Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:49

[1] Тир шоҳи Хирам Довуд ҳузурига элчилар юборди. Улар билан Довудга саройининг қурилиши учун садр ёғочларини жўнатди, тош терувчилар ва дурадгорларни йўллади.

[2] Довуд энди билдики, Эгамиз уни Исроил устидан шоҳ қилиб тайинлаган экан, Ўз халқининг ҳақи–ҳурмати учун унинг шоҳлигини ниҳоятда юксалтирган экан.

[3] Довуд Қуддусда яна хотинлар олди, улар Довудга янада кўп ўғил–қизлар туғиб беришди.

[4] Довуднинг Қуддусда туғилган фарзандлари қуйидагилар эди: Шаммува, Шўвав, Натан, Сулаймон,

[5] Йибхар, Элишува, Элфалат,

[6] Нўгах, Нафах, Ёфия,

[7] Элишама, Элёдах ва Элифалет.

[8] Филистлар: “Довудга мой суртилибди. У бутун Исроил халқи устидан шоҳ бўлибди” деган хабарни эшитишди. Шундан кейин барча Филист лашкари Довудни қидириб жангга отландилар. Бундан хабар топган Довуд ҳам ўз лашкари билан уларга қарши жангга отланди.

[9] Филистлар келиб, Рафа водийсини талон–тарож қила бошладилар.

[10] Довуд Худодан: — Филистларга ҳужум қилайми? Уларни қўлимга берасанми? — деб сўради. — Ҳужум қил! — деб жавоб берди Эгамиз Довудга. — Уларни қўлингга бераман.

[11] Шундай қилиб, Довуд Баал–Перазимга бориб, у ерда Филистларни тор–мор қилди. Кейин шундай деди: — Сув тўғондан тошиб, далани босгани сингари, Худо ғанимларимни босиб, менинг қўлим билан уларни улоқтириб юборди. Шу сабабдан бу ерга “Баал–Перазим” деган ном берилди.

[12] Филистлар ўша ерда худоларининг тасвирларини ташлаб қочган эдилар, Довуд уларни ёндириб юборишни буюрди.

[13] Кўп ўтмай Филистлар водийга қайтиб келиб, у ерларни яна талон–тарож қила бошладилар.

[14] Довуд тағин Худонинг хоҳиш–иродасини сўради. Худо эса унга шундай жавоб берди: — Сен уларнинг олд томонидан ҳужум қилма. Уларни айланиб ўтгин–да, мумиё дарахтлари томондан яқинлашиб бор.

[15] Мумиё дарахтлари тепасида Менинг қадамим товушларини эшитганинг заҳоти уларга ҳужум қил. Ўшанда Мен Филист лашкарини йўқ қилиш учун сенинг қаршингдан чиққан бўламан.

[16] Довуд Худо амр берганидай қилиб, Гивондан Гезер шаҳригача бўлган жойларда Филистлар лашкарини тор–мор қилди.

[17] Довуднинг донғи ҳамма юртларга таралди. Эгамиз ҳамма халқларни ундан қўрқадиган қилиб қўйди.

Солномалар (биринчи китоб) — Chapters