Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 12:38

[1] Орадан уч йил ўтди. Шу вақт оралиғида Орам билан Исроил ўртасида уруш бўлмади.

[2] Учинчи йили Яҳудо шоҳи Ёҳушафат Исроил шоҳи ҳузурига келди.

[3] Исроил шоҳи аъёнларига деди: — Гиладдаги Рамўт бизники эканини биласизларми? Лекин биз бу шаҳарни узоқ вақтдан буён Орам шоҳидан тортиб олмай, сукут сақлаб келяпмиз.

[4] — Гиладдаги Рамўт учун жанг қилмоққа мен билан борасанми? — деб сўради Ахаб Ёҳушафатдан. — Мени гўё ўзинг деб бил, халқимни ўзингнинг халқинг деб, отларимни ўзингнинг отларинг деб бил, — деди унга Ёҳушафат.

[5] Ёҳушафат Исроил шоҳига яна айтди: — Аввал Эгамизнинг хоҳиш–иродасини бил–чи, У нима дер экан.

[6] Исроил шоҳи тўрт юзга яқин пайғамбарни тўплаб улардан сўради: — Гиладдаги Рамўт учун жанг қилмоққа борайми ёки бормайми? — Бораверсинлар, Раббий у шаҳарни шоҳ ҳазратларининг қўлига беради.

[7] — Бу ерда улардан бошқа Эгамизнинг бирорта пайғамбари қолмадими? Агар бўлса, ундан ҳам сўраб кўрайлик, — деди Ёҳушафат.

[8] — Яна бир киши бор, — деди Ахаб Ёҳушафатга, — Йимлонинг ўғли Михиё. У орқали Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билсак бўлади. Лекин мен уни ёмон кўраман, чунки у мен ҳақимда башорат қилса, хайрли гап айтмайди, ҳар доим хунук гап айтади. — Эй шоҳ, бундай деб айтма, — деди Ёҳушафат.

[9] Исроил шоҳи мулозимини чақириб: — Тез бориб, Йимлонинг ўғли Михиёни олиб кел, — деб буюрди.

[10] Исроил шоҳи Ахаб ва Яҳудо шоҳи Ёҳушафат шоҳлик либосларини кийиб, ҳар қайсиси ўз тахтида Самария дарвозаси ёнидаги буғдой янчиладиган майдонда ўтирар, ҳамма пайғамбарлар эса уларнинг рўпарасида туриб башорат қилаётган эди.

[11] Ханано ўғли Зидқиё темир шохлар ясаб, деди: — Эгамиз: “Орам лашкарини қириб битирмагунингча, уларни шу шохлар билан сузаверасан”, деб айтмоқда.

[12] Бошқа пайғамбарлар ҳам шоҳга: — Рамўтга бораверсинлар, албатта ғалаба қиладилар, Эгамиз ўша шаҳарни шоҳимизнинг қўлларига беради, — деб башорат қилдилар.

[13] Мулозим Михиёни чақириш учун кетди. У Михиёнинг олдига бориб, унга деди: — Қара, ҳозир ҳамма пайғамбарлар бир оғиздан шоҳга яхшиликдан башорат қиляптилар. Сенинг башоратинг ҳам уларникидай бўлсин. Сен ҳам яхшиликдан каромат қил.

[14] — Худо ҳақи! Эгамиз менга нимани аён қилса, шуни айтаман, — деди Михиё.

[15] Михиё шоҳ ҳузурига келди. — Эй Михиё, мен Гиладдаги Рамўт шаҳрини қайтариб олиш учун жанг қилмоқчиман. Рамўтга ҳужум қилайми ёки йўқми? — деб сўради шоҳ ундан. — Ҳужум қилаверсинлар, албатта ғолиб келадилар, — деди Михиё. — Эгамиз ўша шаҳарни шоҳ ҳазратларининг қўлига беради.

[16] — Фақат ҳақиқатни айтишинг учун Эгамиз номини ўртага қўйиб, сенга неча марта онт ичдирайин?! — деб шоҳ ундан яна сўради.

[17] Михиё унга шундай жавоб берди: — Исроил халқини кўриб турибман, улар тоғлар устида ёйилиб юрган чўпонсиз қўйларга ўхшайди. Эгамиз менга деди: “Уларнинг хўжайини йўқ, ҳар бири ўз уйига тинч–омон қайтиб кетсин.”

[18] — У мен ҳақимда башорат қилганда хайрли гап айтмайди, балки хунук хабар айтади, деб сенга айтмаганмидим?! — деб хафалигини изҳор қилди Ахаб Ёҳушафатга.

[19] — Ундай бўлса, Эгамизнинг сўзларини эшитсинлар, — деди Михиё Ахабга. — Мен Эгамизни Ўзининг тахтида ўтирган ҳолатда кўрдим. Жамики самовий мавжудотлар Унинг ўнг ва чап томонидан жой олган эди.

[20] Эгамиз улардан сўради: “Ахаб Гиладдаги Рамўт шаҳрига бориб, ўша ерда ҳалок бўлсин дея, ким уни ўзига оғдира олади?” Бири ундай деди, бошқаси бундай деди.

[21] Бир пайт руҳлардан биттаси Эгамизнинг рўпарасида пайдо бўлди ва: “Уни мен кўндираман”, деди.

[22] “Қандай қилиб кўндирасан?” сўради Эгамиз. “Мен чиқиб, ҳамма пайғамбарларнинг оғзида ёлғончи руҳга айланаман”, деди у. “Сен уни кўндир, бор, айтганингдай қил, сен уддасидан чиқасан”, деди Эгамиз.

[23] Мана кўрдингизми, Эгамиз ҳамма пайғамбарларингизнинг оғзига ёлғончи руҳ солиб қўйган. У бошингизга фалокат келтиришга қарор қилган.

[24] Шу пайт Ханано ўғли Зидқиё Михиёнинг олдига келиб, унинг юзига бир шапалоқ урди: — Наҳотки Эгамизнинг Руҳи мени тарк этиб, сен билан гаплашгани кетган бўлса?! Айт–чи, у қайси йўлдан кетди? — сўради Зидқиё.

[25] — Қараб тур, сичқоннинг ини минг танга бўлиб, яширингани ичкари хонага югурганингда кўрасан, — деди Михиё Зидқиёга.

[26] — Михиёни ушланглар! — буюрди Исроил шоҳи. — Уни шаҳар ҳокими Омоннинг ва шаҳзода Йўшнинг ҳузурига олиб боринглар.

[27] Уларга менинг амримни етказинглар. Улар Михиёни зиндонга ташлашсин. Мен соғ–саломат қайтиб келгунимча, оз–моз нон–сув бериб турсин, холос.

[28] — Эй халойиқ! Ҳаммангиз эшитиб қўйинг! Агар шоҳ ҳазратлари соғ–саломат қайтиб келсалар, Эгамиз мен орқали гапирмаган бўлади, — деди Михиё.

[29] Исроил шоҳи Ахаб билан Яҳудо шоҳи Ёҳушафат Гиладдаги Рамўт шаҳрига кетишди.

[30] — Мен қиёфамни ўзгартириб, жангга кираман, сен эса шоҳлик либосларингни кийиб ол, — деди Ахаб Ёҳушафатга. Ахаб қиёфасини ўзгартириб, жангга кирди.

[31] Орам шоҳи ўттиз иккита жанг аравалари қўмондонига: “Каттаси билан ҳам, кичиги билан ҳам жанг қилиб ўтирманглар, асосий ҳужумни Исроил шоҳининг ўзига қаратинглар”, деб амр берган эди.

[32] Жанг аравалари қўмондонлари Ёҳушафатни кўргач: “Исроил шоҳи ана шу!” деб ўйлаб унга ҳужум бошладилар. Лекин Ёҳушафат жангга даъват қилиб бақирганда,

[33] араваларнинг қўмондонлари билдиларки, у Исроил шоҳи эмас экан. Қўмондонлар орқага қайтдилар.

[34] Бир одам бехосдан ёйини тортиб қўйиб юборган эди, ўқ тўппа–тўғри Исроил шоҳига келиб тегди. Шоҳнинг устидаги совути уланган жойдан ўқ кириб кетган экан. Шоҳ оғир жароҳатланди. — Отни орқага бур, мен жароҳатландим, лашкар орасидан мени олиб чиқиб кет! — деди шоҳ извошчисига.

[35] Ўша куни ғоятда шиддатли жанг бўлди. Шоҳ эса араваси устида суяниб Орам лашкарини кузатиб турди. Ўқ теккан жойдан араванинг ичига қон оқарди. Кечга томон бориб шоҳ қазо қилди.

[36] Кунботар пайтида лашкар орасида: “Ҳар ким ўз шаҳрига, ўз юртига кетаверсин!” деган овоза тарқалди.

[37] Шоҳнинг жасадини Самарияга олиб келиб, ўша ерда дафн қилдилар.

[38] Аравани эса Самариядаги ҳовузда ювдилар. Фоҳишалар ҳам шу ерда ювинишарди. Эгамизнинг айтгани бўлди: кўппаклар унинг қонини ялади.

[39] Ахабнинг бошқа ишлари, бутун фаолияти, фил суягидан қурган саройи, ҳамма мустаҳкам қилган шаҳарлари ҳақида “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

[40] Ахаб оламдан ўтди. Унинг ўрнига ўғли Охозиё шоҳ бўлди.

[41] Исроил шоҳи Ахаб шоҳлик қилаётганига тўрт йил бўлганда, Ёҳушафат Яҳудога шоҳ бўлган эди. Ёҳушафат Осонинг ўғли эди.

[42] Ўшанда Ёҳушафат ўттиз беш ёшда эди. У Қуддусда йигирма беш йил шоҳлик қилди. Онаси Озиба Шилхининг қизи эди.

[43] Ёҳушафат отаси Осонинг йўлидан юрди. Йўлдан озмай, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди. Лекин саждагоҳларни йўқ қилиб ташламади. Халқ ҳамон ўша жойларда қурбонлик қилиб, тутатқи тутатарди.

[44] Ёҳушафат Исроил шоҳи билан сулҳ тузди.

[45] Ёҳушафатнинг бошқа ишлари, кўрсатган қаҳрамонликлари, қандай жанг қилгани “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

[46] Отаси Осо давридан қолган–қутган саждагоҳлардаги фоҳишларни Ёҳушафат юртдан қувиб чиқарди.

[47] Бу пайтда Эдомда шоҳ йўқ эди, шоҳнинг ноиби юртни бошқарарди.

[48] Ёҳушафат: “Офирдан олтин олиб келаман” деб, денгизда савдо кемалари ясади, лекин Эзйўн–Геберга борганда, кемалар парчаланиб, Офирга ета олмади.

[49] Ўшанда Исроил шоҳи Охозиё Ёҳушафатга: “Менинг одамларим сенинг одамларинг билан бирга кемада кетсин”, деган, лекин у рози бўлмаган эди.

[50] Ёҳушафат оламдан ўтди. У ҳам бобоси Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Ёҳурам шоҳ бўлди.

[51] Ёҳушафат Яҳудода шоҳлик қилаётганига ўн етти йил бўлганда, Охозиё Исроилга шоҳ бўлди. Охозиё Ахабнинг ўғли эди. У Самарияда истиқомат қиларди. У икки йил Исроил шоҳи бўлди.

[52] Охозиё Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди. Ота–онасининг йўлидан, Исроилни гуноҳга ботирган Набат ўғли Ерибомнинг йўлидан кетди.

[53] Охозиё Баалга хизмат қилиб, унга топинди. Исроил халқининг Худоси — Эгамиз унинг қилмишларидан қаттиқ ғазабланди. Бинобарин, отаси ҳам Эгамизнинг қаҳрини келтирган эди.

Шоҳлар (учинчи китоб) — Chapters