[1] Севгилинг қаерга кетди, Эй гўзалларнинг гўзали? Айт–чи, қайси томонга йўл олди? Биз сен билан уни қидирайлик.
[2] Севгилим ўз боғига, Хушбўй зираворлар боғига кетди. У нилуфар гуллар териб, Ўз боғидан завқ олгани кетди.
[3] Мен севгилимники, севгилим эса меникидир! У нилуфарлар териб, ўз боғидан завқ олади.
[4] Сен Тирза шаҳридай гўзалдирсан, севгилим, Қуддус шаҳридай хушрўйдирсан, Байроқлари кўтарилган қўшиндай савлатлисан.
[5] Кўзларингни олиб қоч мендан, Улар мени мафтун қилганлар. Гилад қирларидан ёйилиб тушаётган Қоп–қора қўйлардайдир сенинг сочларинг.
[6] Ювиб–таралган оппоқ Эчкилардайдир сенинг тишларинг. Ҳар бирининг эгизи бор, Ўрни ҳеч бўш қолмаган.
[7] Чачвонинг ортидаги ёноқларинг эса Анорлардай қип–қизил.
[8] Ана, олтмишта малика, саксонта канизак, Сон–саноқсиз қизлар!
[9] Аммо менинг кабутарим, Комил севгилим ўзгачадир. Онасининг эркаси, Туққан онасининг ягонасидир. Қизлар уни кўриб, у бахтлидир, дейишади, Маликаю канизаклар уни кўриб, мақташади.
[10] Маҳбубамнинг нигоҳлари тонгдайдир. Ўзи эса тўлин ойдай гўзал, қуёшдай ёрқин, Байроқлари кўтарилган қўшиндай савлатлидир.
[11] Мен бодомзорга, Водий чечакларини кўришга бордим. Токлару анорлар гуллаганмикин, дея бордим.
[12] Шоҳона аравада ўтиргандай, Ҳаяжондан титрар эдим.