Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:16

[1] Ерибом қурбонгоҳнинг ёнида қурбонлик куйдирмоқчи бўлиб турган пайтда, бир пайғамбар, Эгамизнинг амрига кўра, Яҳудодан Байтилга келди.

[2] Пайғамбар Эгамизнинг амри билан қурбонгоҳга нидо қилди: — Қурбонгоҳ, эй қурбонгоҳ! Эгамиз шундай айтар: “Довуд хонадонида бир ўғил фарзанд дунёга келар, Унинг исми Йўшиё бўлар. Саждагоҳларда қурбонлик куйдирадиган руҳонийларни сенинг устингда қурбон қилар. Сенинг устингда инсон суякларини ёқар.”

[3] Пайғамбар ўша куниёқ бунинг аломати тўғрисида айтди: — Эгамиз айтган аломат қуйидагича бўлади: қурбонгоҳ ёрилиб кетар, устидаги кул тўкилар.

[4] Пайғамбарнинг Байтилдаги қурбонгоҳга айтган бу сўзларини Ерибом эшитгач, қурбонгоҳдан унга томон қўлини узатиб: “Ушланглар уни!” — деди. Ерибомнинг пайғамбарга қарши чўзилган қўли эса қуриб, ёғочдай қотиб қолди. Унинг қўли букилмайдиган бўлиб қолди.

[5] Эгамизнинг пайғамбар орқали айтган аломати бажо бўлди: қурбонгоҳ ёрилиб, устидаги кул тўкилиб кетди.

[6] Шунда шоҳ пайғамбарга деди: — Илтижо қиламан, Эгангиз Худога мен учун ёлвориб, ибодат қилинг, токи қўлим аввалги ҳолига келсин. Пайғамбар Эгамизга ибодат қилган эди, шоҳнинг қўли аввалги ҳолига келиб, букиладиган бўлди.

[7] Шоҳ пайғамбарга яна айтди: — Мен билан юр уйимга, тамадди қилиб ол, сенга ҳадялар берай.

[8] Пайғамбар шоҳга деди: — Бойлигингнинг ярмини берсанг ҳам, сен билан бормайман, бу ерда нон ҳам емайман, сув ҳам ичмайман.

[9] Эгамиз менга: “Нон емайсан, сув ичмайсан, борган йўлингдан қайтмайсан”, деб амр берган.

[10] Шундан кейин пайғамбар Байтилга келган йўлидан қайтмай, бошқа йўлдан кетди.

[11] Байтилда кекса бир пайғамбар яшарди. Унинг ўғиллари келиб, Яҳудолик пайғамбарнинг шу куни Байтилда қилган ишлари ҳақида оталарига айтиб бердилар. Пайғамбарнинг шоҳга айтган сўзларини ҳам оталарига баён қилдилар.

[12] Отаси ўғилларидан: “Ўша одам қайси йўлдан кетди?” — деб сўради. Яҳудодан келган пайғамбарнинг қайси йўлдан кетганини унга ўғиллари кўрсатдилар.

[13] Шунда кекса пайғамбар ўғилларига: “Эшагимни эгарланглар!” — деди. Ўғиллари пайғамбарнинг эшагини эгарлаб бердилар, у эшагига миниб жўнади.

[14] Кекса пайғамбар Яҳудолик пайғамбарнинг изидан кетди ва ниҳоят уни топди. Яҳудолик пайғамбар эман дарахти остида ўтирган экан. Кекса пайғамбар ундан: — Яҳудодан келган пайғамбар сенмисан? — деб сўради. — Ҳа, менман, — жавоб берди у.

[15] Кекса пайғамбар унга: — Мен билан юр уйимга, тамадди қилиб ол, — деди.

[16] У эса кекса пайғамбарга: — Сен билан бирга қайтиб боролмайман, — деди. — Бу ерда сен билан бирга нон ҳам емайман, сув ҳам ичмайман.

[17] Эгамиз менга: “У ерда нон ҳам емайсан, сув ҳам ичмайсан, борган йўлингдан қайтмайсан”, деб амр берган.

[18] Пайғамбар эса унга шундай деди: — Мен ҳам сенга ўхшаган бир пайғамбарман, фаришта менга Эгамизнинг шу сўзларини айтди: “Уни йўлдан қайтариб, ўзинг билан бирга уйингга олиб кел, нон еб, сув ичиб олсин.” Лекин кекса пайғамбар ёлғон гапираётган эди.

[19] Шундай қилиб, Яҳудолик пайғамбар кекса пайғамбар билан бирга қайтиб келди, унинг уйида тамадди қилди.

[20] Улар дастурхон атрофида ўтирганларида, кекса пайғамбарга Эгамиз шу сўзларни аён қилди.

[21] Кекса пайғамбар эса Яҳудолик пайғамбарга деди: — Эгамиз шундай айтмоқда: “Сен Менинг сўзимга итоат қилмадинг! Мен, Эгангиз Худонинг амрига қарши чиқиб

[22] орқангга қайтдинг. Мен сенга нон ема, сув ичма, деб айтган ерда еб–ичдинг. Энди сенинг жасадинг ота–боболаринг хилхонасига дафн қилинмайди.”

[23] Яҳудолик пайғамбар тамадди қилиб бўлиши биланоқ, кекса пайғамбар унинг эшагини эгарлаб берди.

[24] Яҳудолик пайғамбар йўлда кетаётган эди, олдидан бир шер чиқиб қолди. Шер уни тилка–пора қилиб, жасадни йўлнинг устига ташлади. Эшак ҳам, шер ҳам жасаднинг олдида турарди.

[25] Шу ердан ўтиб кетаётган одамлар йўл ўртасидаги жасадни ва жасад ёнида турган шерни кўрдилар. Одамлар кекса пайғамбар яшайдиган шаҳарга бориб, кўрганларини айтдилар.

[26] Яҳудолик пайғамбарни йўлдан қайтариб келган кекса пайғамбар шу воқеани эшитиб деди: — Эгамизнинг амрига итоат этмаган пайғамбар ўшадир. Шунинг учун Эгамиз шерни юборди ва шер уни тилка–пора қилиб ташлади. Эгамиз, айтганига биноан, уни ўлдирди.

[27] Кекса пайғамбар ўғилларига: “Эшагимни эгарланглар!” — деди. Ўғиллари эшакни эгарлаб бердилар.

[28] У бориб, йўл ўртасида ётган жасадни топди. Эшак ҳам, шер ҳам жасаднинг ёнида турар, шер жасадни емаган, эшакка ҳеч қандай зарар етказмаган эди.

[29] Кекса пайғамбар Яҳудолик пайғамбарнинг жасадини ердан кўтариб олиб, эшакка ортди ва орқасига қайтариб олиб кетди. Уни дафн қилиб, унга аза очай деб, шаҳарга келди.

[30] Жасадни ўзининг қабрига қўйгач: “Вой жигарим, вой жигарим!” деб қабр устида фарёд чекди.

[31] Яҳудолик пайғамбарни дафн қилгач, кекса пайғамбар ўғилларига: — Вафот этганимдан сўнг мени ҳам Яҳудолик пайғамбар дафн қилинган хилхонага қўйинглар, — деди. — Суякларим унинг суяклари ёнида турсин.

[32] Эгамизнинг амрига кўра, Байтилдаги қурбонгоҳ ва Самария шаҳарларидаги ҳамма саждагоҳлар ҳақида унинг айтган сўзлари албатта бажо бўлади.

[33] Бу ҳодисадан кейин ҳам Ерибом қабиҳ йўлдан қайтмади. Яна саждагоҳларга оддий халқдан руҳонийлар тайин этди. Кимни хоҳласа, ўшани руҳоний қилиб тайинлайверди.

[34] Бу гуноҳ ишлар Ерибом наслининг ер юзидан қирилиб, йўқолиб кетишига сабаб бўлди.

Шоҳлар (учинчи китоб) — Chapters