Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:13

[1] Довуд Исроилдаги ҳамма аъёнларни — қабила йўлбошчиларини, шоҳга хизмат қиладиган ҳарбий қисмлар сардорларини, мингбошиларни, юзбошиларни, шоҳ ва шаҳзодалар мулкини ва подаларини бошқарувчиларни, сарой аъёнларини, баҳодир паҳлавонларни ва бошқа ҳамма жангчиларни Қуддусда тўплади.

[2] Шоҳ Довуд уларнинг олдида туриб, гапирди: “Биродарларим, халқим, гапимни эшитинглар! Мен Худонинг оёқ курсиси бўлмиш Эгамизнинг Аҳд сандиғи учун бир оромгоҳ қурмоқчи эдим. Қурилиш учун ҳамма тайёргарликни ҳам кўриб қўйган эдим.

[3] Лекин Худо: «Менга атаб уйни сен қурмайсан, сен жанг қилиб, кўп қон тўкдинг», — деди.

[4] Ваҳоланки, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз бутун отам хонадонидан мени танлаб олди. Мени то абад Исроилнинг шоҳи қилди. У Яҳудо қабиласини етакчи қилиб танлади, Яҳудо қабиласидан эса отамнинг хонадонини раво кўрди, отамнинг ўғиллари орасидан эса мени мамнуният ила бутун Исроил устидан шоҳ қилди.

[5] Эгамиз менга кўп ўғиллар берди, ҳамма ўғилларим орасидан Исроил шоҳи қилиб Сулаймонни танлади. Ҳа, Эгамизнинг шоҳлиги тахтига у ўтиради.

[6] Эгамиз менга айтди: «Мен учун уйни ва ҳовлиларни қурадиган ўғлинг Сулаймондир. Мен уни Ўзимга ўғил қилиб танладим, Мен унга ота бўламан.

[7] Агар у бугунгидай, Менинг амрлариму қонунларимга қатъият билан риоя қилиб юрса, унинг тахтини то абад мустаҳкам қиламан.»

[8] Шунинг учун энди Эгамизнинг жамоаси Исроил халқининг кўзи ўнгида ва Худойимизнинг гувоҳлигида сизларга айтайин: Эгангиз Худонинг амрларини битта қолдирмай бажаринг. Ана шунда сизлар мана шу ҳосилдор юртга эгалик қиласизлар, болаларингизга ҳам уни абадий мерос қилиб қолдирасизлар.

[9] Энди Сулаймон ўғлим, отангнинг Худосини тан олгин, бутун онгинг билан сидқидилдан Унга хизмат қилгин. Зотан, Эгамиз ҳар бир инсоннинг юрагини синайди, нияту фикрларимизни У билади. Агар Уни изласанг, топасан. Агар Уни тарк этсанг, У ҳам сени абадий ташлаб кетади.

[10] Гапимга қулоқ сол! Маъбад қуриш учун Эгамиз сени танлаган экан, қани, дадил бўлиб, ишга бел боғла!”

[11] Довуд Маъбад биноларининг, омборхоналарининг, бошқа хоналарининг ва Энг муқаддас хонанинг, яъни гуноҳдан поклаш жойининг чизма лойиҳаларини ўғли Сулаймонга берди.

[12] Шунингдек, Довуд Эгамиз уйининг ҳовлилари ва атрофидаги хоналари, Худо уйининг хазиналари ва назр қилинган ҳадялар сақланадиган хоналари учун кўнглидаги ниятларини айтди.

[13] Руҳонийлар ва левиларнинг тузумига, уларнинг Эгамизнинг уйида қилинадиган барча хизматларига ва хизмат пайтида фойдаланиладиган барча ашёларга оид кўрсатмалар берди.

[14] Хизматда ишлатиладиган қуйидаги идиш ва жиҳозларни ясаш учун олтин ва кумуш вазнини белгилаб берди:

[15] мойчироқлар ва чироқпоялар,

[16] муқаддас нонлар қўйиладиган олтин хонтахта, кумуш хонтахталар,

[17] санчқилар, тоғорачалар, кўзалар, жомлар ва

[18] тутатқи қурбонгоҳи. Бундан ташқари, олтин араванинг, яъни қанотларини ёйиб, Эгамизнинг Аҳд сандиғини қоплаб турган олтин карубларнинг лойиҳасини ҳам Сулаймонга берди.

[19] Сўнгра Довуд ўғли Сулаймонга шундай деди: — Буларнинг ҳаммасини мен Эгамнинг бошчилигида ёздим, лойиҳанинг икир–чикирларини Унинг Ўзи менга аён қилди. Дадил ва ботир бўл! Ишни бошла! Қўрқма, ваҳимага тушма! Парвардигор Эгамиз — менинг Худойим сен билан биргадир. Эгамизнинг уйидаги ишлар битмагунча, У сени ташлаб қўймайди, тарк этмайди.

[21] Мана, руҳонийлар ва левилар гуруҳлари Худонинг уйидаги ҳар қандай хизматни қилишга тайёр бўлиб турибдилар. Моҳир ҳунармандлар сенга бажонидил ёрдам берадилар. Бутун халқ ва уларнинг йўлбошчилари амрингга мунтазирдирлар.

Солномалар (биринчи китоб) — Chapters