Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 2:29

[1] Кечқурун ўрнимда ётганимда, Бутун қалбим билан севган ошиғимни қўмсадим. Жуда қўмсадим, лекин уни тополмадим.

[2] Энди туриб, шаҳарга чиқаман. Шаҳар майдонларию кўчаларида юриб, Севгилимни излайман. Изладим–у, аммо уни тополмадим.

[3] Қўриқчилар шаҳарни кезиб юриб, Мени кўриб қолишди. Улардан: “Севгилимни кўрмадингизми?” деб сўрадим.

[4] Уларнинг олдидан кетишим биланоқ, Севгилимни топдим. Уни маҳкам қучиб, қўйиб юбормадим. Онамнинг уйига олиб келдим. Уни ўз туққан онамнинг хонасига олиб кирдим.

[5] Эй Қуддус қизлари, Кийигу ёввойи оҳулар ҳақи онт ичинг. Вақт–соати келмагунча, Севгини қўзғатманг, уйғотманг.

[6] Даштда тутундай кўтарилиб, Кўринаётган нарса нимадир? Ундан аттор растасидаги барча хушбўй атирларнинг ҳиди, Мирра ва хушбўй тутатқиларнинг ҳиди келиб турибди.

[7] Қаранглар, у Сулаймоннинг тахтиравонидир, Унинг атрофида олтмишта паҳлавони бор. Улар Исроил халқи орасидаги энг баҳодир жангчилардир.

[8] Қилич ўйнатишда ҳаммаси моҳир, Жангда ҳам жуда маҳоратлидирлар. Тунда бўладиган ҳужумлардан сақланиш учун Уларнинг ҳаммаси қилич билан қуролланган.

[9] Шоҳ Сулаймон ўз тахтиравонини Лубнон ёғочларидан ясаттирган.

[10] Бу тахтиравон дасталари кумушдан, Орқаси тилладан ясалган, Ўриндиғига эса сафсар кимхоб тўшалган. Қуддус қизлари тахтиравоннинг ичини Муҳаббат билан безатганлар.

[11] Чиқинглар, эй Сион қизлари! Шоҳ Сулаймонга қаранглар. Тўйи куни, юраги шодлик билан тўлган куни Онаси кийдирган тожга қаранглар.

Сулаймон пайғамбарнинг гўзал қўшиғи — Chapters