Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 10:35

[1] Шоҳ Сулаймон фиръавннинг қизидан бошқа яна Мўаблик, Оммонлик, Эдомлик, Сидонлик ва Хет халқидан кўпгина ажнабий аёлларга кўнгил қўйди.

[2] Эгамиз Исроил халқига бу халқлар ҳақида гапириб, шундай деган эди: “Уларга қиз берманглар ҳам, қиз олманглар ҳам. Акс ҳолда, улар кўнглингизни ўз худоларига ром қилиб қўядилар.” Сулаймон эса ўша аёлларга шаҳват билан ёпишди.

[3] Унинг етти юзта хотини шоҳлар қизларидан бўлиб, уч юзта канизаги ҳам бор эди. Хотинлари сабабли шоҳ бегона худоларга юз бурди.

[4] Охири шундай бўлдики, кексайган чоғида шоҳнинг кўнгли хотинлари туфайли бегона худоларга мойил бўлди. Довуд ўзининг Эгаси Худога чин юракдан боғланган эди, Сулаймон эса отасига ўхшамади.

[5] Шундай қилиб, Сулаймон Сидон аҳолисининг худоси Аштарет, Оммон халқининг макруҳ худоси Мўлахга сажда қила бошлади.

[6] Сулаймон Эгамиз олдида қабиҳликлар қилди. Отаси Довуд Эгамизга содиқ қолган бўлса, Сулаймон ундай қилмади.

[7] Қуддуснинг шарқидаги тепаликда Мўаб халқининг макруҳ худоси Хамўшга ва Оммон халқининг макруҳ худоси Мўлахга саждагоҳ қурди.

[8] Ҳамма ажнабий хотинлари ўз худоларига тутатқи тутатиб, қурбонликлар келтиришлари учун шундай қилди.

[9] Исроил халқининг Худоси — Эгамиз икки марта Сулаймонга зоҳир бўлган эди. Шунга қарамай Сулаймон Эгамиздан юз ўгирди. Эгамизнинг, бегона худоларга эргашма деган амрини бажо қилмади. Шунинг учун Эгамиз Сулаймондан қаттиқ ғазабланди.

[11] Эгамиз Сулаймонга деди: — Модомики, Сен билан қилган аҳдимни ва сенга амр қилган фармонларимни била туриб бажармаган экансан, Мен энди шоҳликни сендан тортиб оламан ва тобе одамларингдан бирига бераман.

[12] Лекин отанг Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун бу ишни сен ҳаётлигингда қилмайман. Шоҳликни ўғлингнинг қўлидан тортиб оламан.

[13] Шунда ҳам шоҳликнинг ҳаммасини тортиб олмайман, қулим Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун, Ўзим танлаб олган Қуддус ҳақи–ҳурмати учун битта қабилани сенинг ўғлингга қолдираман.

[14] Эгамиз Сулаймонга Эдомлик Ҳададни душман қилиб қўйди. У Эдом шоҳлари наслидан эди.

[15] Анча олдин Довуд Эдомликлар билан уруш қилган эди. Ўша жангда Исроил халқидан ҳалок бўлганларни дафн қилиш учун лашкарбоши Йўаб Эдомга борди.

[16] Исроил лашкари ва Йўаб Эдомдаги эркак зотини битта қўймай қириб ташлагунга қадар, олти ой у ерда қолган эдилар.

[17] Шунда Ҳададга ва унинг отасига хизмат қилган баъзи Эдомликлар Мисрга қочиб кетишган эди. Ўша пайтда Ҳадад кичкина бола эди.

[18] Улар Мидиёндан жўнаб, Поронга етиб келишди. Порондан ҳам одамлар уларга қўшилдилар. Кейин Мисрга — Миср шоҳи фиръавн ҳузурига етиб келишди. Фиръавн Ҳададга уй берди, озиқ–овқат тайин этди, ер берди.

[19] Ҳадад фиръавннинг ҳурматини қозонди. Фиръавн Ҳададга қайинсинглисини — малика Тахпанаснинг синглисини никоҳлаб берди.

[20] Хотини Ҳададга ўғли Гануватни туғиб берди. Тахпанас болани фиръавн хонадонида тарбия қила бошлади. Гануват фиръавн хонадонида унинг ўғиллари қаторида улғайди.

[21] Ҳадад Мисрда: “Довуд оламдан ўтибди, лашкарбоши Йўаб ҳам вафот этибди” деган хабарни эшитгач, фиръавнга деди: — Менга ижозат берсалар, ўз юртимга кетсам.

[22] — Юртимга кетаман, дейсан, нима, менинг ёнимда бирор нарсага муҳтожлик сезяпсанми? — деб сўради фиръавн. — Йўқ, асло, лекин барибир, менга ижозат берсалар, — деб туриб олди Ҳадад.

[23] Худо Разўнни ҳам Сулаймонга душман қилиб қўйди. Разўн Элёдах деганнинг ўғли эди. Разўн ўз хўжайини, Зўво шоҳи Ҳададзарнинг дастидан қочиб кетган эди.

[24] Довуд Зўволикларни қиргач, Разўн ҳам атрофига бир босқинчи гуруҳни тўплаб, ўша гуруҳга бош бўлди. Сўнг улар Дамашққа бориб, у ерда жойлашдилар. Дамашқда ўз ҳукмронлигини ўрнатдилар.

[25] У ҳам Сулаймон ҳаёт пайтида Исроилга душман бўлиб қолди. Разўн Орамда шоҳ бўлиб турар экан, Ҳадад каби, Исроилга нафрат билан қараб, доимо душманлик қилиб келди.

[26] Яна Сулаймоннинг аъёнларидан бири — Эфрайим қабиласидан бўлган Ерибом дегани ҳам шоҳга қарши бош кўтарди. У Заридо шаҳридан Набат деганнинг ўғли эди. Ерибомнинг онаси бева аёл бўлиб, оти Зарува эди.

[27] Ерибом Сулаймонга қарши бош кўтарганининг сабаби қуйидагича эди: Сулаймон Қуддуснинг шарқ томонидаги Миллони мустаҳкамлаб, отаси Довуд қалъасининг деворларини тузаттираётганда,

[28] қурилишда ғайрат билан ишлаётган Ерибомга назари тушди. Ерибом жуда ҳам қобилиятли йигит бўлгани учун Сулаймон уни Юсуф қабиласидан олинган барча қаролларга назоратчи қилиб қўйди.

[29] Бир куни Ерибом Қуддусдан ташқарига чиққан эди, Шилўлик Охиё пайғамбар билан йўлда учрашиб қолди. Охиё пайғамбар янги кийимлар кийиб олган экан. У ерда икковидан бошқа ҳеч ким йўқ эди.

[30] Шу пайт Охиё устидаги янги кийимларини ечди–ю, йиртиб ўн икки бўлакка бўлиб ташлади.

[31] Кейин Ерибомга деди: — Ўзингга ўн бўлагини ол. Исроил халқининг Худоси — Эгамиз ҳам шундай айтмоқда: “Мен Сулаймоннинг қўлидан шоҳликни тортиб оламан ва ўнта қабилани сенга бераман.

[32] Қулим Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун, Исроилнинг ҳамма қабилалари орасидан Ўзим танлаб олган Қуддус шаҳри ҳақи–ҳурмати учун битта қабила Сулаймонники бўлади.

[33] Сулаймон Мендан юз ўгириб, Сидоннинг худоси Аштаретга, Мўабнинг худоси Хамўшга, Оммоннинг худоси Мўлахга сажда қила бошлади. Отаси Довудга ўхшамади, олдимда тўғри ишлар қилмади, фармонларимга ва қонун–қоидаларимга риоя қилмади, йўлларимдан юрмади.

[34] Аммо шоҳликни ундан тамомила тортиб олмайман. Амр ва фармонларимга риоя қилган ва ўзим танлаб олган қулим Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун Сулаймонни умрининг охиригача шоҳ қиламан.

[35] Шоҳликни эса унинг ўғлидан тортиб олиб, ўнта қабилани сенга бераман.

[36] Мен ўша ерда улуғланай деб, Ўзим учун Қуддус шаҳрини танлаганман. Қулим Довуднинг чироғи Қуддусда ҳеч қачон ўчмасин деб, Сулаймоннинг ўғлига битта қабилани бераман.

[37] Мен сени Исроил шоҳи қиламан, кўнглинг қаерни истаса, ўша ерда шоҳлик қилаверасан.

[38] Агар қулим Довудга ўхшаб айтганларимга итоат қилсанг — йўлларимдан юрсанг, олдимда тўғри ишлар қилсанг, фармон ва амрларимга риоя қилсанг, Мен сен билан бўламан. Исроилни сенга бериб, Довудга қилганимдай, хонадонинг ҳукмронлигини ўзингдан кейин ҳам давом эттираман.

[39] Сулаймоннинг шу қилмишлари эвазига Довуднинг наслини таҳқирлайман, лекин то абад эмас.”

[40] Сулаймон Ерибомни ўлдирмоқчи бўлди. Ерибом эса Мисрга — Миср шоҳи Шишахнинг ёнига қочиб кетди. У Сулаймон вафот этгунча Мисрда қолди.

[41] Сулаймоннинг бошқа ишлари, бутун фаолияти, унинг донишмандлиги ҳақида “Сулаймоннинг ишлари” китобида ёзиб қолдирилган.

[42] Сулаймон Қуддусда бутун Исроил устидан ҳукмдор эди. Унинг ҳукмронлиги қирқ йил давом этди.

[43] Сулаймон оламдан ўтди. У отаси Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Рахабом шоҳ бўлди.

Шоҳлар (учинчи китоб) — Chapters