[1] Эгамиз шундай дейди: “Илгари Эфрайим гапирганда ҳаммани титроқ босарди, Исроилда унинг мартабаси улуғ эди. Аммо Эфрайим Баалга сажда қилиб, гуноҳ орттирди, Шундай қилиб, ўзини ўлимга маҳкум этди.
[2] Ҳозир ҳам халқим гуноҳ устига гуноҳ қилишар. Ўзларига бутлар ясашар, Кумушдан маҳорат билан санамлар ишлашар, Буларнинг барчаси бор–йўғи ҳунарманднинг иши–ку! Менинг халқимга шундай деб айтишяпти: «Бутларга қурбонликлар келтиринглар! Олтин бузоқларни ўпинглар!»
[3] Шунинг учун улар тонгги тумандай бўлади, Бирпасда ғойиб бўладиган шудрингга ўхшаб қолади. Шамол хирмондан учирган тўпондай улар ғойиб бўлади, Мўридан чиқадиган тутунга ўхшаб қолади.
[4] Аммо Эгангиз Худо — Менман. Эй Исроил, сени Мисрдан олиб чиққанман. Мендан бошқа Худони сен билмайсан, Мендан бошқа йўқдир нажоткоринг.
[5] Мен саҳрода сенга ғамхўрлик қилдим, Сувсиз қақраган чўлда сени боқдим.
[6] Серҳосил ўлкада қорнингни тўйғиздим, Аммо қорнинг тўйгач, манман бўлиб кетдинг, Шу сабабдан сен Мени унутдинг.
[7] Энди Мен йўлингни қоплондай пойлайман, Сенга бир шердай ҳужум қиламан.
[8] Болаларидан айрилган она айиқ каби ташланаман, Сени тилка–пора қиламан. Ўша жойдаёқ сени шердай ғажийман, Йиртқичга ўхшаб сени қонга белайман.
[9] Эй Исроил, ўз бошингга ўзинг бало орттирдинг, Ахир, Менга — Ўз Мададкорингга қарши чиқдинг.
[10] Шаҳарларингни қутқарадиган шоҳинг қани?! «Бизга шоҳу ҳокимлар бер», деб сўраган бошлиқларинг қани?!
[11] Мен жаҳл устида сенга шоҳларни бердим, Ғазабга минганимда уларни олиб ташладим.
[12] Эфрайимнинг жинояти ёзиб қўйилган, Ҳа, унинг гуноҳи китобга битилган.
[13] Исроилнинг яшашга имконияти бор эди, Аммо у нодон болага ўхшади, Онани тўлғоқ тутганда, У қориндан чиқишни хоҳламади.
[14] Мен бу халқни ўликлар диёридан қутқарармиканман?! Уларни ўлимдан халос қилармиканман?! Эй ўлим, қирғин олиб келгин! Эй ўликлар диёри, ҳалокатли кучингни кўрсатгин! Энди Мен раҳм–шафқат қилмайман.”
[15] Исроил қариндошлари орасида Серпушт ва фаровон бўлса–да, Эгамиз унинг устига шарқ шамолини юборади, Саҳродан эсган гармселни жўнатади. Исроилнинг булоғини қуритади, Унинг чашмасини қовжиратади. Хазинасидаги қимматбаҳо зийнатларини тортиб олади.