[1] Эгамиз Мусога деди:
[2] — Исроил халқига Менинг шу гапимни етказ: “Канъон юртига кириб борганингиздан кейин, сизларга мулк қилиб бериладиган бу юрт қуйидагича чегараланади:
[3] Юртингизнинг жанубий қисми Зин чўлидан Эдом юрти бўйлаб чўзилади. Жанубий чегарангиз шарқ томонда Ўлик денгизнинг жанубий қирғоғидан бошланиб,
[4] Чаёнлар довонидан ўтади ва жанубга — Зин чўли томонга чўзилади. Чегарангизнинг энг жанубий нуқтаси Кадеш–Барна бўлади. У ердан чегара Хазор–Адаргача бориб, Озмон орқали ўтади.
[5] Сўнг бурилиб, Миср чегарасидаги ирмоқ бўйлаб Ўрта ер денгизига бориб тақалади.
[6] Ўрта ер денгизининг қирғоғи ғарбий чегарангизни ташкил қилади.
[7] Шимолий чегарангиз эса Ўрта ер денгизидан шарққа, Хўр тоғига томон чўзилади.
[8] Хўр тоғидан Лево–Хоматгача боради, сўнг Задоддан ўтиб,
[9] Зифрўнга чўзилиб боради ва Хазор–Энанда тўхтайди. Бу сизнинг шимолий чегарангиз бўлади.
[10] Шарқий чегарангиз шимолдаги Хазор–Энандан бошланиб, жануб томон Шафомга боради,
[11] сўнг яна жанубга чўзилиб, Ойиннинг шарқ томонидаги Ривлодан ўтади ва Жалила кўлининг шарқ томонидаги қирлар бўйлаб боради.
[12] Сўнг чегара Иордан дарёси бўйлаб жанубга чўзилиб, Ўлик денгизга бориб тўхтайди. Ҳар томондан чегараланган мана шу ерлар сизларнинг юртингиз бўлади.”
[13] Шундан сўнг Мусо Исроил халқига буюрди: — Бу юртни қуръа ташлаб, бўлиб олинглар. Эгамиз бу юртни тўққизта қабилага ва бир қабиланинг ярмига бўлиб беришни амр этган.
[14] Рубен, Гад қабилалари ва Манаше қабиласининг ярми хонадонлари бўйича Ерихо шаҳрининг рўпарасидаги Иорданнинг шарқ томонидан ўзларига тегишли мулкни олганлар.
[16] Эгамиз Мусога яна айтди:
[17] “Руҳоний Элазар ва Нун ўғли Ёшуа юртни Исроил халқига бўлиб беришсин.
[18] Ҳар бир қабиладан биттадан йўлбошчини уларга ёрдамчи қилиб тайинланглар.
[19] Ўша одамларнинг исмлари қуйидагичадир: Яҳудо қабиласидан — Яфунах ўғли Холиб.
[20] Шимўн қабиласидан — Омиҳуд ўғли Шомуил.
[21] Бенямин қабиласидан — Хислон ўғли Элидод.
[22] Дан қабиласидан — Ёхли ўғли Букки.
[23] Юсуф ўғли Манаше қабиласидан — Эфўд ўғли Ханниёл.
[24] Эфрайим қабиласидан — Шифтон ўғли Камувол.
[25] Забулун қабиласидан — Парнўх ўғли Элизофон.
[26] Иссахор қабиласидан — Оззон ўғли Палтиёл.
[27] Ошер қабиласидан — Шалуми ўғли Охихуд.
[28] Нафтали қабиласидан — Омиҳуд ўғли Падаҳиёл.”
[29] Эгамиз ана шу одамларга, Исроил халқига Канъон юртини мулк қилиб бўлиб беринглар, деб амр берган эди.