[1] Мен яна бу дунёда бўлаётган зулмни кўрдим. Мана эзилганларнинг кўз ёшлари, лекин уларнинг юпатувчиси йўқ. Уларга зулм қилаётганларида куч бор, эзилганларнинг эса юпатувчиси йўқ.
[2] Шунда мен: “Марҳумлар тириклардан бахтлироқдир”, дедим.
[3] Аммо ҳали туғилмаганлар марҳумлардан ҳам бахтлироқдир, чунки улар бу дунёда қилинаётган қайғули ишларни кўрмаганлар.
[4] Мен яна бир нарсани кўрдим: инсон ҳамма ишни моҳирлик билан қилади, лекин бу ишни бировга ғайирлик билан қилса, бу ҳам беҳуда, шамол орқасидан қувишдайдир. Аммо:
[5] Нодон қўлларини қовуштириб ўтириб ўзини ўзи хароб қилади.
[6] Вақтни елга совуриб, машаққатли меҳнат билан икки ҳовуч нарсага эришиш мумкин, лекин хотиржамлик билан бир ҳовуч нарсага эга бўлиш ундан афзалроқдир.
[7] Бу дунёда яна бир беҳудаликни кўрдим.
[8] Мана, бир киши — ёлғиз, унинг фарзандлари ҳам, ака–укалари ҳам йўқ. У тиним билмай меҳнат қилади, кўзи эса бойликка тўймайди. У: “Ким учун ишлаяпман, нима учун ўзимни роҳат қилишдан қисяпман?!” демайди. Бу ҳам беҳудадир, қайғули ишдир.
[9] Икки киши бир кишидан кўпроқ иш бажара олади, улар ўз меҳнатлари учун яхши тақдирланадилар.
[10] Агар биттаси йиқилса, иккинчиси турғизади, лекин ёлғиз бўлганнинг аҳволи чатоқдир, у йиқилса, турғизишга ёнида ҳеч ким бўлмайди.
[11] Икки киши бирга ётса, совуқ қотмайдилар, агар киши бир ўзи ётса қандай қилиб исинади?!
[12] Киши бир ўзи бўлса, уни йиқитиш осон, лекин икки киши ўзларини ҳимоя қила олади. Учта ипдан эшилган арқонни узиш қийиндир.
[13] Қари, маслаҳатга қулоқ солмайдиган нодон шоҳдан камбағал, лекин доно бўлган йигит яхшироқдир.
[14] Шунга ўхшаш бир йигит ўз юртида камбағал бўлиб туғилиб, қарзини тўлай олмай қамоққа тушиб қолиши мумкин. Лекин қамоқдан чиққандан кейин келажакда шоҳ бўлиши ҳам мумкин.
[15] Шоҳнинг вориси бўлган ўша йигитни қўллаб–қувватлашга тайёр бўлган, мана шу дунёда яшаётганларни кўрдим.
[16] Унга эргашганлар сон–саноқсиз бўлиб кетиши, унинг обрўси ортиши мумкин. Шундай бўлса ҳам, келажак авлод уни рад қилади. Ҳа, бу ҳам беҳуда экан, шамолнинг орқасидан қувишдай экан.
[17] Худонинг уйига борганда қадамингизни ўйлаб босинг. Нодонлардай ҳаракат қилмасдан, аксинча, қулоқ солиш учун боринглар. Нодонлар Худога ўйламасдан қурбонлик келтирадилар. Ўйламасдан, бепарволик билан қурбонлик келтириш фосиқлик эканлигини эса тан олмайдилар.