[1] Қайтгин, қайтиб келгин, эй Шуламлик қиз! Қайтиб кел, сени яна бир бор кўрайлик. Нима учун бу Шуламлик қизга қарайсизлар?! У икки қатор қизлар орасида рақсга тушяптими?!
[2] Эй маликага ўхшаган қиз! Кафш кийган оёқларинг қандай чиройли! Дўмбоқ сонларинг жавоҳирлардай, Худди моҳир устанинг қўли билан ишлангандай!
[3] Доимо хушбўй шаробга тўла бўлган, Дум–думалоқ косадайдир сенинг киндигинг. Юмалоқ қорнинг эса нилуфарлар билан ўралган, Тилларанг буғдой уюми кабидир.
[4] Кўкракларинг эгизак кийиклардайдир.
[5] Фил суягидан қурилган минорадай гўзалдир бўйнинг, Батрабим дарвозаси ёнидаги Хашбон булоқларидай ёрқиндир кўзларинг. Бурнинг эса Дамашқ шаҳрига қараган Лубнон минорасидай текисдир.
[6] Бошинг Кармил тоғидай баланд туради, Сочинг кимхобдай гўзал, Ҳатто шоҳ ҳам унга асирдир.
[7] Қандай гўзал ва хушрўйсан, Ҳузурбахш севгилим менинг.
[8] Пальма дарахтидай савлатлисан, Кўкракларинг унинг меваларидай тўлиқдир.
[9] Мен шундай дедим: “Пальма дарахтига чиқиб, Меваларидан ушлайман.” Кўкракларинг мен учун узумдай мазали, Нафасинг эса олмалардай ширин бўлсин.
[10] Ўпичларинг энг аъло шаробдай шириндир, Бундай шароб лаб ва тишлар орасидан текис ўтади.
[11] Мен севгилимникиман, У фақат мени қўмсайди.
[12] Келгин, севгилим, далаларга борайлик. Хина гуллари орасида ётиб қолайлик.
[13] Вақтли туриб, узумзорларга кирайлик. Улар гулга кирдимикин?! Токлару анорлар гуллаганмикин?! Ўша ерда мен сенга ўз севгимни тўла кўрсатаман.
[14] Меҳригиёлар ҳид таратиб турибди. Эшигимиз тепасига ҳар хил мевалардан осиб, Сен учун сақлаб қўйдим, севгилим.