Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 11:54

[1] Орадан анча кунлар ўтди. Ниҳоят, қурғоқчиликнинг учинчи йили Илёсга Эгамиз шу сўзларни аён қилди: — Ахабнинг ҳузурига бор. Мен ер юзига ёмғир ёғдираман.

[2] Илёс Ахабга кўрингани кетди. Бу вақтда Самарияда даҳшатли очарчилик ҳукм сурарди.

[3] Ахаб сарой бошқарувчиси Ободиёни чақирди. Ободиё Эгамиздан жуда қўрқарди.

[4] Изабел Эгамизнинг пайғамбарларини ўлдираётганда, Ободиё юзта пайғамбарни ғорга олиб кетган ва элликта–элликта қилиб ўша ерда яширган, уларни нон–сув билан таъминлаб турганди.

[5] Ахаб Ободиёга деди: — Юртдаги ҳамма булоқлар ва сойликларга бор, ўт–ўлан топиб, отларни, хачирларни боқайлик, мол–ҳолдан айрилиб қолмайлик тағин.

[6] Иккови айланиб чиқиш учун юрт ҳудудини тақсимлаб олишди. Ахаб бир йўлдан ўзи алоҳида кетди. Ободиё ҳам ўзи алоҳида бошқа йўлдан кетди.

[7] Ободиё йўлда кетаётганда, рўпарасидан Илёс чиқиб қолди. Ободиё Илёсни таниди ва етти букилиб таъзим қилиб: — Сизмисиз, тўрам Илёс? — деб сўради.

[8] — Ҳа, менман, — деб жавоб берди Илёс унга. — Бор, хўжайинингга: “Илёс шу ерда”, деб айт.

[9] — Менинг қандай айбим борки, сиз мен, қулингизни Ахабнинг қўлига топширяпсиз?! — деди Ободиё. — Мени ўлдириш учунми?!

[10] Эгангиз Худо шоҳид! Бирорта шоҳлик ёки халқ йўқки, хўжайиним сизни ахтариб топиш учун ўша ерларга бирор одамни жўнатмаган бўлсин. Ўша шоҳликлардан, халқлардан: “Илёс бу ерда йўқ”, деб жавоб келгандан кейин ҳам уларга сизни топа олмаганлари ҳақида қасам ичдирди.

[11] Энди эса сиз: “Бор, хўжайинингга, Илёс шу ерда, деб айт”, деяпсиз.

[12] Ёнингиздан кетишим биланоқ, Эгамизнинг Руҳи сизни бирор жойга олиб кетади. Қаергалигини эса мен билолмай қоламан. Мен Ахабнинг ҳузурига бориб хабар бердим ҳам дейлик. У эса сизни топа олмаса, ўша заҳоти мени ўлдиради. Лекин мен, қулингиз, болалигимдан Эгамиздан қўрқаман.

[13] Изабел Эгамизнинг пайғамбарларини ўлдираётганда, мен Эгамизнинг пайғамбарларидан юзтасини элликта–элликта қилиб ғорларда яширдим, уларга нон–сув бериб турдим. Наҳотки мана шу қилган ишларим ҳақида тўрам эшитмаган бўлсалар?!

[14] Энди эса сиз менга: “Бор, Илёс шу ерда, деб хўжайинингга айт”, деяпсиз. У мени ўлдиради–ку!

[15] — Мен хизмат қилаётган Сарвари Олам шоҳид! Бугун мен унга албатта кўринаман, — деди Илёс.

[16] Шундан кейин Ободиё Ахабнинг ёнига бориб, уни воқеадан хабардор қилди. Ахаб эса Илёсни кутиб олиш учун кетди.

[17] Ахаб Илёсни кўрди–ю: “Исроилга бало келтирадиган сенмисан ҳали?!” деб дўқ урди.

[18] — Исроилга бало келтирадиган мен эмас, — дея жавоб берди Илёс. — Аксинча, сен ва отангнинг хонадони Эгамизнинг амрларидан юз ўгирдингизлар, Баалга сажда қилиб, Исроилга бало келтирдингизлар.

[19] Энди бирортасига буюр: бутун Исроил халқини, Баалнинг Изабел дастурхонидан таом ейдиган 450 нафар пайғамбарини, Ашеранинг 400 нафар пайғамбарини менга Кармил тоғи ёнига тўплаб берсин.

[20] Ахаб жамики Исроил халқини, пайғамбарларни Кармил тоғи ёнига тўплади.

[21] Илёс халқнинг рўпарасига чиқиб, уларга танбеҳ берди: — Қачонгача икки кеманинг учини тутиб юрасизлар?! Агар Эгамиз Худо бўлса, Унга эргашинглар. Борди–ю, Баал Худо бўлса, унга сажда қилинглар. Халқдан садо чиқмади.

[22] Илёс яна халққа қараб гапира бошлади: — Эгамизнинг пайғамбарларидан ёлғиз мен қолдим, Баалнинг пайғамбарлари эса 450 киши.

[23] Энди бизга иккита буқа келтиринглар. Баалнинг пайғамбарлари битта буқани танлаб олиб нимталасин, кейин ўтинларнинг устига қўйишсин, лекин олов ёқишмасин. Мен ҳам буқанинг биттасини тайёрлаб ўтинларнинг устига қўяман, лекин олов ёқмайман.

[24] Баалнинг пайғамбарлари илтижо қилиб, Баални чақиришсин. Мен ҳам илтижо қилиб, Эгамизни чақираман. Кимнинг Худоси аланга орқали жавоб берса, Худо Ўшадир. Халққа бу гап жуда маъқул келди.

[25] Илёс Баалнинг пайғамбарларига деди: — Сизлар кўпчиликсиз, битта буқани танлаб олиб, аввал сизлар нимталанглар. Кейин худойингизга илтижо қилиб, чақиринглар, лекин олов ёқманглар.

[26] Баалнинг пайғамбарлари ўзлари танлаб олган буқани нимталаб, тайёрлаб қўйдилар. Кейин эрталабдан пешингача: “Эй Баал, бизга жавоб бер!” деб ўзларининг худосига илтижо қилиб, чақирдилар. Лекин на бирон садо келди, на бирортаси жавоб берди. Улар ўзлари қурган қурбонгоҳнинг атрофида сакрайвердилар.

[27] Пешин вақти бўлди. Илёс энди уларнинг устидан кула бошлади: — Баландроқ овоз билан чақиринглар. Ахир, у худо–ку, балки хаёл суриб ўтиргандир, ё бирор нарса билан машғулдир, ёки йўлда келаётгандир, ёки ухлаб ётган бўлса, уйғотиш керакдир.

[28] Хуллас, улар баланд овоз билан бақиравердилар. Кейин, одатларига кўра, ўзларига пичоқ ва найза санчиб, қон оқиздилар.

[29] Пешин вақти ўтиб кетди. Кечки қурбонлик пайтига қадар улар жазавага тушиб бақиравердилар. Лекин на бир садо бўлди, на бирорта аломат, на бир жавоб бўлди.

[30] Илёс: “Менга яқинроқ келинглар”, — деб ҳамма одамларни чақирди. Халқ Илёснинг ёнига келди. Шу пайт Илёс Эгамизнинг бузилган қурбонгоҳини қайта тиклай бошлади.

[31] Илёс ўн иккита тош олди. Бу тошлар Ёқубнинг ўғилларидан келиб чиққан қабилаларни англатарди. Ёқубга Эгамиз: “Сенинг номинг Исроил бўлади” деган сўзларни аён қилган эди.

[32] Илёс ўша тошларни ишлатиб, Эгамизга атаб қурбонгоҳ қурди. Қурбонгоҳ атрофида бир тоғора буғдой сиғадиган хандақ қазиди.

[33] Сўнг ўтинларни қалаштирди, буқани нимталаб, ўтинлар устига қўйди. — Тўртта кўзада тўлдириб сув олиб келинглар, — деди Илёс одамларга. — Сувни куйдириладиган қурбонликнинг ва ўтинларнинг устидан тўкинглар.

[34] Кейин: “Яна такрорланглар!” деб буюрди Илёс одамларга. Одамлар яна тўрт кўза сув қуйдилар. “Учинчи марта ҳам такрорланглар!” — деди. Учинчи марта ҳам тўрт кўза сув қуйдилар.

[35] Шунда қурбонгоҳнинг атрофида сув оқа бошлади, хандақ ҳам сувга тўлди.

[36] Кечки қурбонлик пайти бўлганда, Илёс пайғамбар қурбонгоҳга яқин келиб, хитоб қилди: — Эй Иброҳимнинг, Исҳоқнинг ва Ёқубнинг Худоси — Эгамиз! Бугун Сенинг Исроилда Худо эканлигинг, мен эса Сенинг қулинг эканлигим аён бўлсин. Буларнинг ҳаммасини Сенинг амрингга биноан бажо қилганим аён бўлсин.

[37] Менга жавоб бер, эй Эгамиз! Менга жавоб бер, мана бу халқ Сенинг Худо эканингни, уларнинг дилини Сен Ўзингга мойил қилувчи эканингни билсин.

[38] Ўша заҳоти Эгамиз олов юборди. Олов куйдиришга аталган қурбонликни, ўтинларни, тошларни ва тупроқни ямламай ютиб юборди. Хандақдаги сувни ҳам олов тортиб кетди.

[39] Бу ҳодисани кузатиб турган халқ юз тубан мук тушиб: “Эгамиз — Худодир, Эгамиз — Худодир”, — деди.

[40] Шундан сўнг Илёс одамларга: “Баалнинг пайғамбарларини ушланглар, бирортаси ҳам қочиб кетмасин!” деб буюрди. Одамлар Баалнинг пайғамбарларини ушладилар. Илёс уларни Хишон дарёсига олиб тушиб, ўша ерда ўлдирди.

[41] Шу воқеадан кейин Илёс Ахабга: “Бор, энди еб–ичавер, қаттиқ ёмғир ёғади, ёмғир яқинлашаётганини эшитяпман”, деди.

[42] Ахаб тамадди қилиб олиш учун кетди. Илёс эса Кармилнинг тепасига чиқди. Пешанаси ерга теккудек чўккалаб ўтирди.

[43] Кейин хизматкорига: — Бор, денгиз томонга қара–чи, — деди. Хизматкор кетди. — Ҳеч нарса йўқ экан, — деди у қайтиб келиб. Илёс хизматкорига етти марта: “Денгизга қара!” деб буюрди.

[44] Хизматкор еттинчи марта ҳам бориб қаради. — Ана, денгиздан кичкина бир булут чиқиб келяпти, катталиги одамнинг кафтича келади, — деди у, ниҳоят. Илёс хизматкорига буюрди: — Тез бориб, Ахабга айт, аравасини қўшиб жўнасин. Тағин ёмғирда қолиб кетмасин.

[45] Шу пайт бирдан осмонни қоп–қора булут қоплади, шамол эсиб, шиддат билан ёмғир ёға бошлади. Ахаб эса аравасига ўтириб, Йизрилга йўл олди.

[46] Эгамиз Илёсга алоҳида куч–қудрат ато қилди. У тўнининг этагини белига қистирди–да, Йизрилга қараб югуриб, Ахабдан илгарилаб кетди.

Шоҳлар (учинчи китоб) — Chapters