Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 12:08

[1] Шоҳ Довуд анча қариб қолди. Уни кўрпа–тўшаклар билан ўраб ташлашса ҳам, ҳеч исимас эди.

[2] Шунда аъёнлари Довудга айтишди: — Ҳазрати олийлари учун ёш, бокира қиз қидириб топсак. Ўша қиз шоҳимиз олдида бўлсин, парвариш қилсин, шоҳимизнинг қучоғида ётсин. Ана шунда шоҳ ҳазратлари исийдилар.

[3] Шундай қилиб, бутун Исроил ҳудуди бўйлаб чиройли, бўйи етган қизни қидирдилар. Ниҳоят, Шунамлик Обиша исмли қизни топиб, шоҳ ҳузурига олиб келишди.

[4] Қиз ғоятда гўзал эди. У шоҳни парвариш қилиб, унинг хизматида бўлди. Лекин шоҳ қизга яқинлашмади.

[5] Абсалом вафот этгандан кейин, Хаггитнинг Довуддан кўрган ўғли Одониё “Мен шоҳ бўламан”, деб ўзини жуда катта тутадиган бўлиб қолди. У ўзига жанг аравалари, чавандозлар ва элликта қўриқчи олди.

[6] Отаси эса “Нима учун сен бундай қиляпсан?” деб ҳеч қачон уни тергамади. Одониё Абсаломдан кейингиси бўлиб, жуда чиройли йигит эди.

[7] У Зеруя ўғли Йўаб ва руҳоний Абуатарга маслаҳат солди. Иккови ҳам Одониё тарафига ўтдилар.

[8] Лекин руҳоний Зодўх, Ёҳайидо ўғли Бинаё, Натан пайғамбар, Шимах, Рей ва Довуднинг қўриқчилари Одониё томонга ўтмадилар.

[9] Одониё Эн–Рўғол булоғи бўйидаги Зўхалат тоши ёнида қўй, буқа ва боқилган бузоқларни қурбонлик қилиб, ҳамма ака–укаларини — шоҳ ўғилларини, шоҳга қарашли барча Яҳудо аъёнларини таклиф қилди.

[10] Натан пайғамбарни, Бинаёни, шоҳнинг қўриқчиларини, укаси Сулаймонни эса таклиф қилмади.

[11] Шундан сўнг Натан Сулаймоннинг онаси Ботшевага деди: — Хаггитнинг ўғли Одониё ўзини ўзи шоҳ қилганини, Довуд ҳазратлари эса бу аҳволдан бехабар эканини эшитмадингми?

[12] Энди мен сенга шундай маслаҳат бераман: сен ўзингнинг ва ўғлинг Сулаймоннинг ҳаётини қутқар.

[13] Шоҳ Довуд саройига бориб, унинг ҳузурига киргин. Шоҳга шундай деб айт: “Шоҳ ҳазратлари бу чўрисига, ўғлинг Сулаймон шоҳ бўлади, мендан кейин тахтга у ўтиради, деб ваъда бермаганмидилар?! Нимага энди Одониё шоҳ бўлиб қолди?”

[14] Сен у ерда шоҳ билан суҳбатни давом эттираётганингда, мен орқангдан кириб, сенинг гапингни қўллаб–қувватлайман.

[15] Ботшева бориб, шоҳ Довуднинг хонасига кирди: шоҳ жуда мункиллаб қолган, Шунамлик Обиша эса унинг хизматини қилаётган эди.

[16] Ботшева шоҳга эгилиб таъзим қилди. — Тила тилагингни, — деди шоҳ.

[17] Ботшева унга деди: — Шоҳ ҳазратлари! Бу чўрингизга ўз Эгангиз Худо номи билан онт ичиб “Мендан кейин ўғлинг Сулаймон шоҳ бўлади, мендан кейин тахтга у ўтиради”, деб ваъда берган эдингиз–ку.

[18] Энди эса Одониё шоҳ бўлиб қолибди. Шоҳ ҳазратлари эса бу ҳақда ҳеч нарса билмайдилар.

[19] У бир талай буқа, боқилган бузоқ ва қўйлар сўйиб, шоҳимизнинг ҳамма ўғилларини, руҳоний Абуатарни, лашкарбоши Йўабни таклиф қилибди. Қулингиз Сулаймонни эса таклиф қилмабди.

[20] Шоҳ ҳазратлари! Жамики Исроил халқининг кўзлари сизга қадалган, ўзингиздан кейин тахтга ким ўтиришини сиз эълон қилишингизни кутишяпти.

[21] Акс ҳолда, шоҳ ҳазратлари оламдан ўтиб, ота–боболари ёнига кетганларида, мен ва ўғлим Сулаймон хиёнаткордай бўлиб қоламиз.

[22] Ботшева шоҳ билан гаплашаётганда, Натан пайғамбар етиб келди.

[23] Шунда шоҳга: “Натан пайғамбар шу ердалар, сизни кўрмоқчилар”, деб хабар беришди. Натан шоҳ ҳузурига кирди–ю, ер ўпиб унга таъзим қилди. Ботшева эса чиқиб кетди.

[24] Кейин Натан шоҳга деди: — Шоҳ ҳазратлари! Сиз “Мендан кейин Одониё шоҳ бўлади, мендан кейин тахтга у ўтиради”, деб айтган эдингизми?

[25] У бугун чиқибоқ бир талай буқа, боқилган бузоқ, қўйлар сўйиб, шоҳнинг ҳамма ўғилларини, қўшинингизнинг лашкарбошиларини ва руҳоний Абуатарни таклиф қилди. Ҳаммалари Одониёнинг ҳузурида еб–ичиб ўтиришибди, “Яшасин шоҳ Одониё!” деб бақиришяпти.

[26] Мен, қулингизни, руҳоний Зодўхни, Ёҳайидо ўғли Бинаёни ва қулингиз Сулаймонни эса таклиф қилмади.

[27] Буларнинг ҳаммаси шоҳ ҳазратларининг хоҳишига кўра бўлдими? Шоҳ ҳазратлари ўзларидан кейин тахтга ким ўтириши ҳақида биз, қулларига нега аён қилмадилар?

[28] Шунда Довуд: “Ботшевани менга чақиринглар!” — деди. Ботшева кириб, шоҳ қаршисида турди. Натан чиқиб кетди.

[29] Шоҳ онт ичиб Ботшевага айтди: — Мени ҳар қандай балолардан доимо сақлаб келган Худойим шоҳид!

[30] Мен Исроил халқининг Худоси — Эгамиз номи билан онт ичиб, сенга “Ўғлинг Сулаймон шоҳ бўлади, мендан кейин тахтга у ўтиради”, деб ваъда берган эдим. Ўша онтимни бугун адо этаман.

[31] Ботшева ер ўпиб, шоҳга таъзим қилди: — Шоҳимиз Довуд ҳазратлари дунё тургунча турсинлар!

[32] — Руҳоний Зодўхни, Натан пайғамбарни, Ёҳайидо ўғли Бинаёни менинг ҳузуримга таклиф қилинглар! — деди шоҳ Довуд. Улар шоҳ ҳузурига кириб келдилар.

[33] Шундан сўнг шоҳ уларга: — Ёнингизга шоҳингизнинг қўриқчиларини олинглар, — деди. — Ўғлим Сулаймонни менинг хачиримга ўтқазиб, Гихўн булоғига олиб боринглар.

[34] У ерда руҳоний Зодўх ва Натан пайғамбар Сулаймоннинг бошига мой суртиб, уни Исроил шоҳи қилсинлар. Кейин бурғу чалиб, баланд овоз билан: “Яшасин шоҳ Сулаймон!” деб айтинглар.

[35] Сўнг унинг орқасидан қайтиб келинглар. У келгач, менинг тахтимга ўтирсин, менинг ўрнимга шоҳ бўлсин. Мен уни Исроил ва Яҳудонинг ҳукмдори қилиб тайинладим.

[36] Бинаё шоҳга қарата: — Омин! Шоҳимиз ҳазратларининг Худоси — Эгамизнинг амри ҳам шундай бўлсин! — деди.

[37] — Эгамиз доимо шоҳ ҳазратлари билан бўлган эди. Бундан кейин У Сулаймонга ёр бўлсин, Сулаймоннинг тахтини шоҳимиз Довуд ҳазратлари тахтидан ҳам юксак қилсин.

[38] Руҳоний Зодўх, Натан пайғамбар, Ёҳайидо ўғли Бинаё, шоҳнинг Харетлик ва Палатлик қўриқчилари Сулаймонни шоҳ Довуднинг хачирига ўтқазиб жўнадилар. Ниҳоят, уни Гихўн булоғига олиб келдилар.

[39] Руҳоний Зодўх чодирдан олиб келган мой солинган қўчқор шохини олиб чиқди ва Сулаймоннинг бошига мой суртди. Кейин бурғу чалдилар. Шунда бутун халқ: “Яшасин шоҳ Сулаймон!” деб қичқирди.

[40] Халқ Сулаймонга эргашиб, най чалиб, ўйин–кулги қилиб кетди. Халқнинг қийқириғидан гўё ер титраб кетди.

[41] Одониё ва ҳамма таклиф қилинганлар таомни еб бўлар–бўлмас, шовқин–суронни эшитиб қолдилар. Йўаб бурғу овозини эшитиб: “Нимага бунчалик шовқин? Шаҳарни ларзага келтиради–я”, — деди.

[42] У гапини тугатмаган ҳам эдики, руҳоний Абуатарнинг ўғли Йўнатан кириб келди. — Кел, — деди Одониё унга, — сен улуғ одамсан, яхши хабар олиб келяпсан–ов.

[43] — Йўқ, шоҳимиз Довуд ҳазратлари Сулаймонни шоҳ қилиб кўтардилар, — деб жавоб берди Йўнатан.

[44] — Шоҳ Довуд у билан бирга руҳоний Зодўхни ва Натан пайғамбарни, Бинаёни, ўзининг Харетлик ва Палатлик қўриқчиларини жўнатди. Улар Сулаймонни шоҳнинг хачирига ўтқазишди.

[45] Руҳоний Зодўх ва Натан пайғамбар Гихўн булоғида Сулаймоннинг бошига мой суртиб, уни шоҳ қилдилар. У ердан шод–хуррам бўлиб қайтиб келишди. Шунинг учун шаҳар ола–ғовур бўлиб қолди. Сизлар эшитаётган шовқин–суроннинг боиси шудир.

[46] Сулаймон шоҳлик тахтига ўтирибди.

[47] Шоҳнинг аъёнлари Довуд ҳазратларини табриклаш учун келиб шундай дейишди: “Сулаймоннинг номини Худойингиз сизнинг номингиздан ҳам кўпроқ улуғласин, унинг тахтини сизнинг тахтингиздан ҳам юксалтирсин.” Шоҳ эса тўшагида ётганича Худога сажда қилиб,

[48] шундай деди: “Исроил халқининг Худоси — Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! У бугун кўзларим очиқлигида зурриётимдан биттасини тахтга ўтқазди.”

[49] Одониёнинг меҳмонлари қўрқув ичида ўринларидан туриб, ҳаммаси ҳар ёққа тарқалиб кетдилар.

[50] Одониё ҳам Сулаймондан қўрққанидан ўрнидан турди–ю, қочиб бориб, қурбонгоҳнинг бурчагидан маҳкам ушлаб олди.

[51] Сулаймонга шу хабарни олиб келдилар: “Одониё шоҳ Сулаймондан қўрқяпти, у қурбонгоҳнинг бурчагини маҳкам ушлаб олиб, Сулаймон, бу қулимни ўлдирмайман, деб олдин менга сўз берсин, деяпти.”

[52] — Агар у менга содиқ бўлса, — деди Сулаймон, — бошидаги бир тола сочига ҳам зарар етмайди. Борди–ю, кўнглида ёмонлик бўлса, бошини оламан.

[53] Шоҳ Сулаймон одам юбориб, Одониёни қурбонгоҳдан олдириб келди. Одониё келиб, шоҳ Сулаймонга таъзим қилди. Шундан сўнг Сулаймон: “Бор, уйингга жўна!” — деди унга.

Шоҳлар (учинчи китоб) — Chapters