[1] Қандай гўзалсан, эй севгилим, Қанчалик гўзалсан! Чачвонинг ортидаги кўзларинг Кабутарлардай мулойимдир. Гилад қирларидан ёйилиб тушаётган Қоп–қора қўйлардайдир сенинг сочларинг.
[2] Ювиб–таралган, жуни қирқиладиган, Оппоқ эчкилардайдир сенинг тишларинг. Ҳар бирининг эгизи бор, Ўрни ҳеч бўш қолмаган.
[3] Лабларинг қирмизи ғунчалардайдир, Оғзинг ҳам жуда гўзал. Чачвонинг ортидаги ёноқларинг эса Анорлардай қип–қизил.
[4] Бўйнинг тик қурилган Довуд минорасидай, Маржонларинг тизим–тизим, Жангчиларнинг мингларча қалқонларидайдир.
[5] Кўкракларинг эгизак кийиклардайдир. Ҳа, нилуфарлар орасида ўтлайдиган Икки кийикдайдир улар.
[6] Қоронғилик чекинмасдан олдин, Тонг отмай туриб, Ўша хушбўй мирра тоғига, Зираворлар қирига чиқаман.
[7] Ҳар жиҳатдан гўзалдирсан, севгилим, Сенда ҳеч қандай нуқсон йўқ.
[8] Кела қол, келинчагим, Лубнондан менга кел. Эмона ва Санир тоғларидан, Хермон тоғларию шерлар маконидан, Қоплонларнинг масканидан туш.
[9] Эй жоним, келинчагим, Қалбимни асир қилдинг. Кўзларингнинг нигоҳи билан, Бўйнингдаги маржонинг билан Қалбимни асир қилдинг.
[10] Севгинг қандай шириндир, Эй жоним, келинчагим. Сенинг севгинг шаробдан ҳам яхшироқдир. Атир мойларинг эса Ҳар қандай зиравордан ҳам хушбўйроқдир.
[11] Келинчагим, лабларингдан бол томар. Асал ва сут тилинг остида, Кийимларинг ҳиди Лубнон ҳидига ўхшар.
[12] Жоним менинг, келинчагим. Қулфланган боғ, девор билан ўралган булоқдайсан, Ёпиб қўйилган чашмадайсан сен.
[13] Аъло мевалар берадиган Анор боғига ўхшайсан. Бу боғда хина ва сунбуллар ўсади.
[14] Ҳа, бу боғда сунбулу заъфарон, Хушбўй қамиш ва долчин, Ҳар хил хушбўй дарахтлар, Мирра ва алоэ, Энг аъло зираворлар ўсади.
[15] Севгилим, сен боғдаги чашмага, Ҳаётбахш сув булоғига ўхшайсан. Лубнон тоғларининг оқар сувларидайсан.
[16] Эй шимол шабадаси, қўзғал, Жануб шамоли, келгин! Боғимда эсгин, Токи боғимнинг хушбўй ҳидлари Ҳамма жойга таралсин. Севгилим ўз боғига келиб, Аъло меваларидан есин.