[1] Довуд ўзи учун Довуд қалъасида уйлар барпо қилди. Худонинг Сандиғи учун ҳам жой тайёрлаб, чодир қурди.
[2] Кейин у шундай амр берди: “Худонинг Сандиғини фақат левилар кўтариб юрсин. Зеро, Эгамиз Ўз Сандиғини кўтариб юриш учун левиларни танлагандир. Уларни Ўзига абадий хизмат қилиш учун танлаб олгандир.”
[3] Довуд ўзи тайёрлаган жойга Эгамизнинг Сандиғини олиб келиш учун жамики Исроил халқини Қуддусда тўплади.
[4] Сўнгра қуйидаги Ҳорун наслини ва левиларни йиғди:
[5] Қоҳот наслидан — уруғбоши Уриёл ва у билан бирга унинг 120 нафар қариндоши,
[6] Марори наслидан — уруғбоши Осоёҳ ва у билан бирга 220 нафар қариндоши,
[7] Гершон наслидан — уруғбоши Йўэл ва у билан бирга 130 нафар қариндоши,
[8] Элизофон наслидан — уруғбоши Шамаё ва у билан бирга 200 нафар қариндоши,
[9] Хеврон наслидан — уруғбоши Элиёл ва у билан бирга 80 нафар қариндоши,
[10] Узиёл наслидан — уруғбоши Оминадав ва у билан бирга 112 нафар қариндоши.
[11] Довуд иккала руҳонийни — Зодўх билан Абуатарни, левилардан Уриёл, Осоёҳ, Йўэл, Шамаё, Элиёл ва Оминадавни чақириб,
[12] уларга деди: “Сизлар Леви қабиласининг уруғбошиларисиз. Шундай экан, Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг Сандиғини мен тайёрлаган жойга олиб кела олишингиз учун ўзларингизни ва леви биродарларингизни покланглар.
[13] Олдинги сафар Сандиқни левилар олиб келмагани учун Эгамиз Худо биздан қаттиқ ғазабланган эди. Ҳа, биз Ундан Сандиқни қандай олиб келишимиз кераклигини сўрамаган эдик.”
[14] Руҳонийлар ва левилар Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг Сандиғини олиб келиш учун ўзларини покладилар.
[15] Улар Эгамизнинг Мусо орқали берган амрига мувофиқ, Худонинг Сандиғини ходалар билан елкаларига ортиб, кўтариб кетдилар.
[16] Булардан ташқари, Довуд Леви қабиласининг уруғбошиларига, қариндошларингиз орасидан созандаларни тайинланг, деб буюрган эди. Улар арфа, лира ва зилларни чалиб, бу мусиқа асбобларининг жўрлигида шодиёна қўшиқлар айтишлари керак эди.
[17] Левилар Марори уруғидан қуйидаги созандаларни тайинлаган эдилар: Йўэл ўғли Хаман, Бархиё ўғли Осиф ва Қушаё ўғли Этхан.
[18] Уларнинг ёрдамчилари қилиб қуйидагилар тайинланган эди: Закариё, Язиёл, Шамиромўт, Ёхиёл, Унно, Элиёб, Бинаё, Масиё, Маттитиё, Элифалеҳ, Михниё ҳамда дарвозабонлар Обидадом ва Явиёл.
[19] Созандалардан Хаман, Осиф ва Этхан бронза зиллар чалишлари керак эди.
[20] Закариё, Азиёл, Шамиромўт, Ёхиёл, Унно, Элиёб, Масиё ва Бинаё арфаларни чалишлари керак эди.
[21] Маттитиё, Элифалеҳ, Михниё, Обидадом, Явиёл ва Озазиё эса саккиз торли лираларни чалиб, куй ижросида етакчилик қилишлари керак эди.
[22] Левиларнинг бошлиғи Хонаниё моҳир созанда бўлгани учун уни қўшиқчилар раҳбари қилиб тайинлаган эдилар.
[23] Аҳд сандиғини қўриқлаш учун Бархиё, Элқана, Обидадом ва Ёхиё тайинланган эдилар. Руҳонийлар Шабаниё, Ёшафат, Натанил, Эмосай, Закариё, Бинаё ва Элиазар Худонинг Сандиғи олдида карнайлар чалиб боришлари керак эди.
[25] Довуд, Исроил оқсоқоллари ва мингбошилар Эгамизнинг Аҳд сандиғини Обидадомнинг уйидан олиб келиш учун катта тантана билан кетдилар.
[26] Аҳд сандиғини кўтариб келаётган левиларга Худонинг Ўзи ёрдам берди. Шу сабабдан улар еттита буқа ва еттита қўйни қурбонлик қилдилар.
[27] Сандиқни кўтариб келаётган барча левилар, қўшиқчилар ва қўшиқчилар раҳбари Хонаниё сингари, Довуд ҳам майин зиғирдан тўқилган ридо кийиб олган эди. Довуд ридодан ташқари руҳонийларнинг муқаддас либосини ҳам кийган эди.
[28] Шундай қилиб, бутун Исроил халқи севинчли хитоблар билан, арфа ва лира куйлари ҳамда бурғу, карнай, зиллар садолари остида Эгамизнинг Аҳд сандиғини олиб келди.
[29] Улар Эгамизнинг Сандиғини Довуд қалъасига олиб киришаётганда, Шоулнинг қизи Михал деразадан қараб турган эди. У сакраб ўйнаётган шоҳ Довудни кўрди–ю, ўз кўнглида уни паст кўрди.