[1] Ахаб Илёс қилган ҳамма ишларни, барча пайғамбарларни қандай қилиб қиличдан ўтказганини Изабелга айтиб берди.
[2] Изабел Илёсга чопар орқали шу хабарни етказди: “Пайғамбарларнинг жонини қандай олган бўлсанг, эртага шу вақтда мен ҳам сенинг жонингни олмасам, худолар мени ҳар қандай жазога мубтало қилсин, ундан ҳам баттарроғига дучор қилсин.”
[3] Илёс бу хабарни эшитди–ю, ўрнидан туриб, жонини қутқариш умидида Яҳудонинг Бершеба шаҳри томон йўл олди. Хизматкорини ўша шаҳарда қолдириб,
[4] ёлғиз ўзи чўлда бир кун йўл юрди. Ниҳоят, бир юлғун дарахти остига келиб ўтирди. Ўзига ўзи ўлим тилаб: — Етар, эй Эгам! — деб хитоб қилди у, — энди жонимни ола қол. Ахир, ота–боболаримдан менинг ортиқ жойим йўқ.
[5] Илёс юлғун остида ётиб ухлаб қолди. Бир пайт фаришта уни туртиб: “Тур, таом еб ол”, — деди.
[6] Илёс туриб қараса, бош томонида иссиқ тош устида пишган нон, кўзада сув турибди. У еб–ичиб бўлиб, яна ётди.
[7] Эгамизнинг фариштаси иккинчи дафъа қайтиб келди ва Илёсга тегиб: “Тур, таом еб ол, олдингда ҳали узоқ йўл турибди”, деди.
[8] Илёс ўрнидан туриб еб–ичиб олди. Таомнинг қуввати билан қирқ кечаю қирқ кундуз йўл юриб, Худонинг тоғи Синайга етиб келди.
[9] Илёс Синай тоғидаги бир ғорга кириб, ўша ерда тунади. Бир пайт Эгамиз ундан: “Эй Илёс, бу ерларда нима қилиб юрибсан?” деб сўради.
[10] — Эй Парвардигори Олам — Эгам, Сен учун кўп жон куйдирган эдим, — деди Илёс. — Чунки Исроил халқи Сен билан қилган аҳддан қайтди, қурбонгоҳларингни бузди, пайғамбарларингни қиличдан ўтказди. Эй Эгам, Сенинг пайғамбарларингдан ёлғиз мен қолдим, холос. Энди жонимни олиш учун мени ҳам қидириб юрибдилар.
[11] — Чиқ, тоғда Менинг рўпарамда тур, ёнингдан ўтаман, — деди Эгамиз унга. Эгамиз ўтаётганда, қудратли бўрон тоғларни ёриб, қояларни парча–парча қилиб ташлади, лекин Эгамиз бўрон ичида эмасди. Шамолдан сўнг зилзила бўлди, лекин Эгамиз зилзилада ҳам эмасди.
[12] Зилзиладан сўнг эса аланга кўтарилди. Бироқ Эгамиз аланга ичида ҳам эмас экан. Алангадан кейин эса майин шабада товуши эшитилди.
[13] Илёс бу товушни эшитиб, юзини чакмони билан беркитиб олди. Ташқарига чиқиб, ғорнинг оғзида турди. Шунда яна: “Илёс, бу ерда нима қилиб турибсан?” деган садо келди.
[14] — Эй Парвардигори Олам — Эгам, мен Сен учун кўп жон куйдирган эдим, — деди Илёс. — Исроил халқи Сен билан қилган аҳддан қайтди, қурбонгоҳларингни бузди, пайғамбарларингни қиличдан ўтказди. Эгамнинг пайғамбарларидан ёлғиз мен қолдим, холос. Энди жонимни олиш учун мени ҳам қидириб юрибдилар.
[15] Эгамиз унга айтди: — Сен келган йўлингдан орқага қайт. Дамашқ яқинидаги саҳрога бор. У ерга борганингдан кейин, Хазайилнинг бошига мой сурт, у Орам юртининг шоҳи бўлсин.
[16] Нимши ўғли Ёҳунинг бошига ҳам мой сурт, у Исроилнинг шоҳи бўлсин. Овил–Махлалик Шофот ўғли Элишайнинг бошига ҳам мой сурт, у сенинг ўрнингга пайғамбар бўлади.
[17] Хазайилнинг қиличидан қочиб қутулганни Ёҳу ўлдиради, Ёҳунинг қиличидан қочиб қутулганни Элишай ўлдиради.
[18] Мен Исроил халқидан етти минг одамни қолдираман, улар Баал олдида тиз чўкмаган, бирортаси ҳам Баални ўпмаган.
[19] Илёс у ердан кетиб, Шофот ўғли Элишайни топди. У ўн икки жуфт ҳўкиз билан ер ҳайдаётганларнинг орасида бўлиб, ўн иккинчи жуфт ҳўкизни ҳайдаб кетаётган эди. Илёс Элишайнинг ёнидан ўтаётиб, чакмонини унинг устига ташлади.
[20] Элишай ҳўкизларини қолдириб, Илёснинг орқасидан югуриб борди. — Ижозат бер, бориб, ота–онамни ўпиб хайрлашиб келай, кейин орқангдан етиб бораман, — деди у Илёсга. Илёс Элишайга деди: — Бор, лекин мен сенга қилганимни ўйлаб кўр!
[21] Элишай Илёснинг ёнидан қайтиб бориб, ўзининг бир жуфт ҳўкизини сўйди. Омоч–бўйинтуруқларини ёқиб, ҳўкизларнинг гўштини пишириб, одамларга берди. Одамлар гўштни еб бўлгач, Элишай Илёснинг ортидан жўнади ва унга хизмат қила бошлади.