[1] Эгамиз шундай дейди: “Эй руҳонийлар, эшитинг буни! Диққат қилгин, Исроил халқи! Қулоқ солгин, шоҳ хонадони! Сизнинг устингиздан ҳукм кетяпти. Сизлар Миспахда одамлар учун тузоқ бўлдингиз, Товур тоғида ёйилган тўр бўлдингиз.
[2] Қабиҳ ишларга ботиб кетдингиз! Мен ҳаммангизнинг адабингизни бераман.
[3] Эй Эфрайим, жуда яхши биламан сени, Исроил, Мендан яшира олмассан ўз қилмишингни. Сен, Эфрайим, Худога бевафо бўлдинг, Эй Исроил, ўзингни ҳаром қилдинг.
[4] Мен Худойингман, Аммо қилмишларинг Менга қайтиб келишингга йўл қўймас. Мен, ўз Эгангни сен билмайсан, Чунки қалбинг шаҳватга тўлган.”
[5] Исроилнинг мағрурлиги ўзига қарши гувоҳлик беряпти, У жиноятлари туфайли қулайди. Яҳудо ҳам у билан бирга йиқилади.
[6] Исроил Эгамизнинг илтифотини излайди, Қўй–молларини қурбонлик қилади, Аммо Эгамизни топа олмайди, Чунки Эгамиз уни тарк этган.
[7] У Эгамизга хиёнат қилди, Бегоналардан никоҳсиз болалар туғди. Кўп ўтмай у мулки билан бирга хароб бўлади.
[8] Эгамиз шундай дейди: “Бурғу чалинг Гивода! Карнай чалинг Рамада! Байт–Обунда бонг уринг! Эй Бенямин, ортингдан душман келяпти!
[9] Жазо куни Эфрайим хароб бўлади. Исроил қабилаларига эълон қилган бу сўзларим Албатта рўёбга чиқади.
[10] Яҳудо шаҳзодалари чегарани бузган фирибгарларга ўхшайди, Мен уларнинг устига Ўз қаҳримни жаладай ёғдираман.
[11] Ахир, Эфрайим бутларга эргашишни афзал кўрди, Энди у эзилиб, ҳукмга бардош бера олмайди.
[12] Мен Эфрайимни куядай емираман, Яҳудо халқини қуртдай кемираман.
[13] Эфрайим ўз бетоблигини тушунгач, Яҳудо ўз яраларини кўргач, Эфрайим Оссурияга борди, Буюк шоҳни ёрдамга чақирди. Аммо шоҳ уларни даволай олмайди, Яраларига шифо бера олмайди.
[14] Мен Эфрайимга шердай ҳужум қиламан, Яҳудо халқига ёш арслондай ташланаман. Уларни Ўзим тилка–пора қиламан, Судраб, Ўзим билан олиб кетаман. Уларни ҳеч ким халос эта олмас.
[15] Улар ўз айбини бўйнига олгунча, Чин дилдан Менга интилгунча, Мен Ўз маконимга қайтиб кетаман. Балки қайғули дамларида улар Менга қайтишар.”