Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:44

[1] Эгамиз шундай дейди: “Қани бўлинг, бонг уринг! Душман бургутдай хонадонимга ҳужум қилмоқда. Ахир, халқим аҳдимни барбод қилди, Улар қонунимни бузди.

[2] Исроил халқи Менга фарёд қилади: «Эй Худойим, Сени тан оламиз», деб айтади.

[3] Ўзлари эса эзгуликни рад этишди, Душманлар уларни таъқиб қилади.

[4] Улар розилигимни сўрамай шоҳлар танлашди, Ижозатимни олмай, мулозимлар тайинлашди. Олтину кумушларидан бутлар ясашди, Шу орқали бошларига ҳалокат келтиришди.

[5] Самарияликларнинг олтин бузоғини Мен рад этдим! Уларга қарши аланга олгандир Менинг ғазабим. Қачон улар ўзларини поклаб олишади?

[6] Бутни Исроиллик ҳунарманд ясаган–ку, Бут Худо эмас! Самария шаҳрининг бузоғи парчаланиб ташланади.

[7] Шамолни эккан одам бўронни ўриб олар. Буғдой бошоқсиз бўлса, халқ нонга зор бўлар. Буғдойингиз бошоқ туккан тақдирда ҳам, Уни бегоналар еб адо қилар.

[8] Бошқа халқлар орасида Исроил адо бўлди, Қадрсиз сопол идишга у ўхшаб қолди.

[9] Ёлғиз дайдиган қулондай у, Оссурияга ёрдам сўраб борди. Эфрайим ўзини ўйнашларига сотди.

[10] У бошқа халқларга сотилган бўлса ҳам, Мен уни йиғиб оламан. Оссурия шоҳининг зулми остида У тезда хазон бўлади.

[11] Эфрайим гуноҳларини ювмоқчи бўлди, Қурбонгоҳлар қуриб ташлади. Қурбонгоҳлар эса гуноҳ макони бўлиб қолди.

[12] Мен бу халққа кўплаб қонунлар ёздим, Бироқ қонунларимни улар ёт деб билади.

[13] Улар Мен, Эгасига аъло қурбонликлар келтиришса ҳам, Қурбонлик гўштидан тановул қилишса ҳам, Мен улардан мамнун бўлмайман. Мен жиноятларини эсга оламан, Гуноҳлари учун жазосини бераман. Улар Мисрга қайтиб кетади.

[14] Исроил ўз Яратувчисини унутиб, саройлар қурди. Яҳудо кўплаб шаҳарларни мустаҳкам қилди. Мен эса шаҳарларига ўт қўяман, Қалъаларини оловга ем қиламан.”

Хўшея пайғамбарнинг китоби — Chapters