[1] Левилар Худонинг Сандиғини Довуд махсус тайёрлаган чодирнинг ичкарисига олиб кириб қўйдилар. Кейин Худога куйдириладиган қурбонликларни ва тинчлик қурбонликларини келтирдилар.
[2] Довуд қурбонликлар қилиб бўлгандан кейин, Эгамизнинг номидан халқни дуо қилди.
[3] Сўнг Исроил жамоасидаги ҳар бир одамга — эркагу аёлга, бир донадан гардиш нон, бир ҳовучдан хурмо ва бир ҳовучдан майиз тарқатди.
[4] У левилардан баъзиларини Эгамизнинг Сандиғи олдида хизмат қилиш учун тайинлади. Улар Исроил халқининг Худоси — Эгамизни улуғлаб, Унга шукроналар айтишлари ва мадҳиялар куйлашлари керак эди.
[5] Осиф уларнинг раҳнамоси эди, унинг ёрдамчилари эса Закариё, Явиёл, Шамиромўт, Ёхиёл, Маттитиё, Элиёб, Бинаё, Обидадом ва Явиёл эдилар. Улар арфа ва лира чолғувчилари, Осифнинг ўзи зил чолғувчиси,
[6] руҳонийлар Бинаё билан Яхазиёл эса карнай чолғувчилари бўлиб, улар ҳар куни Худонинг Аҳд сандиғи олдида мусиқа асбобларини чалишлари керак эди.
[7] Ўша куни Довуд биринчи марта Осиф билан унинг қариндошлари зиммасига Эгамизга ҳамду санолар айтиш масъулиятини юклаган эди.
[8] Эгамизга шукур айтинг, Унга сажда қилинг, Бошқа халқлар орасида Унинг ишларини билдиринг.
[9] Тараннум қилиб Уни, ҳамду сано ила қўшиқ айтинг, Унинг жамики ажойиб ишларини сўзлаб беринг.
[10] Эгамизнинг муқаддас номи ила фахрланинг, Эгамизга юз бурганларнинг қалби шодликка тўлсин.
[11] Қудратли Эгамизга юз буринг! Унинг ҳузурида бўлишга интилинг.
[12] Эй сизлар, Эгамизнинг қули Исроил насли, Эй Ёқуб ўғиллари — Эгамизнинг танлаганлари, Эгамиз қилган ажойиботларини эсда тутинг, Унинг мўъжизаларини, чиқарган ҳукмларини унутманг.
[14] У Эгамиз Худодир, У бутун ер юзини адолатли ҳукм қилади.
[15] Шундай экан, Унинг аҳдини доимо ёдда тутинг, Минглаб насллар оша ваъдасини унутманг.
[16] Эгамизнинг Иброҳим билан қилган аҳдига риоя қилинг, Исҳоққа қасам ичиб берган ваъдасига содиқ қолинг.
[17] Эгамиз бу аҳдни Ёқубга берди, Ҳа, Исроил билан абадий аҳд қилиб шундай деди:
[18] “Канъон юртини сенга бераман, Уни ўзингга абадий мулк қилиб оласан.”
[19] Ўша вақтда уларнинг сони кам эди, Ҳа, жуда камчилик эдилар. Улар бу юртга келгинди эди.
[20] Кезарди бир халқ орасидан бошқасига, Бир шоҳликдан бошқа юртга.
[21] Эгамиз ҳеч кимга уларни эзишларига йўл қўймади, Уларни деб шоҳларга танбеҳ берди.
[22] Айтдики: “Мен танлаганларга тегманглар, Пайғамбарларимга зарар келтирманглар.”
[23] Эй олам, Эгамизни тараннум этинг! Ҳар куни Унинг нажотидан сўйланг.
[24] Эълон қилинг элатлар орасида Унинг шуҳратини, Жамики халқлар орасида Унинг ажойиботларини.
[25] Эгамиз буюкдир, кўп мақтовга лойиқдир, Жамики худолардан У иззатлидир.
[26] Зотан, халқларнинг ҳамма худолари бутлардир, Эгамиз эса самоларни яратгандир.
[27] Шуҳрату улуғворлик Унинг ҳузуридадир, Қудрату шодлик Унинг масканидадир.
[28] Эгамизга ҳамдлар айтинг, эй замин халқлари! Эгамизнинг қудратию шуҳратига ҳамдлар ўқинг!
[29] Эгамизнинг шарафига ҳамдлар ўқинг! Назрлар келтириб, Унинг ҳузурига киринг! Муқаддас улуғворликка бурканган Эгамизга сажда қилинг!
[30] Эй замин аҳли, Унинг олдида титраб туринг! Олам мустаҳкам ўрнашган, ҳеч қачон тебранмайди.
[31] Самолар шод бўлсин, замин қувонсин, Элатлар орасида айтишсин: “Эгамиз Шоҳдир!”
[32] Денгизу ундаги ҳамма жонзот гувилласин. Далалару ундаги ҳар нарса севинч ила жўшсин,
[33] Ўрмондаги дарахтлар шодликдан қўшиқ айтсин. Эгамиз олдида улар қўшиқ айтар, Ана, Заминни бошқармоқ учун У келаётир.
[34] Эгамизга шукрона айтинг, У яхшидир! Унинг содиқ севгиси абадийдир.
[35] Яна шундай деб айтинглар: “Эй нажоткоримиз Худо, бизларни қутқар, Бизни халқлардан халос қил, Уларнинг орасидан тўплаб ол. Ўзинг муқаддассан, Сенга шукур айтайлик, Мадҳга лойиқ ишларинг билан фахрланайлик.
[36] Исроил халқининг Худоси — Эгамизга То абад олқишлар бўлсин.” Шундан кейин жамики халқ: “Омин!” деб Эгамизга ҳамду санолар айтди.
[37] Довуд Осифни ва унинг қариндошларини Эгамизнинг Аҳд сандиғи олдидаги доимий хизматга тайинлади. Улар ҳар куни ўша ерда ўз вазифаларини бажарар эдилар.
[38] Уларга бу хизматда Обидадом ва унинг олтмиш саккизта қариндоши ёрдам беришлари керак эди. Ёдутун ўғли Обидадом ва Хўсах дарвозабон эдилар.
[39] Довуд руҳоний Зодўхни ва унинг руҳоний қариндошларини Гивондаги саждагоҳда, Эгамизнинг Муқаддас чодирида хизмат қилишга тайинлади.
[40] Улар, Эгамизнинг Исроил халқига берган қонунига мувофиқ, ҳар куни эрталаб ва кечқурун қурбонгоҳ устида қурбонликлар куйдиришлари лозим эди.
[41] Уларнинг ёнида Хаман, Ёдутун ва номма–ном айтиб танланган бошқа одамлар ҳам хизмат қилиб, Эгамизга: “Унинг содиқ севгиси абадийдир”, дея ҳамду сано айтишлари керак эди.
[42] Хаман билан Ёдутун ҳамду санонинг куйи учун масъул бўлиб, карнай, зил ва бошқа мусиқа асбобларини чалишлари керак эди. Ёдутуннинг ўғиллари дарвозабон қилиб тайинланган эди.
[43] Шундан кейин ҳамма одамлар уйларига қайтиб кетдилар, Довуд ҳам ўз оиласини дуо қилгани уйига қайтди.