[1] Шава маликаси Сулаймоннинг донғини, Эгамизга атаб қилган ишларини эшитгач, Сулаймоннинг ҳузурига келди. У Сулаймонга топишмоқлар айтиб синаб кўрмоқчи эди.
[2] Малика Қуддусга жуда кўп миқдорда олтин ва қимматбаҳо тошлар, хушбўй зираворлар юкланган катта карвонни бошлаб келди. Малика Сулаймоннинг ҳузурига киргач, кўнглида нима бўлса, ҳаммасини унга айтди.
[3] Сулаймон маликанинг ҳамма саволларига жавоб берди, маликанинг биронта саволига жавоб беришда қийналмади.
[4] Шава маликаси Сулаймоннинг донолигини, у қурган саройни,
[5] дастурхонидаги ноз–неъматларни, хизматкорларининг яшаш шароитларини, шоҳ соқийларию баковулларини ҳамда уларнинг хизмат либосларини, Эгамизнинг уйида шоҳ Сулаймон куйдириб, назр қилган қурбонликларни кўрди. Малика ғоят ҳайратланиб,
[6] шоҳга деди: — Сизнинг ишларингиз, донолигингиз ҳақида юртимда эшитганларим тўғри экан.
[7] Келиб ўз кўзларим билан кўрмагунимча, гап–сўзларга ишонмаган эдим. Менга ҳатто ярмини ҳам айтишмаган экан. Мен эшитгандан ҳам кўра, донороқ экансиз, бойлигингиз ҳам жуда кўп экан.
[8] Нақадар бахтиёрдир одамларингиз! Омадлидир хизматкорларингиз! Улар доимо ҳузурингизда бўлиб, донолигингиздан баҳра олишар.
[9] Сиздан мамнун бўлиб, Исроил тахти узра ўтқазган Эгангиз Худога ҳамду санолар бўлсин. У Исроилни то абад севгани учун адолат ва тўғрилик билан ҳукм этсин деб, сизни шоҳ қилган экан.
[10] Малика Сулаймонга 250 пуд олтин, беҳисоб хушбўй зираворлар, қимматбаҳо тошлар ҳадя қилди. Ҳеч ким шоҳ Сулаймонга олдин ҳам, кейин ҳам Шава маликаси берганчалик хушбўй зираворлар ҳадя қилмаган эди.
[11] Хирамнинг Офирдан олтин олиб келган кемалари жуда кўп сандал дарахти ёғочлари ва қимматбаҳо тошлар ҳам келтирганди.
[12] Шоҳ ўша ёғочлардан Эгамизнинг уйи учун ҳам, шоҳ саройи учун ҳам жиҳозлар, мусиқачилар учун лира ва арфалар ясаттирганди. Бугунгача бунақа сандал дарахти ёғочлари келтирилмаган ва ҳеч ким кўрмаган эди.
[13] Шоҳ Сулаймон Шава маликасига истаганини ва сўраганининг ҳаммасини муҳайё қилди. Бундан ташқари, маликага кўнгилдан чиқариб ҳадялар инъом этди. Шундан кейин малика ҳамма одамларини эргаштириб, ўз юртига жўнаб кетди.
[14] Ҳар йили Сулаймонга келиб турадиган олтиннинг оғирлиги 1425 пуд эди.
[15] Одамларнинг олди–сотдисидан, савдогарлар тижоратидан олинадиган солиқ ва бутун Араб шоҳларидан, Исроилдаги вилоят ҳокимларидан олинадиган ўлпон бунга кирмасди.
[16] Шоҳ Сулаймон олтиндан икки юзта катта қалқон ясаттирди. Ҳар бир қалқонни ясашга ярим пуд олтин сарф бўлди.
[17] Яна олтиндан уч юзта кичик қалқон ҳам ясаттирди. Ҳар бир қалқон учун 400 мисқол олтин сарф бўлди. Шоҳ бу қалқонларни “Лубнон ўрмони” деган уйига қўйди.
[18] У яна фил суягидан катта тахт ясатиб, уни тоза олтин билан қоплатди.
[19] Тахтнинг олтита поғонаси бўлиб, суянчиғининг юқориси орқага қайрилган, ўриндиғининг икки томонида тирсаги бор эди. Тирсакларнинг ёнида иккита шер тасвири турарди.
[20] Ҳар бир поғонанинг икки чеккасида ҳам биттадан шер тасвири бўлиб, тахтнинг олти поғонасида жами ўн иккита шер тасвири бор эди. Бундай тахт бошқа бирорта шоҳликда бўлмаган эди.
[21] Шоҳ Сулаймоннинг ичимлик ичадиган ҳамма идишлари олтиндан, “Лубнон ўрмони” деган уйидаги ҳамма идишлар ҳам тоза олтиндан бўлиб, бирорта ҳам буюм кумушдан ясалмаган эди. Сулаймон даврида кумуш арзимас нарса бўлиб қолганди.
[22] Денгизда, Хирамнинг кемалари қаторида, Сулаймоннинг ҳам савдо кемалари бўлиб, бу кемалар ҳар уч йилда олтин, кумуш, фил суяги, турли–туман маймунлар олиб қайтарди.
[23] Шундай қилиб, Сулаймон бойликда ҳам, доноликда ҳам ер юзидаги ҳамма шоҳлардан ўтиб кетди.
[24] Сулаймонга Худо берган доноликни эшитмоқ учун бутун дунё унинг олдига келгани ошиқарди.
[25] Келганларнинг ҳар бири кумуш ва олтин идишлар, кийим, қурол–аслаҳа, хушбўй зираворлар, от ва хачирлар ҳадя қилиб олиб келар эди. Бундай ҳол йиллаб давом этарди.
[26] Сулаймон жанг аравалари ва отларни тўплади. Унинг 1400 та жанг араваси ва 12.000 та оти бор эди. Сулаймон буларнинг бир қисмини жанг аравалари сақланадиган шаҳарларга ва бир қисмини Қуддусга — ўзининг ёнига жойлаштирди.
[27] Унинг ҳукмронлиги даврида Қуддусда кумуш кўчадаги тошдай кўп эди. Садр ёғочлари ҳам худди Яҳудо қир этакларида ўсадиган оддий шикамора–анжир дарахтидай сероб эди.
[28] Шоҳнинг савдогарлари Мисрдан ва Қуведан Сулаймон учун отлар олиб келишарди. Улар отларни Қуведан сотиб олишарди.
[29] Мисрдан келтирилган ҳар бир жанг араваси учун 600 кумуш танга, ҳар бир от учун 150 кумуш танга тўлашарди. Сўнг буларни барча Хет шоҳларига ва Орам шоҳларига сотишарди.