[1] Филистлар Исроил лашкари билан жанг қилди. Исроил лашкари Филистларнинг олдига тушиб қочди, кўплари Гилбова тоғида ҳалок бўлди.
[2] Филистлар Шоул билан унинг ўғиллари ортидан тушдилар. Натижада Шоулнинг ўғиллари Йўнатан, Абунадав ва Малкишува ўлдирилди.
[3] Шоулнинг атрофида жанг тобора авжига чиқди. Шу пайт Филист камонкашлари Шоулга қарата ўқ отдилар. Шоул яраланди.
[4] У қуролбардорига: — Қиличингни суғургин–да, менга санч, токи анави суннатсизлар келиб, мени хўрламасинлар, — деди. Лекин қуролбардори қўрқди, Шоулнинг айтганини қилмади. Шунда Шоул қиличини қинидан суғуриб, ўзини қилич устига ташлади.
[5] Қуролбардори ҳам Шоулнинг ҳалок бўлганини кўриб, ўзини қиличи устига ташлаб, ўлди.
[6] Шундай қилиб, Шоул, унинг учала ўғли ва бутун хонадони бир кунда ҳалок бўлишди.
[7] Йизрил водийсида яшайдиган Исроил халқи ўз сипоҳларининг қочганини, Шоул билан ўғиллари ўлганини кўришди–ю, шаҳарларини ташлаб қочишди. Филистлар бу шаҳарларга келиб ўрнашиб олишди.
[8] Эртаси куни Филистлар ҳалок бўлганларни талон–тарож қилгани жанг майдонига келишди. Бирдан улар Гилбова тоғида Шоул билан унинг ўғилларининг жасадлари ётганини кўриб қолишди.
[9] Улар Шоулнинг кийимларини ечишди, бошини кесиб, қуролларини олишди. Филист юрти бўйлаб хабарчилар жўнатиб, бу хушхабарни ўз бутхоналарида эълон қилиб, халққа эшиттиришди.
[10] Шоулнинг қурол–аслаҳасини ўз худолари уйига қўйишди, бошини эса худо Дўғон уйининг деворига қоқиб қўйишди.
[11] Гиладдаги Ёбош аҳолиси Филистларнинг Шоулни нималар қилганини эшитишди.
[12] Шунда ҳамма жасур йигитлар Шоул билан ўғилларининг жасадларини олиб, Ёбош шаҳрига келтиришди. Суякларини Ёбошдаги эман дарахти тагига дафн қилгач, етти кун рўза тутишди.
[13] Шундай қилиб, Шоул Эгамизга қилган садоқатсизлиги учун ҳалок бўлган эди. У Эгамизнинг сўзига итоат этмади. Бунинг устига, арвоҳ чақирувчига маслаҳат солган эди.
[14] Эгамизнинг хоҳиш–иродасини эса сўрамади. Шунинг учун Эгамиз уни ўлдириб, шоҳликни Эссай ўғли Довудга берди.