Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:25

[1] Эй жоним, келинчагим, боғимга келиб, Мирра ва зираворларимни тўплайман. Асалари мумини ҳамда асалимни ейман, Сут ва шаробимни ичаман. Тўйгунингча егин, севгилим, Севгидан ичиб, қониққин.

[2] Ухладим, лекин юрагим уйғоқ эди. Ана, севгилим чақирмоқда: “Очгин эшигингни, жоним, севгилим, Кабутарим, комилим. Бошим ҳўлдир шудрингдан, Сочларим эса тун шабнамидан.”

[3] Кийимларимни ечиб қўйганман, Қандай қилиб яна кияман?! Оёқларим ювилган, Уларни кир қилайми?!

[4] Севгилим қўлини эшик тешигидан киргизганда, Бутун вужудим титраб кетди.

[5] Севгилимни киргизай, дея турдим. Қўлларимдаги мирра, Эшикнинг тутқичларига оқиб тушди.

[6] Севгилимга эшикни очдим, Лекин у кетиб қолибди. У кетганига юрак–бағрим эзилди. Қидириб, уни топа олмадим, Чақирдим, лекин у жавоб бермади.

[7] Шаҳарни айланиб юрган қўриқчилар Мени кўриб қолдилар. Улар мени уриб яраладилар. Ўша шаҳар қўриқчилари Устимдаги рўмолимни олиб қўйдилар.

[8] Эй Қуддус қизлари, ваъда беринглар, Севгилимни топсангиз, айтиб қўйинглар, Унинг ишқи дардида ёнмоқдаман.

[9] Эй аёллар гўзали, Севгилингнинг бошқалардан нимаси ортиқ?! Унинг бошқалардан нимаси ортиқки, Сен бизга, ваъда беринглар, деб айтасан?!

[10] Севгилим кўҳлик, чиройлидир, Ўн мингтанинг ичида ажралиб турар.

[11] Боши энг аъло тилладай гўзал, Жингалак сочлари қарғадай қоп–қорадир.

[12] Кўзлари эса булоқлар бўйидаги кабутарлардай, Чашмалар бўйидаги, сутга чўмдирилган каптарлардайдир.

[13] Унинг ёноқлари муаттар ҳидли Зиравор боғлари каби жуда хушбўйдир. Лаблари эса мирра оқиб турган Нилуфарлар каби шириндир.

[14] Қўллари тилладан ясалиб, Топаз тошлар билан безатилганга ўхшайди. Танаси эса зангори ёқутлар ўрнатилган Теп–текис фил суягидай чиройлидир.

[15] Оёқлари тилла тагликка ўрнатилган Мармар устунлари каби кучлидир. Унинг қиёфаси улуғвор Лубнондай, Қудратли, аъло садр дарахтларидайдир.

[16] Унинг овози жуда ширин, Ўзи эса ҳар жиҳатдан мафтункор. Эй Қуддус қизлари, мана шундай йигит Менинг севгилим, дўстимдир.

Сулаймон пайғамбарнинг гўзал қўшиғи — Chapters