[1] Бу халқ шундай дейди: “Келинглар, Эгамизга қайтайлик! У бизни тилка–пора қилди, Шифони ҳам Ўзи беради. Бизни ярадор қилди, Яраларимизни Ўзи боғлайди.
[2] Унинг ҳузурида яшай олишимиз учун, Икки кунда бизни ҳаётга қайтаради, Учинчи куни оёғимизга турғизади.
[3] Келинглар, Эгамизни билишга интилайлик. Тонг отиши муқаррар бўлгандай, У албатта бизга зоҳир бўлади, Куз ва баҳорда ёмғир ёғиши табиий бўлгандай, У албатта олдимизга келади.”
[4] Эгамиз шундай дейди: “Сени нима қилай, эй Эфрайим?! Сени нима қилай, эй Яҳудо?! Сенинг севгинг тонгдаги тумандай тез ғойиб бўлар, Саҳардаги шудринг каби буғланиб кетар.
[5] Шунинг учун сўзларим билан сени ўлгудай саваладим, Пайғамбарларим орқали сени чопиб ташладим. Чиқарган ҳукмим чақмоқ каби сени уради.
[6] Зеро, Мен қурбонликни эмас, Раҳм–шафқатни истайман, Куйдирилган қурбонликларни эмас, Мени таниб–билишингни афзал кўраман.
[7] Халқим Одам Атодай аҳдни бузди, Эвоҳ, Менга бевафолик қилди.
[8] Гилад — ёвузларнинг шаҳридир, Кўчалари қон доғларига тўладир.
[9] Руҳонийлар қароқчиларга ўхшайди, Улар пистирмада ётиб, қурбонини пойлашади. Шакам шаҳри йўлида қотилликлар қилишади, Ҳа, улар мудҳиш жиноятларга қўл урди.
[10] Мен Исроилда даҳшатли ҳодисани кўрдим: Эфрайим бевафолик қилди! Исроил ўзини булғади!
[11] Эй Яҳудо, сен учун ҳам ўрим пайти белгиланди. Мен халқимни яна фаровонликка эриштирмоқчи бўлганимда,