[1] Патувал ўғли Йўэлга Эгамиз шу сўзларни аён қилди:
[2] Эй оқсоқоллар, буни эшитинг! Яҳудо одамлари, сиз қулоқ тутинг! Юз берганми ҳеч бундай фалокат Сизнинг ёки ота–боболарингиз замонида?!
[3] Бу ҳақда фарзандларингизга айтинг сиз, Болаларига сўзлаб берсин фарзандларингиз, Кейинги авлодга етказсин набираларингиз.
[4] Қирғин келтирувчи чигирткадан қолганини Еб битирди кемирувчи чигиртка галаси. Кемирувчи чигиртка галасидан қолганини Еб битирди сакрайдиган чигиртка галаси. Сакрайдиган чигирткадан қолганини Еб битирди қиртишловчи чигиртка галаси.
[5] Уйғонинглар, эй майхўрлар, йиғланглар! Эй шаробхўрлар, фарёд қилинглар! Шароб оғзингиздан тортиб олинди, ахир.
[6] Бостириб келди юртимизга лашкарлар, Сон–саноқсиз кучли баҳодирлар. Арслон тишига ўхшар тишлари, Гўё урғочи арслонники қозиқ тишлари.
[7] Узумзорларимизни улар пайҳон қилишди, Анжир дарахтларимизни синдиришди, Шохларию новдалар пўстлоғини шилиб, Ҳаммасини шип–шийдам қилишди.
[8] Қанорга ўранинг, эй одамлар, фарёд қилинг, Куёвидан жудо бўлган келинчак каби.
[9] Эгамиз уйидан узилган шароб, дон назри, Аза тутаётир Эгамизнинг хизматкор руҳонийлари.
[10] Хароб бўлди экинзорлар, Мотам тутаётир далалар. Буғдой бошоқлари қовжираб қолди, Узум шарбати ҳам оқмай тўхтади, Зайтун мойи ҳам тамом қуриди.
[11] Қайғурмайсизларми, эй деҳқонлар?! Фарёд солмайсизларми, эй боғбонлар?! Нобуд бўлиб кетди–ку арпа, буғдойингиз, Хароб бўлиб кетди–ку жамики ҳосилингиз.
[12] Узум токи сўлиди, анжир дарахти қуриди. Хазон бўлди анор, хурмо, олма — ҳамма дарахтлар. Инсон севинчи тамом қуриб битди!
[13] Қанорга ўраниб мотам тутинг, эй руҳонийлар! Фарёд қилинг қурбонгоҳда хизмат қиладиганлар! Тунни ҳам қанорда ўтказинг сизлар, Эй Худойимнинг хизматида юрганлар! Худойингиз уйида назр қилгани Дон ва шароб қолмади, ахир.
[14] Рўза кунларини белгиланглар, Ўша кунларга йиғин эълон қилинглар. Йиғиб келинглар оқсоқолларни, Юртнинг жамики аҳолисини. Эгангиз Худонинг уйига йиғинглар, Эгамизга илтижо қилиб ёлворинглар!
[15] Шўримиз қурсин, эвоҳ! Эгамизнинг кунига оз қолди, Қодир Худо кулфат келтиради!
[16] Ризқ–рўзимиз кўз ўнгимизда қирқилди–ку! Худойимиз уйида шод–хуррамлик тугади–ку!
[17] Кесаклар тагида уруғлар нобуд бўлди, Донли экинлар унмасдан қолди. Омборхоналар бўм–бўш ётибди, Дон омборлари хароб бўлибди.
[18] Инграмоқда ҳайвонлар нақадар! Ахир, қуриган–ку ўтлоқлар. Дайдиб юрар мол подалари, Гангиган ҳатто қўй сурувлари.
[19] Эй Эгам, Сенга мен фарёд қиларман! Ахир, олов ямлади даштдаги яйловларни, Ёнғин йўқ қилди даладаги дарахтларни.
[20] Ҳатто ёввойи ҳайвонлар ҳам Сенга нола қилмоқда! Ахир, ирмоқлар ҳам қуриб кетди, Даштдаги яйловларни олов ямлади.