[1] Исроил гуркираган, Ҳосилдор ток кабидир. Аммо ҳосили кўпайгани сари, У кўплаб қурбонгоҳлар қурди. Юрти равнақ топгани сари, Бутсимон тошларига зеб берди.
[2] Садоқатсиз бу халқ энди таъзирини ейди. Эгамиз қурбонгоҳларини вайрон қилади, Бутсимон тошларини синдириб ташлайди.
[3] Кўп ўтмай улар айтишади: “Биз Эгамиздан қўрқмадик, Шунинг учун шоҳимиздан айрилиб қолдик. Аммо шоҳнинг қўлидан нима ҳам келарди?!”
[4] Улар бемаъни гаплар гапирмоқда, Сохта қасамлар ичиб, аҳдлар тузишмоқда. Натижада эгатлардаги заҳарли ўтдай, Даъволар униб чиқмоқда.
[5] Самария аҳли Байт–Обундаги Олтин бузоғидан хавотир олади, Унинг учун улар аза тутишади. Бутидан хурсанд бўлган руҳонийлар ҳам Бут сургун бўлганидан йиғлашади.
[6] Бутнинг ўзи Оссурияга олиб кетилади, Буюк шоҳга тақдим қилинади. Эфрайим шарманда бўлади, Умидини бутга боғлагани учун Исроил уятга қолади.
[7] Самария шоҳи сувга ғарқ бўлган пайраҳадай Ҳалок бўлади.
[8] Исроилнинг гуноҳига сабаб бўлган Обундаги саждагоҳлар йўқ қилинади. Қурбонгоҳларини янтоғу тикан босади. Одамлар тоғларга: “Бизни босиб қолинглар!” дея бақиришади. Қирларга: “Устимизга қуланглар!” деб ёлворишади.
[9] Эгамиз шундай демоқда: “Эй Исроил, сен Гивода гуноҳ қила бошладинг, Ўша ерда гуноҳдан чиқмай қолди сенинг бошинг. Гиводаги жиноятчилар жазосини олгандай, Сен ҳам жазодан қочиб қутула олмайсан.
[10] Мен хоҳлаган пайтимда жазоингни бераман. Сенга қарши халқларни бирлаштираман. Икки баробар кўпайган жиноятларинг учун Душманлар сенга кишан солади.
[11] Эфрайим ўргатилган бузоққа ўхшарди, Янчишни у хўп яхши кўрарди. Мана энди унинг гўзал бўйнига, Мен бўйинтуруқ тақаман. Энди унга омоч торттираман. Қани, Яҳудо шудгор қилсин! Эфрайим ўзи учун мола боссин!
[12] Эй Исроил, ўзингиз учун солиҳлик уруғини экинг, Чексиз севгини ўриб олинг. Ҳайдалмаган ерингизга ишлов беринг, Вақт келди! Мен, Эгангизга интилинг! Шунда Мен олдингизга бораман, Ёмғир ёғдиргандай, сизга нажот бераман.
[13] Сен ёвузликни экдинг, Адолатсизликни ўриб олдинг, Ёлғоннинг мевасидан единг. Сен ўз кучингга таянганинг учун, Сон–саноқсиз сипоҳларингга ишонганинг учун,
[14] Жангу жадаллар сени четлаб ўтмайди. Шоҳ Шалман Байт–Арбэлни жангда вайрон қилгандай, Хотинларни бола–чақалари билан тошга уриб ўлдиргандай, Ҳамма шаҳарларинг вайрон бўлади.
[15] Эй Байтил, сен қабиҳликлар қилганинг учун, Бу кунлар бошингга тушади. Тонг отгач, эй Исроил, шоҳинг ўлдирилади.”