[1] Самария аҳолиси ўз Худосига қарши бош кўтарди, Энди улар гуноҳининг жазосини тортади. Улар қиличдан ҳалок бўлади, Гўдакларини душманлар ерга уриб ўлдиради, Ҳомиладор аёлларнинг қоринларини ёради.
[2] Эй Исроил, Эганг Худога қайтгин! Ахир, гуноҳ туфайли сен қуладинг.
[3] Гапингни тайёрлаб, Эгамизга қайт. Сен Унга шундай деб айт: “Гуноҳларимиздан кечиб юборгин, Ибодатимизни қабул қилгин. Қурбонгоҳингда буқаларни қурбонлик қилгандай, Биз Сенга мадҳиямизни назр қиламиз.
[4] Оссурия бизга нажот бермайди, Биз жанговар отларга минмаймиз. Қўл билан ясалган бутларни Энди биз «худоларимиз» деб атамаймиз. Эй Эгамиз, биз — етимларга Фақат Сен раҳм–шафқат қиласан.”
[5] Эгамиз шундай дейди: “Мен халқимга шифо бериб, Уларни бевафоликдан қайтараман, Уларга қайта кўнгил қўяман, Мен жаҳлдан тушдим.
[6] Мен Исроил учун шудрингдай бўламан, Шунда Исроил нилуфардай очилади, Лубнон ўрмонидай томир отади.
[7] Уларнинг новдалари ўсиб чиқади, Зайтун дарахтидек кўркам бўлади, Лубнон садридай муаттар ҳид таратади.
[8] Уларнинг соясида халқлар яшайди. Исроил мўл буғдой етиштиради, Улар узумзордай кўп ҳосил беришади, Лубнон шаробидай машҳур бўлишади.
[9] Эй Эфрайим, Мен бутларингга асло ўхшамайман! Сенинг ибодатларингга жавоб бераман, Сенга ғамхўрлик қиламан. Мен доим яшил сарв дарахти кабидирман, Олган мўл ҳосилингнинг манбаидирман.”
[10] Ким доно бўлса, Бу ерда ёзилган сўзларни тушунади, Ким фаҳм–фаросатли бўлса, Буларнинг ҳаммасини англаб олади. Эгамизнинг йўллари тўғридир. Солиҳлар Унинг йўлларидан юради, Исёнчилар эса қоқилиб тушади.