Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:58

[1] Бирмунча вақт ўтгач, Довуд яна Филистларга ҳужум қилиб, уларни мағлуб қилди. Гат шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқларни Филистлардан тортиб олди.

[2] Сўнг Мўаб халқини ҳам мағлуб қилди. Мўаб халқи Довудга қарам бўлиб, ўлпон тўлайдиган бўлишди.

[3] Зўво шоҳи Ҳададзар Фурот дарёси бўйларига юриш қилиб, ўша ерларда ўз ҳокимиятини ўрнатмоқчи бўлган бир пайтда Довуд унга ҳужум қилди. Довуд Ҳададзарни Хомат шаҳри ёнида тор–мор этди.

[4] Ҳададзарнинг 1000 та жанг аравасини, 7000 отлиқ ва 20.000 пиёда сипоҳини асирга олди. Ўзининг 100 та жанг араваси учун керакли отларни қолдириб, бошқа ҳамма отларни майиб қилди.

[5] Дамашқдаги Орам халқи Зўво шоҳи Ҳададзарга ёрдамга келган эди, Довуд улардан 22.000 кишини ўлдирди.

[6] Сўнг Дамашқдаги Орам халқининг шаҳарларига ўзининг қўнолғаларини жойлаштирди. Орам халқи ҳам Довудга қарам бўлиб, ўлпон тўлайдиган бўлди. Шундай қилиб, Довуд қаерга бормасин, Эгамиз уни зафарга эриштирди.

[7] Довуд Ҳададзарнинг аъёнлари кўтариб юрадиган олтин қалқонларни қўлга киритиб, Қуддусга келтирди.

[8] Яна Ҳададзарнинг қўли остидаги шаҳарлари бўлган Тивхат ва Хундан кўп бронза олиб келди. Кейинчалик Сулаймон бу бронзадан ҳовуз, устунлар ва ҳар хил ашёлар ясаттирди.

[9] Хомат шоҳи Тўах: “Довуд Ҳададзарнинг бутун лашкарини мағлуб қилибди” деган хабарни эшитиб қолди.

[10] Тўах шоҳ Довуднинг ҳузурига ўғли Ёрамни юбориб, қутлади, жангда Ҳададзардан ғолиб келгани учун Довудни олқишлади. Тўах Ҳададзар билан узоқ вақтдан бери уришиб келарди. У Довудга олтин, кумуш, бронза идишларни тортиқ қилиб юборди.

[11] Шоҳ Довуд бу инъомларни бошқа юртлардан — Эдом, Мўаб, Оммон, Филист ва Омолекдан тортиб олиб келган олтину кумушлар билан бирга Эгамизга назр қилди.

[12] Зеруя ўғли Абушай Туз водийсида Эдом халқидан 18.000 кишини ҳалок қилди.

[13] У Эдом юртига ўз қўнолғаларини жойлаштирди. Эдом халқи Довудга қарам бўлди. Довуд қаерга бормасин, Эгамиз уни зафарга эриштирди.

[14] Довуд бутун Исроилда шоҳлик қилар экан, халқини одиллик билан бошқарарди.

[15] Зеруя ўғли Йўаб — лашкарбоши, Охилуд ўғли Ёҳушафат мушовир эди.

[16] Охитоб ўғли Зодўх билан Абуатар ўғли Охималек — руҳоний, Сараё мирза эди.

[17] Ёҳайидо ўғли Бинаё Харетлик ва Палатлик қўриқчиларнинг бошлиғи эди. Довуднинг ўғиллари саройда юксак лавозимдаги аъёнлар эдилар.

Солномалар (биринчи китоб) — Chapters