[1] Яҳудо юртида шоҳлар Уззиё, Йўтом, Охоз ва Ҳизқиё ҳукмронлик қилган даврларда Исроил тахтида Ёҳўш ўғли Ёрубом ўтирган эди. Ўша вақт мобайнида Бэри ўғли Хўшеяга Эгамиз Ўз сўзларини аён қилди.
[2] Эгамиз дастлаб Хўшея орқали Исроил халқига гапиришни бошлаганда, унга шундай деган эди: “Бориб фоҳиша аёлга уйлан, у сенга бегона эркаклардан орттирган фарзандлар туғиб беради. Зотан, Менинг халқим ҳам фоҳишага ўхшайди. Улар Мен, Эгангизга бевафолик қилиб, бегона худоларга сажда қилишмоқда.”
[3] Хўшея Диблайим қизи Гўмерага уйланди. Гўмера ҳомиладор бўлиб, Хўшеяга ўғил туғиб берди.
[4] Эгамиз Хўшеяга деди: “Ўғлингнинг исмини Йизрил қўй. Чунки Ёҳу қандай қилиб Йизрилда қон тўккан бўлса, тез орада Ёҳунинг хонадонини ҳам ўша аҳволга солиб, йўқ қиламан. Исроил шоҳлиги барҳам топади.
[5] Ўша даврда Мен Йизрил водийсида Исроилнинг камону ўқларини синдираман.”
[6] Гўмера яна ҳомиладор бўлиб, қиз туғди. Эгамиз Хўшеяга деди: “Қизингнинг исмини Лўруҳамо, яъни «Раҳмдан бебаҳра» деб қўй. Чунки бундан буён Мен Исроил халқига раҳм қилмайман, уларни кечирмайман.
[7] Яҳудо халқига эса раҳм қиламан, уларга нажот бераман. Қиличу камон, жанг–жадал, отлару чавандозлар билан эмас, Ўз қудратим билан уларни қутқараман. Зотан, Мен уларнинг Эгаси Худоман!”
[8] Гўмера қизини кўкракдан чиқаргач, яна ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди.
[9] Эгамиз Хўшеяга деди: “Ўғлингнинг исмини Лўёми, яъни «Халқим эмас» деб қўй. Чунки Исроил халқи энди Менинг халқим эмас, Мен эса уларнинг Худоси эмасман.
[10] Аммо шундай вақтлар келадики, Исроил халқи денгиздаги қум каби бўлади, уларни на санаб, на ўлчаб бўлади. Уларга: «Халқим эмас», деб айтилган бўлса, келажакда улар: «Барҳаёт Худонинг фарзандлари» деб аталади.
[11] Яҳудо ва Исроил халқлари қайта бирлашадилар. Улар ўзларига бир йўлбошчи танлайдилар. Ўз юртида туп қўйиб, палак отадилар. Ҳа, Йизрилнинг — «Худо эккан» халқнинг куни улуғ бир кун бўлади.”