[1] Ўлик пашшалар хушбўй мойни саситиб юборади, шунингдек, озгина аҳмоқлик кўп доноликдан оғирроқ чиқади.
[2] Дононинг юраги ўнгга — тўғри ишларни қилишга, нодонники эса чапга — фосиқликка тортади.
[3] Аҳмоқлар ақли етмай, қилган қилиқлари билан ҳам ҳаммага аҳмоқлигини кўрсатади.
[4] Агар ҳукмдорнинг сендан жаҳли чиқса, жойингни ташлаб кетмагин, чунки вазминлик туфайли хафагарчиликлар ҳам босилиб кетади.
[5] Мана мен бу дунёда кўрган фожиа, ҳукмдордан бошланган катта хато:
[6] аҳмоқлар баланд лавозимга кўтарилади, бойлар эса пастда ўтиришади.
[7] Мен яна шуни кўрдим: зодагонлар худди қуллардай пиёда юрганда, қуллар отда юрарди.
[8] Чуқур қазиганнинг ўзи унга тушиши, деворни бузганни эса илон чақиши мумкин.
[9] Тош кесган ўзига зарар етказиши, хода ёрган эса оғриққа дучор бўлиши мумкин.
[10] Агар болта ўтмас бўлса–ю, уни ўткирламасанг, уни ишлатиш учун кўпроқ куч керак бўлади. Мана, доноликдан қандай фойда бор экан.
[11] Аммо илон ўйнатилмасдан олдин чақиб олса, илон ўйнатувчига донишмандликнинг нима фойдаси бор?!
[12] Доноларнинг сўзлари уларга ҳурмат келтиради, нодонларнинг сўзлари эса ўзларини ҳалок қилади.
[13] Уларнинг сўзлари аҳмоқлик билан бошланиб, ғирт телбалик билан тугайди,
[14] шунда ҳам аҳмоқлар гапираверадилар. Ҳеч ким нима бўлишини билмайди, ким бизга келажакни айтиб бера олади?!
[15] Нодоннинг ҳаракатлари уни жуда чарчатади, чунки у шунчалик аҳмоқки, шаҳарга борадиган йўлни ҳам қайта топа олмайди.
[16] Эй шоҳи ёш бўлган, ҳукмдорлари эрталабдан зиёфат қиладиган юрт, сенга афсус–надоматлар бўлсин.
[17] Шоҳи асилзода бўлган, ҳукмдорлари майхўрлик учун эмас, куч тўплаш учун ўз вақтида зиёфат қиладиган юрт бахтлидир.
[18] Дангасаликдан уйнинг томи чўкади, Ялқовлик туфайли томдан чакки ўтади.
[19] Зиёфат берилганда кўнгил шодликка тўлади, Шароб инсонни хушнуд этади. Лекин иккаласи учун ҳам пул керак.
[20] Ҳатто сирдош дўстларинг орасида ҳам шоҳни лаънатлама, ўз ётоқхонангда ҳам бойларни ёмонлама. Яхши гапнинг ҳам, ёмон гапнинг ҳам қаноти бордир. Осмондаги қуш сўзларингни етказиб бориши мумкин.