Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 2:59

[1] Мен Шарон атиргулиман, Водийлар нилуфариман.

[2] Менинг севгилим қизлар орасида, Тиканлар орасидаги нилуфар гулидайдир!

[3] Менинг севгилим йигитлар орасида, Ўрмон дарахтлари орасидаги олма дарахтидай ажралиб турар. Мен унинг соясида ўтириб завқ оламан, Унинг меваси жуда шириндир.

[4] У мени ўз меҳмонхонасига олиб кирди, Мени ўз севгиси билан қоплади.

[5] Майизлар едириб, менга куч бергин, Олмалар билан қувватга тўлдиргин, Ахир, севгилимнинг ишқи дардида ёнмоқдаман.

[6] Унинг чап қўли бошим остидадир, Ўнг қўли билан эса мени қучоқлайди!

[7] Эй Қуддус қизлари, Кийигу ёввойи оҳулар ҳақи онт ичинг. Вақт–соати келмагунча, Севгини қўзғатманг, уйғотманг.

[8] Севгилим овози эшитиляпти, Ана қаранглар, у келяпти. Тоғлару қирлар оша келяпти.

[9] Севгилим оҳудай, ёш кийикдайдир. Мана, у девор ортида турибди. Ойналардан мўралаб, Панжаралар орасидан қараб турибди.

[10] Севгилим менга шундай дейди: “Тура қол, севгилим, оппоғим, Мен билан юргин.

[11] Мана қиш ўтди, ёмғирлар тўхтади.

[12] Ер юзи гуллар билан қопланмоқда, Юрт бўйлаб кабутарлар куйи эшитилмоқда, Қўшиқ куйлаш вақти етиб келди.

[13] Анжир мева тугишни бошлади, Токлар ҳам гулга кирди. Улар хушбўй ҳидларини таратмоқда. Тура қол, севгилим, оппоғим, Мен билан юргин.”

[14] Севгилим, сен тоғларда яшайдиган, Қояларда яширинадиган кабутардайсан. Юзингни кўрсатгин, овозингни эшитай. Овозинг жуда ширин, юзинг гўзалдир.

[15] Қаранг, узумзоримиз гуллаб ётибди, Кичкина тулкиларни ушланглар. Ахир, улар узумзорларни вайрон қилади.

[16] Севгилим меникидир, мен эса уникиман, У нилуфарлар териб, ўз боғидан завқ олади.

[17] Тонг отмай туриб, бора қол, жоним. Баланд тоғларда сакрайдиган оҳу, кийикдай бўлиб, Қоронғилик чекинмасдан олдин, қайтиб кета қол.

Сулаймон пайғамбарнинг гўзал қўшиғи — Chapters