[1] Воқеалар кетидан воқеалар юз бераверди. Йизрил шаҳрида, Самария шоҳи Ахабнинг саройи ёнида шу ерлик Навўт деган одамнинг узумзори бор эди.
[2] — Узумзорингни менга бер, мен у ерни полиз қиламан, — деди Ахаб Навўтга. — Узумзоринг менинг уйимга яқин. Ўша жойнинг ўрнига мен сенга ундан ҳам яхшироқ узумзор бераман. Истасанг, баҳосини айт, кумуш берайин.
[3] — Оталаримдан қолган меросни сизга бераманми?! Худо сақласин, — деб жавоб қайтарди Навўт Ахабга.
[4] Йизриллик Навўтнинг: “Оталаримдан қолган меросни сизга бераманми?!” деган гапидан Ахаб ғазабланди, хафаҳол уйига келди. Нон ҳам емай ўринга кириб, тескари қараб ётаверди.
[5] Хотини Изабел Ахабнинг ёнига келиб, ундан: “Нега руҳингиз тушкун, нон ҳам емадингиз?” деб сўради.
[6] Ахаб бўлиб ўтган воқеани айтиб берди: — Йизриллик Навўтга: “Узумзорингни менга сот, кумуш бераман, ёки истасанг унинг ўрнига сенга бошқа узумзор берай”, десам, у: “Узумзоримни сизга бермайман”, деб жавоб қилди.
[7] — Сиз Исроил шоҳимисиз ўзи?! — деди Изабел Ахабга. — Туринг ўрнингиздан, нон–пон еб олинг. Кўнглингизни чоғ қилаверинг. Йизриллик Навўтнинг узумзорини сизга мен олиб бераман.
[8] Изабел Ахаб номидан мактублар ёзди, Ахабнинг муҳри билан тасдиқлади. Мактубларни Навўт яшаётган шаҳарнинг оқсоқолларига, аслзодаларига юборди.
[9] Мактуб қуйидаги мазмунда битилган эди: “Рўза эълон қилинглар. Халқни тўплаб, Навўтни тўрга — ҳаммага кўринадиган жойга ўтқазиб қўйинглар.
[10] Унинг рўпарасига эса иккита ярамас одам ўтирсин. Улар: «Эй Навўт, сен Худони ва шоҳни ҳақорат қилдинг», деб Навўтни айбласинлар. Кейин уни ташқарига олиб чиқиб, тошбўрон қилиб ўлдиринглар.”
[11] Навўт истиқомат қиладиган шаҳардаги одамлар, аслзодалар ва оқсоқоллар ҳаммасини Изабел буюрганидай қилдилар.
[12] Аввал рўза эълон қилдилар. Кейин халқни тўплаб, Навўтга тўрдан жой бердилар.
[13] Иккита ярамас одам келиб, Навўтнинг рўпарасига ўтирди. Улар халқнинг олдида: “Навўт Худони ва шоҳни ҳақорат қилди”, деб Навўтга айб қўйишди. Шундан сўнг Навўтни шаҳар ташқарисига олиб чиқиб, тошбўрон қилиб ўлдирдилар.
[14] Оқсоқоллар ва аслзодалар: “Навўт тошбўрон қилиб ўлдирилди”, деб Изабелга хабар бердилар.
[15] Изабел Навўтнинг тошбўрон қилиб ўлдирилганини эшитган замон Ахабга деди: — Йизриллик Навўт узумзорини сизга кумушга ҳам сотмаган эди. Боринг энди, унинг ўша узумзорини ўзингизнинг мулкингизга қўшиб олинг. Навўт энди йўқ. У ўлибди.
[16] Ахаб Навўтнинг ўлдирилганини эшитди–ю: “Тезроқ бориб, Йизриллик Навўтнинг узумзорини ўзимга мулк қилиб олай”, деб ҳаракатга тушди.
[17] Ўша пайт Тишба шаҳридан бўлган Илёсга Эгамиз шу сўзларни аён қилган эди:
[18] “Бор, Самарияда ўтирган Исроил шоҳи Ахабни кутиб олиш учун чиқ. У ҳозир Навўтнинг узумзорида, ўша узумзорни ўзига мулк қилиб олмоқчи бўлиб, у ерга келди.
[19] Ахабга шу гапларни етказ: «Эгам шундай айтмоқда: Навўтни ўлдириб, унинг мулкини ўзингга олмоқчимисан?! Навўтнинг қонини кўппаклар ялаган ерда сенинг қонингни ҳам кўппаклар ялайди.»”
[20] — Ҳа, душманим, мени бу ерга ҳам топиб келдингми? — деди Ахаб Илёсга. — Ҳа, топиб келдим, — деди Илёс, — сен Эгамиз олдида қабиҳликларга роса муккангдан кетдинг.
[21] Эгамизнинг гапи шундай: “Бошингга бало ёғдираман, сени илдизингдан қуритаман. Исроилдаги сенга қарашли эркак зотини, хоҳ қул бўлсин, хоҳ озод бўлсин, қириб ташлайман.
[22] Исроилни гуноҳга ботириб, Мен, Эгангни ғазаблантирганинг учун сенинг хонадонингни Набат ўғли Ерибомнинг хонадони кўйига, Охиё ўғли Башонинг хонадони кўйига соламан.”
[23] Эгамиз Изабел ҳақида ҳам айтди: “Йизрил девори ичкарисида Изабел кўппакларга ем бўлар.”
[24] Эй Ахаб, хонадонингдан бўлган одам шаҳарда ўлса кўппакларга ем бўлар, қирда ўлса кўкдаги қушларга ем бўлар.
[25] Шу пайтгача ҳеч ким Ахаб сингари, Эгамиз олдида қабиҳликларга муккасидан кетмаган эди. Хотини Изабел эса уни гижгижлаб турар эди.
[26] Ахаб, Амор халқи сингари, бутларга эргашиб, кўп қабиҳликлар қилган эди. Амор халқини эса гуноҳ ишлари учун Эгамиз у юртдан ҳайдаб, юртни Исроил халқига берган эди.
[27] Ахаб Илёснинг айтганларини эшитиб, қайғудан кийимларини йиртди, қанор кийиб олди ва рўза тутди. Ҳатто ухлаганда ҳам қанорни ечмади, доимо ғамгин юрди.
[28] Шундан кейин Илёсга Эгамиз шу сўзларни аён қилди:
[29] “Кўрдингми, Ахаб тавба қилиб, Менинг олдимда қандай мўмин бўлиб қолди! У Менга итоат қилгани учун ҳаёти давомида бошига бало келтирмайман. Ўғли шоҳ бўлгандан сўнг, унинг хонадонига бало–қазо ёғдираман.”