан жанг қилгани чиқди.

[34] Шунда Эгамиз Мусога деди: — Ўгдан қўрқма. Мен унинг ўзини, лашкарини ва бутун юртини сенинг қўлингга берганман. Сен Ўгнинг бошига Хашбонда ҳукмронлик қилган Амор халқининг шоҳи Сихўннинг кунини соласан.

[35] Исроил халқи Ўгни, унинг ўғилларини, бутун халқини битта қолдирмай қириб ташлади. Сўнг улар Ўгнинг юртини қўлга киритишди.

Саҳрода (Тавротнинг тўртинчи китоби) — Chapters