[1] Сулаймон бутун Исроилнинг шоҳи эди.
[2] Унинг қўли остидаги аъёнлар қуйидагилар эди: Зодўх ўғли Озариё — руҳоний,
[3] Шишонинг ўғиллари Элихорут ва Охиё — котиб, Охилуд ўғли Ёҳушафат — тарихнавис,
[4] Ёҳайидо ўғли Бинаё — лашкарбоши, Зодўх билан Абуатар — руҳоний,
[5] Натан ўғли Озариё — ҳокимларнинг назоратчиси, Натан ўғли Забуд — руҳоний ва шоҳнинг маслаҳатчиси,
[6] Охисар — сарой бошқарувчиси, Абдах ўғли Одонирам — қаролларнинг бошлиғи эди.
[7] Сулаймоннинг ўн иккита ҳокими бўлиб, улар Исроил ҳудудларини бошқарар, шоҳни ва шоҳ хонадонини озиқ–овқат билан таъминлардилар. Ҳар биттаси йилига бир ой давомида шоҳ хонадонига озиқ–овқат етказиб бериши шарт эди.
[8] Уларнинг исмлари қуйидагича эди: Эфрайим қирларида — Банхур,
[9] Мохаз, Шалбим, Байт–Шамаш, Элўн–Байт–Ханон деган шаҳарларда — Бандахор,
[10] Арбўт ва Сўху шаҳарларида, бутун Хафер ўлкасида — Банхесед,
[11] Бутун Нафўт–Дўр деган жойда — Банабунадав (Сулаймоннинг қизи Тўфат Банабунадавнинг хотини эди),
[12] Танах ва Магидў шаҳарларида, бутун Байт–Шан ҳудудида — Охилуд ўғли Бано (бу жой Йизрил этагидаги Зоратон шаҳридан Овил–Махла шаҳригача ва Ёхмаём шаҳрининг нариги томонига қадар бўлган ерлардир),
[13] Гиладдаги Рамўт шаҳрида — Бангебер, шунингдек, Манаше ўғли Ёвир уруғига қарашли Гилад ўлкасидаги қишлоқлар, Башан ўлкасидаги Аргоб ҳудуди, девор билан ўралган ва дарвозаси бронза тамба билан мустаҳкамланган олтмишта катта шаҳар ҳам унга қарашли эди.
[14] Моханайим ерларида — Иддо ўғли Охинадав,
[15] Нафтали ҳудудида — Охимас (у Сулаймоннинг қизи Босиматга уйланган эди),
[16] Ошер ҳудудида ва Болўт шаҳрида — Хушай ўғли Бано,
[17] Иссахор ерларида — Парувах ўғли Ёҳушафат,
[18] Бенямин ерларида — Эла ўғли Шимах,
[19] Гилад ўлкасида — Ури ўғли Гебер. Илгари Гилад ўлкасида Амор шоҳи Сихўн ва Башан шоҳи Ўг ҳукмронлик қилишган. Яҳудо юртининг ўз ҳукмдори бор эди.
[20] Яҳудо ва Исроил халқи шу қадар кўп эдики, гўё денгиз қирғоғидаги қумни эслатарди. Улар еб–ичиб, хурсандчилик билан яшарди.
[21] Сулаймон Фурот дарёсидан Филистлар ерига ва Миср чегараларига қадар бўлган ҳамма ўлкаларда шоҳлик қиларди. Бу ўлкалардаги халқлар Сулаймонга ўлпон тўлаб, умр бўйи унга тобе бўлдилар.
[22] Сулаймон хонадонининг бир кунлик озиғи қуйидагича эди: 300 тоғора сифатли ун ва 600 тоғора кепакли ун,
[23] оғилхонада боқилган 10 та семиз мол ва яйловда боқилган 20 та буқа, 100 та қўй, булардан ташқари, буғулар, кийиклар, оҳулар, семиз паррандалар.
[24] Фурот дарёсининг ғарбидаги Тифсахдан Ғазо шаҳрига қадар бўлган ўлкаларда, дарёнинг ғарб томонидаги ҳамма шоҳлар устидан Сулаймон ҳукмрон эди. Атрофдаги ҳамма юртлар билан алоқаси яхши эди.
[25] Сулаймон ҳаётлигида Дандан Бершебагача бўлган Яҳудо ва Исроил юртидаги ҳар бир одам ўз узумзорида, ўз анжир дарахти остида тинчгина умр кечирарди.
[26] Сулаймоннинг отхоналарида жанг аравалари учун 4000 оти ва 12.000 учқур отлари бор эди.
[27] Ўша ўн икки ҳокимнинг ҳар бири шоҳ Сулаймонни, шоҳ Сулаймоннинг дастурхонидан таом ейдиганларнинг ҳаммасини белгиланган ойда озиқ–овқат билан таъминларди, бирорта ҳам камчиликка йўл қўйишмасди.
[28] Ҳар бири ўзининг навбати келганда шоҳ тайинлаган ерга жанг араваларининг отлари ва бошқа отлар учун арпа, сомон ҳам олиб келишарди.
[29] Шундай қилиб, Худо Сулаймонга денгиз қирғоғидаги қум каби чексиз–чегарасиз донолик, идрок, тенгсиз ақл берди.
[30] Сулаймоннинг донолиги бутун шарқ халқларининг донолигидан, бутун Миср халқининг донолигидан ҳам ортиқ эди.
[31] У ҳамма инсонлардан, Зерах уруғидан бўлган Этхандан, Мохул ўғиллари Хаман, Қолкўл, Дардахдан ҳам доно эди. Атрофдаги ҳамма халқлар орасида унинг донғи кетган эди.
[32] У 3000 матал, 1005 та қўшиқлар ижро этди.
[33] У Лубнондаги садр дарахтидан тортиб, деворда ўсган иссопгача, қўйингки, жамики дов–дарахтлар, ҳайвонлар, қушлар, судралиб юрувчилар, балиқлар ҳақида сўз юритарди.
[34] Сулаймоннинг донолиги ҳақида эшитган дунёдаги ҳамма шоҳлар унинг олдига одамларини юборарди. Барча халқлардан келган бу одамлар Сулаймоннинг донолигидан баҳраманд бўларди.